Бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, бирлашмалар ўртасида йилнинг энг намуналилари сараланади.
Ўтган 2022 йилда оммавий ахборот воситаларида энг фаол ёритилган, тизимда очиқлик ва шаффофликни намоён этган, халқ билан ишлашда самарали натижаларга эришган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ўртасида анъанавий “ЙИЛ ТАНЛОВИ” сарҳисоб маросими бўлиб ўтади.
Танлов ижтимоий сўров ҳамда журналист ва блогерларнинг эътирофи асосида “Энг намунали вилоят”, “Энг намунали вазирлик”, “Энг намунали давлат ва жамоат ташкилоти”, “Энг намунали туман”, “2022 йилнинг етакчи партияси”, “Энг фаол депутат”, “Йилнинг медиа лидери”, “Йилнинг энг намунали матбуот котиби” ҳамда йил давомида халқнинг ишончини қозонган тижорат банклари каби номинациялар бўйича сараланади. Шунингдек, “ЙИЛ ОДАМИ” эълон қилинади.
Мазкур танловга айни пайтда ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда фаолияти кенг ёритилаётган, халқнинг кундалик турмушида кўп бора дуч келадиган, жамоатчилик томонидан эътироф этилаётган тизимлар саралаб олинган.
Танлов 3 босқичда бўлиб ўтди
I босқич:
“2022 йилнинг энг фаол депутати”, “Энг намунали туман” номинацияларида республикамизнинг барча туман ҳокимлари ва Олий Мажлис депутатлари фаолияти жамоатчилик овоз бериш йўли билан сараланди, ҳар бир ҳудуддан сўровномада энг кўп овоз тўплаган 3 та туман ва халқ эътирофига сазовор бўлган ҳар бир ҳудуддан 2 нафар депутат кейинги босқичга чиқди.
Бунда жамоатчилик сўровномаси асосида тўплаган овозлар ҳамда ҳар бир ҳудуддан танлаб олинган журналист ва блогерларнинг “Энг яхши туман”, “2022 йилнинг энг фаол депутати” деб эътироф этган танлови муҳим ўрин эгаллади.
II босқич:
Вазирлик, қўмита, уюшма, агентлик, жамоат ташкилотлари ва банклар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимликлари қатнашди. Шунингдек, биринчи босқичга чиққан туман ва фаол депутатлар иштирок этди.
Ҳар бир йўналиш бўйича Rost24.uz'нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали энг кўп овоз тўплаганлар учинчи босқичга ўтди.
III босқич:
Асосий босқич бўлиб биринчи ва иккинчи босқич ғолибларининг энг муносиблари курашди, улар журналист ва блогерлар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида аниқланади.
Натижалар бугун — 2022 йилнинг энг намунали давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳокимликлари, шунингдек, қўшимча рағбатлантирувчи номинациялар ғолиблари эълон қилинади. Барча совриндорлар махсус сертификат, танлов рамзий статуэткаси ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.