Ўзбекистон ахборот сиёсатидаги ислоҳотлар қачон амалга ошади?

06.01.2023 23:09
  • Ҳар йили бюджетдан миллиардлаб маблағ ажратиладиган давлат телеканалларини кимдир кўрадими?
     
  • Давлатнинг 20 дан ошиқ телеканали бор, аммо ҳаммаси бирлашса ҳам биргина хусусий канал даражасига чиқа олмаяпти. Халқнинг ҳисобидан кун кўраётганлар халқнинг бу саволига ҳам жавоб бериши керак.
     
  • Бизнинг назаримизда, бугун 15 йилдан буён лавозимда ўтириб, бироқ ҳеч қачон оммага ҳисоб бермаган МТРК раиси Алишер Хаджаевдан ҳисоб сўрайдиган фурсат келди. 


***
 

Биз юрган йўллар, биз бораётган касалхона ва мактаблар аҳволи қанчалар ёмон бўлса, телевизордаги тарғиботлар шунчалар кучли бўлади.

Нега одамлар давлат телеканалларидан безиб кетаяпти? Бу саволни давлат бюджетидан ҳар йили миллиардларни оладиган телеканалларимиз раҳбарлари ҳам ўзига берармикан ҳеч?!

Ўзбекистонда одамлар салкам 30 йил давомида давлат телеканаллари орқали ўзи яшаётган реал ҳаётни эмас, “Жаннатмакон Ўзбекистон”ни томоша қилиб келди.

Бугун хусусий телеканаллар ва эркин интернет сайтларининг кўпайгани ортидан давлат телеканалларининг аудиторияси кескин камайиб кетмоқда. Шу билан бирга одамлар сифатсиз, арзон тарғиботларга ишонмай ҳам қўйган. Телеканалларда реклама билан шуғулланувчи ташкилотнинг статистикасида, электрон ўлчагичлар кўрсатишича “Севимли”, “Миллий”, “ЗўрТВ”, “Менинг юртим” каналлари доим кучли тўртликни бошқариб келади.

Вақти-вақти билан уларнинг ўрни алмашиб турар, бироқ рейтингларга кўра, хусусий телеканаллар ҳеч қачон давлат телеканалларига бўшатиб бермаган.

Ҳеч қачон сиёсий канал, дея тус берилувчи “Ўзбекистон24” канали рейтингнинг олдинги ўрнида эмас, балки доим 19 ёки 20 қаторларини банд қилиб келади. Шунга қарамай бу каналлар давлат эътиборидаги оммавий ахборот воситалари ҳисобланиб, улар солиқ тўловчи аҳоли томонидан молиялаштириб келинади.

Эътиборингиз учун, 2022 йилда МТРК учун 561.4 млрд. сўм халқ пуллари  ажратилган. Жорий йилда Сенат тасдиғидан ўтган бюджет ҳисоботида яна шу рақамдан каттароқ сумма кўрсатилган. Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2020 йилдан буён Алишер Ходжаев Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси лавозимида фаолият юритиб келади. Бундан аввал у 2005 — 2017 йиллар орасида ҳам Ўзбекистон телерадиокомпаниясида (ҳозирги МТРК) раис бўлиб ишлаган. Раислик лавозимидаги узилиш  2017 — 2020 йилларга тўғри келди. Баъзи манбаларга кўра, у амалдаги Бош вазирнинг қудаси.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида жами 26 теле ва 16 радиоканал мавжуд. Компанияга давлат бюджетидан миллиардлар ажратилишини одатда миллий манфаатлар тарғиботи ва ахборот майдонида давлат позициясини сақлаб туриш билан изоҳлашади. Бошқа каналларга қараганда «Ўзбекистон24»га бир неча баробар кўпроқ маблағ ажратилади. Чунки, у алоҳида «расмий» мақомга эга.

Хўш, бюджетнинг миллиардлаб маблағларини сарфлаётган МТРК тизимидаги каналлар давлат сиёсатини халққа тушунтира олаяптими? Бунга сиёсатшунос Камолиддин Раббимов қуйидагича жавоб қилди.

Камолиддин Раббимов сиёсатшунос:

“Ўзбекистонда ҳокимиятнинг давлат оммавий ахборот воситалари орқали жамият билан мулоқот қилиш даражаси ниҳоятда паст. Биргина мисол, Президент яқинда Ўзбекистон халқини янги йил билан табриклади. Кейинги уч йилда Президент биринчи рус тилида кейин, ўзбек тилида халқни янги йил билан табриклаяпти. Мени билганим ҳокимиятдагилар, яъни Президент атрофидагилар қандай ўйлаяпти. Яъни уларнинг ўйлашича, янги йил киришдан олдин бир неча сония аввал берилган табрик бу асосий табрик. Агар биринчи бўлиб ўзбек тилида табриклаб, кейин сониялар қолганда рус тилида табрикланса рус тили устун бўлиб қолади. 
Мана шу оддий бир мантиқни улар жамиятга тушунтириб бера олмаяпти. Улар мана шундай ўйлайди, лекин ўйлаганини жамиятга чиройли етказиб бера олмаяпти. Бундай ҳолатлар эса жудаям кўп. Яъни, ҳукумат ҳар доим ҳам хато қилаётгани йўқ. Ҳамма қилаётган ишлари камчилик, хато ва нуқсон эмас. Тўғри қилаётган ишларини ҳам одамларга тушунтириб бера олаётгани йўқ. Яъни, Президентнинг матбуот котиби бор. У дипломатик мақомда. У брифинг ўтказади, аммо мана шундай кундалик жамиятни безовта қиладиган масалаларга Президентнинг на матбуот котиби ва на бошқа бир мулозим ёки бирор бир давлат органи жамиятнинг ижтимоий тафаккурига ҳокимиятнинг қарашлари, лойиҳалари, улар нимани кўзлаётгани, стратегияси ва мақсад муддаосини геосиёсий вазият нима учун икки тилда табрикланганини чиройли тушунтириб бориши керак.
Бу бутун дунёда бор. Авторитар давлатларда ҳам бор. Демократик давлатларни эса айтмаса ҳам бўлади. Лекин, Ўзбекистон ҳукумати шу ишни ҳали етарли даражада йўлга қўя олани йўқ”, дейди Камолиддин Раббимов.

