Муаммога ечим топилармикан?..
Кореялик инвестор Ўзбекистонда 1.5 млн. АҚШ долларлик қурилиш қилган. Аммо, у ҳозирда бу қурилишга ўзи эгалик қила олаётгани йўқ. Ҳужжатлар вақтида тайёрланмагани ва оғзаки келишув билан бошлангани бугун кореялик инвестор Парк Гванг Намга қимматга тушмоқда.
Инвестор Парк Гванг мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг бир қанча расмий идораларига, Тошкент шаҳри ва Сергели тумани прокуратураси, Антикоррупция агентлигига мурожаат қилган.
Парк Гванг Нам Корея элчихонаси вакиллари орқали Олий Мажлис Қонунчилик палтаси депутати ва Корейс маданий марказлари уюшмаси раиси Пак Виктор билан танишади.
2013 — 2014 Сергели тумани ҳокимлиги томонидан уюшмага фойдаланиш учун 1 гектар ер ажратилган ва у бўш қолаётган бўлган. Уюшма раиси Пак Виктор ва Парк Гванг Нам ана шу ҳудудда қурилиш қилишга ва ундан иқтисодий мақсадларда фойдаланишга келишиб оладилар. Келишувга кўра, бинодан тушадиган даромаднинг 10 фоизи уюшмага, қолган қисми Парк Гванг Намга тегишли бўлиши керак эди. Икки тараф ўртасида оғзаки шартнома тузилади ҳамда уюшма ва хорижий инвестор ўртасида ердан бирга фойдаланиш бўйича шартнома тузилади.
Шундан сўнг 2018 йилда қурилиш ишлари бошланиб кетади ва 2021 йилга келиб келиб бино тўлиқ қуриб, жиҳозланиб битказилади. Парк Гванг Намнинг nuz.uz га айтишича, объектга қурилиш ишлари, иситиш ва совутиш тизими, алоқа воситалари билан умумий ҳаражат 1 400 000 АҚШ доллари миқдорида ҳаражат қилади.
Қурилиш қонунан уюшмага тегишли ерда қад кўтаради. Оғзаки келишувга кўра, Пак Виктор ер ҳужжатларни маълум қисмини қурилиш эгаси Парк Гванг Намга ҳам ўтказиб бериши керак бўлган. Кореялик инвестор Парк Гванг депутат бўлган Пак Виктор қонунни бузмаслигига ишонган ва шу асосда иш бошлаган. Бироқ, депутат Пак Виктор ер ҳужжатларини ўзгартиришни чўзиб келаверади.
Эндиликда ўз сўзларига кўра, салкам бир ярим миллион АҚШ доллари миқдорида ҳаражат қилган инвестор Парк Гванг Нам қурилишни ўзига расмийлаштиролмай келмоқда.
Инвестор Парк Гванг мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг бир қанча расмий идораларига ДХХ, Тошкент шаҳри ва Сергели тумани прокуратураси, Антикоррупция агентлиги мурожаат қилганини айтади. Бироқ, биронта идорадан жавоб бўлмади, дейди у nuz.uz'га берган интервьюсида.
Ҳозирда инвестор Парк Гванг Нам на ҳаражатларини қопловчи маблағ ва на ерни ҳужжатлаштиришга эриша олгани йўқ.
Nuz.uz сайти бу юзасидан, инвестор қурилиш унга тегишли эканлигини исботловчи ҳужжатлар ва Виктор Пакнинг овозли ёзувларини нашрга тақдим этган.
Rost24.uz нашри Корейс маданий марказлари уюшмасига бир неча бор қўнғироқ қилиб туша олмади. Сайтимиз иккинчи тараф бўлган уюшма ва унинг раиси депутат Пак Викторнинг далил ва фикрлари учун доим минбар беришга тайёрлигини маълум қилади.