Жазони тўлиқ ўтамаган амалдор: Нима учун Қодировни озодликка чиққани махфий сақланмоқда?

06.01.2023 09:42

Нега йирик коррупцион ишларда айбланган Рашид Қодиров муддатдан аввал озодликка чиқди? Собиқ Бош прокурорнинг озодликка чиққанини барча оммавий ахборот воситалари ёзмоқда. Аммо, шу вақтгача бирон расмий манба Рашид Қодиров қачон ва нима учун муддатдан аввал озод қилинганига изоҳ бергани йўқ. 

Нега миллионлаб АҚШ долларида пора олиши айтилган собиқ прокурор жазо муддатини тўлиқ ўтамади. Нима учун унинг озодликка чиққани махфий сақланмоқда. Бу саволларга расмийлар жавоб беришга мажбур. Халқаро ҳуқуқий нормаларга кўра, демократик давлатларда коррупция учун олиб борилаётган кураш ва жазолар ҳам оммага очиқ бўлиши керак.

«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов қайсидир прокурор озодликка чиққани, аммо унинг исмини айта олмаслигини ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирди. Кейинчалик, блогерлар ва расмий сайтлар ҳам ўзларининг инсайдерларига кўра, Рашид Қодиров ўтган йилнинг сўнгги кунларида суд ҳукми билан озод этилгани ҳақида ёзди.

Rost24.uz маълумотни тасдиқлаш мақсадида

Ички ишлар вазирлиги,

Олий суд

Бош прокуратура

Тошкент вилояти суди

Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш департаменти матбуот хизматларига мурожаат қилди. Юқорида номи келтирилган расмий манбаларнинг биронтаси Рашид Қодировнинг озодликка чиққанини инкор ҳам этмади ва тасдиқламади ҳам.

Олий суд матбуот хизмати ахборот берамиз, деганича ҳамон жавоб қайтаргани йўқ.

Баъзи расмий манбалар фуқаронинг озодликка чиққани ҳақидаги ахборот унинг ўз хоҳишига кўра махфий сақланиши мумкинлигини ҳам айтишмоқда.

Бироқ, Рашид Қодиров оддий шахс эмас. У 15 йил давомида (2000-2015) Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори бўлган ҳамда коррупцияда айбланган. Рашид Қодиров жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210 (пора олиш) моддалари билан айбланган ва 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 

Катта жиноятларда айбланган собиқ амалдорнинг барча жиноятчилар қатори жазо муддатини тўлиқ ўтамаслигига расмий манбалар изоҳ беришга мажбур. Коррупцияга қарши олиб борилаётган сиёсат шаффоф ва очиқ бўлмаса уни ҳақиқатан коррупцияга қарши кураш эканлиги шубҳа остида қолмайдими?

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда “Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан бири бўлган Рашид Қодиров қамоқдан озод этилди” хабари ҳам эълон қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар