Хорижий компания Ўзбекистонни бизнес трибуналга судга тортмоқчи?
• Ўзбек амалдорлари Ўзбекистондаги энергетик муаммоларга қисман ечим беришни истаган инвесторга тўсқинлик қилишмоқда. Мақсад коррупциями?
• Нега коррупцияга қарши бўлган жаҳондаги йирик компания Ўзбекистон бозорига кира олмаяпти. Нега амалдорлар унга тўсқинлик қилишмоқда?
• Ўзбекистонда Sky power global хорижий компанияси тинимсиз бюрократик тўсиқларга дуч келганини айтмоқда.
• Энергетика вазирлиги 1.3 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритилишига қаршилик қилиб келаяптими?
ББС ўзбек хизмати Ўзбекистонга 1.3 млрд инвестиция киритиб, энергетик муаммоларга қисман ечим беришни таклиф қилган Sky power global компаниясининг Бош директори билан суҳбат уюштирди.
Суҳбатда Sky power global компанияси бош директори Керри Адлер ўзбек амалдорлари Президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган лойиҳани ортга сураётганларини айтган.
ББС ўзбек хизматининг ёзишича, Канаданинг SkyPower Global компанияси 2018 йилда Ўзбекистонда қуввати 1000 мегаваттлик қуёш энергияси станциясини қуриши ва Ўзбекистонга 1,3 миллиард доллар сармоя киритиши келишилган. Компаниянинг бош директори Керри Адлер 2017 йил сентябрида Президент Мирзиёевнинг БМТга ташрифи доирасида учрашувга таклиф қилингани ва давлат раҳбари шахсан унга Ўзбекистонга икки ҳафта ичида етиб келишни сўраганини айтади. Жаноб Адлер бу илтимосга биноан Ўзбекистонга борган ва бу сафар ортидан бошланган музокаралар олти ойдан сўнг ўзаро шартнома имзоланиши билан якун топган. Аммо, лойиҳа амалга ошмади. Ўзбекистон тарафи эса SkyPower'га лойиҳа бу йил 23 декабрда буткул тўхтатилишини айтиб огоҳлантириш хатини юборган.
Жаноб Адлер суҳбатда қатор вазирликлар ва амалдорлар Ўзбекистонда электр тақчиллиги юз бераётган вазиятда бу лойиҳага мунтазам тўсқинлик қилиб келишаётганини айтади. Компания, агар шартнома бекор қилинса, Ўзбекистонни бизнес трибуналга тортиш ниятида.
Компания директори аввалданоқ Ўзбекистон тарафни пора, коррупция билан ишламаслигини айтиб огоҳлантирган. Ўзбек амалдорлари Керри Адлерга коррупция таклифини айтмаган. Улар бу компанияга нархлар қимматлигини сабаб қилиб кўрсатишган. Шундан сўнг, SkyPower Global нархларни 6 сентдан 3.75 сентга тушурган. Шундан кейин, сиз билан яна боғланамиз деган ўзбек амалдори (Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари) қайта компания билан боғланмаганлар. Керри Адлер нархнинг қимматлиги асосий сабаб бўлолмаслигини айтмоқда. Чунки, Ўзбекистон бошқа хорижий компаниялар билан ҳам шу каби нархларда келишувга борган, дейди. “Тасаввур қилинг, мен юз минглаб уйларни ёритадиган минг мегаватт электр етказиб бераман деяпман ва нархни туширяпман. Аслида, агар лойиҳамизга шунчалар тўсқинлик қилишмаганида, ҳозир Ўзбекистонда камида 300-400 минг хонадонда электр бўларди. Уларда одамлар болалари билан совқотиб ўтиришмасди. Ўзимда олти фарзандим бор, уларга свет йўқ деб айтиш қандай оғирлигини тасаввур қилолмайман. Улар ахир бу энергия ўта зарур эканини билишарди”, дейди компания раҳбари Керри Адлер.
Керри Адлер суҳбатда кўп бора уни шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи таклиф қилганини билдирар экан, ҳозирда унинг муаммоларидан Президентнинг бехабар қолаётганини айтган.
“Мен Президент Мирзиёев хабардорлигига ишончим комил эмас. У мамлакатда қайғуриши керак бўлган масалалар жуда кўп. У ўз қўли остида ишлаётган одамларга таянади. Ва бу одамлар унга ёлғон маълумот етказса, у уларга ишонишга мажбур. Мен сизга шуни айтай, агар бу контракт ноқонуний тарзда бекор қилинса, биз арз қиламиз. Британия қонунларига биноан, шартларда белгиланган: биз 1,4 миллиард долларга тенг компенсация талаб қилишга ҳақлимиз. Агар контрактни бекор қилишга уринишса, биз очиқ судда уни муҳокама қиламиз”, деган Керри Адлер.
ББСнинг мазкур суҳбати кеча ютуб канали ва ўзбек хизмати сайтига жойланди. Ҳозирча Ўзбекистон тарафдан кўтарилган масалага расмий жавоб берилмади.
Тўлиқ суҳбатни қуйида тамоша қилишингиз мумкин: