Rost24.uz'да эълон қилиган мақолага Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова муносабат билдирди
Сайтимизда "Тошкент ҳокими ўринбосарининг Нью-Йоркка сафари солиқ тўловчиларга 70 млн. сўмга тушмоқда" хабари эълон қилинган эди.
Унда пойтахт ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимованинг 12-24 январь кунлари АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Лейк–Плесид шаҳрига кетаётгани ва ушбу сафар солиқ тўловчилар учун салкам 70 миллион сўмга тушаётгани баён этилган. Хизмат сафарининг қанчалик аҳамиятли бўлиши ҳақида ҳамда мазкур сафар юзасидан жамоатчиликка ҳисобот бериши лозимлиги савол остига олинган эди.
Тошкент ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ОАВда эълон қилиган ушбу хабар юзасидан муносабат билдирди.
Раҳимова муносабатида
"Хизмат сафари мақсади:
Хабарингиз бор, Осиё Олимпия Кенгашининг 2019 йил 28 сентябрда Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган 73-йиғилишида 2025 йилда ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказилишига келишилган.
Йирик халқаро ўйинларни ташкил этишда хорижий тажриба, иштирокчиларнинг мусобақада иштирок этиш даврида улар учун белгиланган талаблар асосида шароитларни яратиш, логистика, инфратузилмалар, кўнгиллилар фаолиятини ташкил этиш, ташкилотчиларнинг кўникмаларини оширишда дунё бўйлаб ўтказилаётган мусобақаларда янги ёндашувларни ўрганиш ҳар қачонгидан муҳим.
Бу борада маҳаллий давлат идораларида айнан шу соҳага масъулларни тажрибасини ошириш, келгусида уларни тадбиқ этишига бугун Давлатимиз раҳбари томонидан шароитлар яратилмоқда. Хизмат сафарининг айни мақсади ҳам йирик мусобақаларни ўтказиш бўйича таклифларни тайёрлаш.
Шунингдек, делегация таркибида 12 нафар талабаларимиз ҳам мазкур йирик спорт мусобақасида иштирок этади. Уларга раҳбарлик қилиш ҳам айни сафарнинг юклатилган вазифаларидан бири ҳисобланади", дея изоҳлайди.
Ҳоким ўринбосари АҚШ сафарида сарфланадиган харажатларни ҳам алоҳида изоҳлаган:
“Универсиадада иштирок этиш харажатларига тўхталсам, кунлик 150 АҚШ доллари миқдорида меҳмонхона учун, 45 АҚШ доллари эса кунлик харажатлар учун белгиланган. 160 АҚШ доллари эса бу Виза харажатлари учун. Низомда белгиланган лимитдан чиқилмаган”.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова Rost24.uz'нинг давлат хизматчисига ОАВда тўғри савол қўйилганини айтади.
— ОАВ тўғри саволни қўйган нима наф деб? — дейди Д.Раҳимова. — Умуман давлат хизматчиларининг ҳар қандай хорижий хизмат сафари ёритилиб борилиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки нафақат молиявий ҳисобот, балки янги билимлар, тажрибалар жуда муҳим ҳисобланади.