Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ишдан бўшатилган пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга шаҳар ривожига қўшган ҳиссаси ва ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақида бир қанча нашрлар ёзганидан сўнг эса бу хабар ўчириб ташланди.
Телеграмм каналдаги ўчирилган хабар қуйидагича мазмунда эди:
«Ҳурматли Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаев, 2019−2023 йилларда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси сифатидаги фаолиятингиз давомида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларини қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур айтамиз.
Бу даврда сиз томонингиздан билдирилган таклифлар асосида депутатлар томонидан олиб борилган ишлар натижасида аҳолининг айниқса эҳтиёжманд оилаларнинг ҳолидан хабар олинганлиги халқимизнинг депутатларга бўлган ишончини оширганлиги алоҳида эътиборга лойиқдир.
Сизга, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан Тошкент шаҳримиз равнақи йўлида қўшган ҳиссангиз ва машаққатли меҳнатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз», — дейилган эди Кенгаш телеграмм каналидаги мурожаатда. Ўчирилган хабар суратини сал аввалроқ газета.уз эълон қилди.
Постга Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фуқаролар қабулидан лавҳалар акс эттирилган видеоролик илова қилинган.
Ҳиссиётларга бой лавҳалардан Кенгаш депутатлари доим қўллаб қувватлаб келишган шаҳар ҳокими ишдан кетгандан сўнг ҳам ўз фикрида собит қолди деган хулоса олиш мумкин эди.
Аммо орадан кўп ҳам ўтмай бу муносабат англашилмовчилик эканлиги ва у фикрларга кенгаш қўшилмаслигини англатувчи кетма-кет изоҳлар берила бошланди.
«Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши шуни маълум қиладики, Кенгаш томонидан жорий йилнинг 16-17 январь кунлари Кенгаш мажлис ўтказиш учун йиғилгани йўқ.
Шу билан бирга Кенгаш номидан баёнот беришга алоҳида шахсларнинг ҳуқуқи мавжуд эмаслигини билдирамиз.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши котибияти», дейилади биринчи хабарда.
Кенгаш раиси ўринбосари Тошпўлат Матибаев номидан эълон қилинган иккинчи постда эса бутунлай биринчи муносабат инкор қилинган.
«Ассалому алайкум
Ҳурматли Тошкент шаҳар фуқаролари Ижтимоий тармоқларда тарқалган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг мурожаатномаси бўйича шуни маълум қиламизки 16-17 январь кунлари Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳеч қандай йиғилиши бўлиб ўтмади ҳамда Кенгаш депутатлари номидан Тошкент шахар собиқ хокими Ж. Артикходжаев туғрисида баёнот берилмагани
билдирамиз ҳамда ушбу мурожаатномани биз қўллаб қувватламаймиз. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари.
Ташпўлат Матибаев!»
Раҳбарлик вақтида барча қарорларни деярли эътирозсиз қабул қилган депутатлар ўз фикрларини шунча тез ўзгартиришадими?
Тошкент шаҳри ҳокимини амалда бўлганида энг кўп танқид қилган нашрлардан бири сифатида бу ҳолат бизга эриш туюлди. Депутатлар ҳокимлар кетгандан кейин эмас, балки амалда эканлигида, нотўғри қарорлар қабул қилаётган вақтда хайрихоҳлик қилишмаса кўпроқ фойдалари тегарди.