ССВ вазири: «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ фожиада шифокорларнинг айби йўқ

21.01.2023 10:36

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амирулло Иноятов «Док-1 Макс» дори препарати билан боғлиқ фожиали воқеаларда шифокорларнинг айби йўқлигини айтмоқда.

Вазир бу ҳақда ЎзАга берган интервьюсида маълум қилган.

“Аниқ айта оламанки, бу биргина шифокорларимизнинг айби эмас. Чунки бу препаратларнинг бошқа давлатлардан бундай ҳолатда кириб келиши, зарарли препарат бўлиб чиққанлиги биз шифокорларнинг айбимиз эмас. Бу масалада ССВда жуда катта ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, чуқур илмий ўрганилмоқда. Четдан келадиган ҳар қандай хавф-хатарга тайёр туришимиз, огоҳ бўлишимиз кераклиги ўзимиз учун ҳам жуда катта сабоқ бўлди. Лекин ҳозирги ҳолатда, мамлакатимизга айнан «Док-1 Макс» препарати ва «Амбронол» сиропларининг қалбакиси кириб келиши, унинг таркибида бундай заҳарли моддалар бўлиши шифокорларимизнинг айби эмас. Муҳими, бу билан боғлиқ ўлим ҳолатларини деярли тўхтатдик. Бугун ҳақиқатда ушбу доридан заҳарланиб, даволанаётган болаларимиз бор. Бу олдинги бошқа заҳарланишлардан тубдан фарқ қиладиган заҳарланиш бўлганлиги учун ҳам зудлик билан илмий, чуқур ичига кириб, аниқлаш ишлари олиб бориляпти”, деган вазир.

Журналистнинг Заҳарли дори препаратлари партиясининг Ўзбекистонга кириб келишига айнан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вазирлик мутасаддиси сифатида сиз ҳам масъул эмасмидингиз?”, деган саволига вазир Иноятов ўзи ҳам масъул бўлганини инкор этмади.

“Албатта, масъулмиз. Жуда ҳам тўғри савол бердингиз. Бунинг учун бизда Фармагентлиги ташкилоти бор. Ушбу Фармагентлик бугун ҳуқуқ тартибот органлари томонидан чуқур текшириляпти. Бугун мамлакатимизга кирган айрим партия препаратлари сертификатларининг сохталаштирилганлиги тўғрисида фактлар аниқланган. Бу учун жавобгарлик бор. Айбдорларнинг ҳаммаси қонун олдида ҳам, халқ олдида ҳам албатта, жавоб беради”, деган ССВ вазири Иноятов.

 

Эслатиб ўтамиз, “Док-1 Макс” препаратидан декабрь ойида 20 нафар бола вафот этди ва бу ўзбек жамиятида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.Кейинчалик эса "Quramax" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дорилар сотувдан олинди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар