"Ma'rifat" газетаси бош муҳаррири Ҳусан Карвонли Rost24.uz ўтказаётган “Йил танлови” бўйича ўз номинантларини айтиб ўтди.
2022 йилнинг "Энг намунали" вазирлиги?
— Ташқи ишлар вазирлиги. Сабаби собиқ вазир Абдулазиз Комилов. Ўзбекистон Украинанинг яхлитлигини тан олади. ЛНР ва ДНР республикаларини, яъни ўзларини республика деб эълон қилганлигини тан олмайди. Ушбу фикрдан кейин "Энг яхши вазирлик" номинацияга муносиб кўраман.
2022 йилда яхши ишлай олмаган вазирлик?
— Ҳаммасини айтишимиз мумкин. Яхши ишлай олмагани учун мана кўпчилик қисқариб, қўшилиб кетди. Лекин айни вақтдаги шароитнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Энергетика вазирлиги 2022 йилда яхши ишлай олмади.
2022-йилнинг "Энг намунали ҳудуди" қайси?
— Кўпчилик Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовни айтади. Мен ҳам шу фикрга қўшиламан. Эркинжон Турдимовнинг бошқалардан устун тарафи менимча одамлар билан ишлай олиши, уларни кўнглига йўл топа билишида деб ўйлайман.
2022 йилнинг "Медиа лидери" ким?
— Бу саволни 10 йил олдин сўраганингизда ҳам Карим Баҳриев деб жавоб берган бўлардим. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. Унда журналистга хос, ҳақ сўзни айтиш принципида барқарор туриб келаётган ижодкор сифатида биламан.
2022 йилнинг "Йил одами" номинациясига муносиб номзод?
— Ўтган йили ҳам шу саволга Нодирбек Абдусатторов деган эдим. Бу йил ҳақиқатдан исботлади. Нодирбек Абдусатторовни сўзсиз “Йил одами”га муносиб деган бўлар эдим.
2022 йилнинг "Энг намунали матбуот котиби" ким?
— Биз кўпроқ таълим ташкилотлари билан ишлаймиз. Шулардан келиб чиқиб Президент таълим муассасалари агентлиги матбуот котиби Дилфуза Собировани айтган бўлардим.
2022 йилнинг "Энг фаол депутати" ким?
— Расул Кушербоев, Дониёр Ғаниевни ҳам айтиш мумкин, лекин Кушербоев Ғаниевдан кўра тажрибалироқ.