Хусусий оммавий ахборот воситаларига нисбатан ёпиқ, давлат каналлари учун очиқ бўлган давлат идоралари ва расмийлари ҳам сиёсатшуноснинг фикрича, жамиятга давлат стратегиясини эплаб етказиб бера олмаяпти. Ваҳоланки, аксарият журналистлардан чўчиб турадиган раҳбар ва ҳокимлар “Ўзбекистон 24” микрофонига дадил қўрқмасдан интервью берадилар. Президентнинг расмий ташрифлари ҳам давлат телеканалларининг иштирокисиз ўтмайди. 

Ўзбекистонда ҳукумат томонидан молиялаштираётган телерадиокомпаниялар ҳукуматни, ҳокимликларни асло танқид қилмайди, улар тарғибот билан шуғулланади. Ўтган бир йил давомида давлат телеканаллари ҳамда ахборот, хабарларга ихтисослашган “Ўзбекистон 24” канали Россия ва Украина уруши ҳақида умуман маълумот бермаган.

Шунингдек, Ўзбекистон ичида рўй берган талофат ва бахтсиз ҳодисалар ҳақида ҳам давлат телеканаллари тезлик билан хабар бермайди. Айрим бахтсиз ходисалар давлат телеканалларининг назаридан бутунлай четда қолади.

Ҳуқуқшунос журналист Карим Бахриев оммавий ахборот воситалари учун давлат молияси тўхтатилиши керак, дейди. Бюджет пули ҳам халқ пули, бироқ халқ ўзи боқаётган МТРКни назорат қила олаётгани йўқ. МТРК амалдорларники, хусусий телеканаллар эса “олигарх”ларники,  36 миллион халқ ОАВ борасида ўз овозига эга эмас, — дейди Карим Бахриев.


Оммавий ахборот воситаларини давлат, амалдорлар томонидан тўғридан-тўғри молиялаштиришни қонун билан тақиқлаш керакдир. Бу борада медиамутахассислар жавоби қандай?

Собиқ дипломат, филология фанлари доктори Беруний Алимов бу оғир вазиятдан чиқиш учун жамоатчилик телеканалларини ҳам Ўзбекистонда синаб кўриш вақти келгандир, демоқда.

“Жамоатчилик телевидениеси бизда том маънода ривожланган эмас. Японияда ҳар битта хонадон телевидение учун алоҳида ўзи истеъмол қилаётган ахборот учун пул тўлайди. Халқ ўзига керак бўлган соф объектив ахборотни олади. Ҳукуматнинг унга аралашуви бўлса, катта жанжаллар юзага келади. Бизни қўшниларда, хусусан, Россияда бу ўхшамади. Ўзбекистонда эса ҳеч бўлмаса тажриба тариқасида балки, уриниб кўриш керакдир. Биз текин ахборот олиб ўрганганмиз. Текин ахборот олаётган ўқувчи текин ахборотни тарқатаётган одамга ўзлари хомашё бўлиб қолади. Ваҳоланки, ахборот одамлар учун хомашё бўлиши керак. Биз текин ахборот ўқирканмиз ўзимизни ўзимиз сиртмоққа илиб бераётганимизни тушунмай қоламиз. Қаерда бепул ва сенсацион ахборот бўлса, ўшани ўқияпмиз. Лекин, табиатан олиб қараганда оммавий ахборот воситалари бизнес ёки давлат томонидан молиялаштирилса ўша тарафга ён босиши мумкин. Бу амалиётда жуда кўп учрайди. Шунинг учун, балки тажриба сифатида жамоатчилик оммавий ахборот воситасини Ўзбекистонда синаб кўриш керакдир”, дейди Беруний Алимов.

Ўзбекистонда жамоатчилик назорат қила оладиган оммавий ахборот воситаларини яратиш мумкинми? Бугун кўп жабҳаларда ўз овозини кўрсата олмаётган, “сиёсатга аралашмаймиз”, дейишни уддасидан чиқадиганлар жамоатчилик ОАВсини назорат қиладими? Ёки шу вақтгача бирон марта омма олдида ҳисобот бермаган ва журалистлар сўровига ёпиқ бўлган собиқ МХХ ходими Алишер Ходжаев бошқараётган давлат телеканаллари ишлашда давом этаверадими? 

Балки, давлат илм-фан, тарих ва болалар учун мўлжалланган каналларни молиялаштириш билан чеклангани маъқулдир.

Ўзбекистонда ахборот сиёсати бўйича жавобгар ташкилотлар ва ҳатто Админстрацияда ҳам шўъбалар бор. Аммо, ахборот сиёсатидаги ислоҳотлар қачон амалга ошади. Давлат ва амалдорлар қачон тарғибот манбаига айланган МТРКдан воз кечармикан. Ёки сиз ўз овозингиз бўлмаган давлат каналларини молиялаштиришда давом этаверасизми?

Мавзуга оид мақолалар: “Давлатнинг гигант медиакомпанияси раҳбари Алишер Ходжаев журналистлардан қўрқадими?” 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
22
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар