Уларнинг давлатга келтирган зиёни эса 1 триллиондан ортиқ. Мансабдорларнинг энг кўп содир этган жиноят тури ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон - торож қилиш саналади.
Бу рақамлар эълон қилинган бир вақтда Ўзбекистоннинг халқаро коррупцияга оид рейтингдаги мавқейи яхшилангани ҳам маълум қилинган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси мансабдор шахслар жиноятчилиги таҳлилини тақдим этди.
Унга кўра, 2022 йил давомида республика бўйича жами 2.965 та жиноят иши бўйича 3.116 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг катта қисми яъни 2.742 нафари қуйи ташкилотларда, аниқроқ айтганда туман (шаҳар) миқёсидаги идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Республика даражасидаги амалдорлардан 110 нафар, вилоят миқёсдаги мансабдорлардан эса 264 нафари қўлга тушган.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 2.103 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон - торож қилиш, 265 нафари мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш, 243 нафари фирибгарлик, 169 нафари порахўрлик, 51 нафари мансаб сохтакорлиги, 22 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 14 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 249 нафари бошқа жиноятларни содир этишган.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн. 12 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 847 млрд. сўми ундирилган.
Маълумот учун: Бугун Коррупцияга қарши кураш агентлиги Transparency International томонидан эълон қилинган 2022 йилги Коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича Ўзбекистон позицияси яхшиланганини қувонарли хабар сифатида бўлишган эди.
Унга кўра 180 та давлат орасида Ўзбекистон 31 балл билан 126-ўринни эгаллади.
«Аҳамиятлиси, мамлакатимиз балларини 3 тага ошириб, ўрнини 14 поғонага яхшилашга (2021 йилда 140 ўрин) муваффақ бўлди», дейилади агентлик хабарида.