Оила ва хотин қизлар масалаларига масъуллар ҳаммани хавотирга солган қотилликка кескин муносабат билдира олмайдими?

02.02.2023 11:31

Ижтимоий тармоқларда фаоллар қатъий чора сўрашаётган бир вақтда, оила ва хотин-қизлар масалаларига масъуллар жиддийроқ бирон муносабат билдира олишмаяпти. Мухбирларнинг бу борадаги саволига эса, аввалги йилларга қараганда жиноятлар кўлами камайгани-ю, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жазо тайинланиши ҳақидаги маълумотлар бериш билан чекланишди.

Сенатор Гулнора Маруфовадан 12 ёшли қиз билан боғлиқ ҳолат юзасидан муносабат сўралди. У эса энди қонунлар кучайтирилганлигини, бу йилги бундай ҳолатлар ўтган йилгига нисбатан икки баравар қисқарганини айтиб ўтди.

 

31 январь куни Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи 12 ёшли қизчанинг зўрлик ва қотиллик аломатлари билан ўз уйи яқинидан топилгани ҳақидаги воқеа содир бўлганига икки кун бўлаётганига қарамай, аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган ҳеч бир ташкилот ёки шахс бу воқеага расмий муносабат билдирмади.

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи масъуллар эса, халқаро пресс клубнинг «Барқарор ривожланиш мақсадлари: Гендер тенглик» мавзусидаги махсус сессиясида бугунги кунда аёлларга яратилган имкониятларни, аёлларда боқимандалик кайфияти борлигини, аслида эса ҳаммаси яхши эканлигини таъкидлади. Асосий чиқишларда ижтимоий тармоқларда бир сутка олдин тарқалган воқеага ҳеч қандай муносабат билдирилмади, ҳатто бу воқеа эсланмади ҳам.

Мухбирнинг «Нега бу воқеага бефарқсиз, умуман ҳар доим шундай ҳолатларга аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот ёки масъуллар бефарқ бўлиб келган?» мазмунидаги саволидан сўнг, «Аёллар билан боғлиқ бундай ҳолатлар статистикаси Ички ишлар тизимида юритилади. Бизда йўқ. Бир кун олдин содир бўлган қизча воқеаси эса муқаддам судланган эркак киши томонидан содир этилган. Бунда ҳам хавфсизликни ҳимоя қилувчи ташкилотлар жавобгар бўлади», дея жавоб берди «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти директори, профессор Нодира Эгамбердиева.

Шунингдек, у ушбу ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳали албатта муносабат билдиришини, аммо аёлларга ишлатилаётган зўравонлик в бошқа қонундан ташқари ҳолатлар учун жамоатчилик доим хотин-қизлар қўмитасини масъул деб билиши, улар жавоб бериши керак деб ҳисоблаши хатолигини, аёлларнинг хавфсизлигини таъминловчи ташкилотлар ҳам ўз фикрларини билдириши кераклигини айтди.

Дунёда педофилияга қарши кураш қатъий принципларга кўра олиб борилади ва жазо чоралари ҳам анча жиддий.
Мисол учун, қўшни Қозоғистонда педофилларга нисбатан кастрация (бичиш) шаклида кескин жазо беришга рухсат бор. Улар АҚШда ҳам жуда қаттиқ режимдаги қамоқ жазосини олади ва кимёвий кастрация қилинади. Бизда эса ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш)нинг в ва з бандлари асосида жиноят иши очилган. Аммо бундан олдин шундай ҳолат бўлганида, 4 йилга қамалган эркак 9 ойда чиқиб келган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
11
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар