Rost24.uz сайтида Ўзбекистонда 1-рақамли, жаҳоннинг 4 та сифат сертификатини қўлга киритган «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилгани ҳақида мақола берилган эди.
Мақолада давлат активларини бошқариш агентлиги мазкур компаниянинг давлат улушларини ўта арзон нархга баҳолагани ва харидорларга қатъий чекловлар қўйгани танқид остига олинган эди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖнинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотилиши жараёнининг шаффоф ва қонуний ўтказилишини ҳамда коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмаслигини назоратга олишни сўраб хат юборилган. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати хабар берди.
Агентликнинг қўшимча қилишича, жараён хат юбориш билан тўхтаб қолмайди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вазиятни ўрганиб, қўшимча маълумотлар билан таништириб боради.