Йилнинг энг совуқ куни ортда қолди. Ҳаво секин аста кўтарила бошламоқда 

14.01.2023 14:39

Гидрометеорология хизмати маркази узоқ йиллик кузатувларини тақдим этди. Унга кўра давом этаётган аномал совуқ сўнгги 50 йил ичида Тошкентда январь ойида кузатилган энг паст кўрсаткични тақдим этди. Яъни 2023-йил 13 январь тонгда -19,80совуқ ҳарорат қайд этилди. Лекин бу республика бўйича қайд этилган энг совуқ ҳарорат эмас.

Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида метеорологик кузатувлар тарихидаги энг паст ҳаво ҳарорат 1972 ва 1977 йилларда кузатилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолида ушбу йилларда ҳаво ҳарорати -33 -36о ва Устюрт платосида -38 -40осовуқ кузатилган.

Сўнгги 50 йил ичида энг узун ва совуқ қиш мавсуми 2007-2008-йилларда қайд этилган бўлиб, совуқ давр декабрь охиридан февраль ойининг ўрталарига қадар давом етган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17-22осовуққача, баъзи жойларда 24-26осовуққача, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларида 30-33осовуққача пасайган.

Тошкентда 2008 йил қишида ҳаво ҳарорати -17,4осовуққача, 1974 йилнинг январь ойида -18,6осовуққача пасайган. Бугунги кунда пойтахтимизда давом этаётган аномал совуқ сўнгги 50 йил ичида январь ойида кузатилган энг паст кўрсаткични тақдим этди. Яъни 2023 йил 13 январь тонгда -19,80совуқ ҳарорат қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 1969 йил қишда термометр устуни -23,1осовуққача тушган бўлса, минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди 1930 йил декабрь ойида -29,5осовуқни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, текислик ҳудудларда барқарор қор қопламининг шаклланишига имкон берадиган кучли қор ёғиши кам учрайди. Натижада иқлимнинг кескин ўзгариши (бирдан совиб кетиши ва унинг ортидан исиб кетиши) қор тушганда ҳосил бўладиган қор қопламининг узоқ вақт давомида ер юзасидан турмаслиги ва бир неча кун ичида эриб кетишига олиб келади.

Бироқ, 1969, 1972, 1974, 1982, 1984, 2006 ва 2008-йилларда қиш фаслининг совуқ келиши билан бирга қор ёғиш давомийлигининг ортиши кузатилган. Оқибатда ушбу йилларда текислик ҳудудларимизда паст ҳароратнинг узоқ муддат сақланиб қолиши қорнинг тўлиқ эришига имкон бермасдан қор қоплами тўпланишига сабаб бўлган. Жумладан, республиканинг шимолий (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) ва жанубий, жанубий-ғарбий (Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятлари) ҳудудларида қор қопламининг баландлиги 15-25 см ни, марказий (Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) ва шарқий (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари) ҳудудларда 30-65 см ни ташкил этган.

Республиканинг тоғли ҳудудларида қорнинг максимал баландлиги 140-180 см га етган.

Тошкентда қор қопламининг максимал баландлиги 1969 йил кузатилган 54 см, жорий йил январда қор баландлиги 26 см ни ташкил этди.

Юқорида қайд этиб ўтилганидек бугунги кунда юртимизда давом этаётган совуқ кунлар гидрометеорологик кузатувлар тарихидаги энг кучли совуқ эмас, лекин 12 январдан 13 январга ўтар кечаси кузатилган совуқ ҳарорат юртимизга антитциклон таъсирида кириб келган совуқ ҳаво оқимларининг энг юқори нуқтаси эди.

Антитциклон маркази кечадан бошлаб Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари орқали шарққа томон силжимоқда, бироқ унинг периферияси таъсирида бў‌лган Ўзбекистон ҳудудида совуқлар кучсизланган ҳолда келаси ҳафтага қадар сақланиб қолади.

                  16-18 ЯНВАРГА ОБ-ҲАВО ПРОГНОЗИ

республикамизда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Йўлларда яхмалак юзага келади. Шамол шимоли-шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат ҳудудлар бўйича қуйидагича:
 

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РEСПУБЛИКАСИ
 

Ҳарорат 16 январда кечаси 12-17° совуқ, кундузи 3-8° совуқ,
17-18 январда кечаси 10-15° совуқ, кундузи 0-5° совуқ бўлади.

ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ
16 январда кечаси 11-16°совуқ, кундузи 3-8° совуқ, 

17-18 январда кечаси 10-15°совуқ, кундузи 0-5° совуқ бўлади.

БУХОРО ВА НАВОИЙ ВИЛОЯТЛАРИ
16 январда кечаси 12-17°совуқ, кундузи 3-8° совуқ, 17-18 январда кечаси 10-15°совуқ, кундузи 0-5° совуқ бўлади.

ТОШКEНТ, САМАРҚАНД, ЖИЗЗАХ, СИРДАРЁ ВИЛОЯТЛАРИ

16 январда кечаси 12-17°совуқ, кундузи 3-8° совуқ, 

17-18 январда кечаси 10-15°совуқ, кундузи 0-5° совуқ бўлади.

ҚАШҚАДАРЁ, СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТЛАРИ
16 январда кечаси 10-15°совуқ, кундузи 3-8°совуқ, 17-18 январда кечаси 8-13°совуқ, кундузи 0-5° совуқ бўлади.

АНДИЖОН, НАМАНГАН, ФАРҒОНА ВИЛОЯТЛАРИ
16 январда кечаси 10-15°совуқ, баъзи жойларда 17° совуққача, кундузи 5-10° совуқ, 17-18 январда кечаси 10-15°совуқ, кундузи 3-8° совуқ бўлади.

РEСПУБЛИКАНИНГ ТОҒЛИ ҲУДУДЛАРИ
16 январда кечаси 15-20° совуқ, кундузи 7-12° совуқ,
17 январда кечаси 12-17° совуқ, кундузи 4-9° совуқ, 18 январда кечаси 12-17° совуқ, кундузи 2-7° совуқ бўлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар