Андижон шаҳар ҳокими иши: 63 миллиард зиён учун 10 йил

27.12.2022 09:39

Андижон шаҳар собиқ ҳокими Бахром Хайдаров 10 йилга қамалди

Одий суд Матбуот хизматининг хабарига кўра, 2022 йилнинг 26 декабрь куни Фарғона вилоят суди биносида Б. Ҳайдаровга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 26 декабрдаги ҳукмига кўра:

Андижон шаҳар собиқ ҳокими Бахром Хайдаров 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда унга нисбатан 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва БҲМнинг 350 баравари, яъни 85 750 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Бахромжон Хайдаров ким?

Баҳромжон Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган, 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини (сиртқи), 1998 йил Ўзбекистон Банк-молия академиясини (кундузги) тамомлаган.

1994 йилда Андижон вилояти ҳокимлиги молия бошқармасида иш бошлаган Баҳромжон Ҳайдаров 2017-2019 йилларда бошқарма бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган. 2019 йилдан 2022 йилнинг 6 июнь кунига қадар, яъни коррупцияда гумон қилиниб қўлга тушгунга қадар шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган. 

У ўзи нима қилган?

У қўлга олинган вақтда шаҳар ҳокими вилоятда Молия бошқармаси бошлиғи сифатида иш юритган пайтида шериклари билан 48 миллиард сўм бюджет маблағини талон-торож қилгани айтилганди. Ўшанда Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олингани ва етказилган зарарнинг 23 фоизи қоплангани хабар қилинган эди.

Бу ҳолатдан аввал эса Баҳром Ҳайдаровнинг давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўм зарар келтирганликда айбланаётгани, унинг депутатлик дахлсизлигини бекор қилиш учун вилоят прокуратурасига тақдимнома киритилгани маълум қилинган эди. Унинг ўзи ўша вақтда буни инкор этган.

 - Президент вакили сифатида шу жойда ишлаяпман. Шу боис қўрқмасдан, ишонч билан айтаманки, бировдан бир сўм пора ёки бошқа нарса олганим йўқ. Ҳар қандай жойда ҳар қандай ҳолатда жавоб беришга тайёрман», — деганди Баҳром Ҳайдаров.

                   Бир ўзи эмас, “оммаий” талон-тарож…
 

Суд томонидан 63 млрд сўмдан зиёд маблағни талон-торож қилишда гумонланган 45 нафар судланувчининг аксариятига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланди.

Жиноят иши доирасида:

С.Юлчиевага нисбатан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

К.Асқаровга нисбатан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

Ф.Муллажановга нисбатан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди;

Ш.Хашимовга нисбатан 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, яна 40 нафар судланувчига нисбатан содир қилган жиноий ҳаракатлари доирасида тегишлилиги бўйича 4 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2 йилгача озодликни чеклаш ҳамда 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш жазолари тайинланди.

Жиноят оқибатида давлатга етказилган 63 млрд сўмдан зиёд моддий зарарнинг 16 млрд сўмдан ортиғи қопланган бўлиб, зарарнинг қолган қисмини судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.

10 йилдан ортиқ раҳбарлик қилаётган вилоят ҳокими бу ҳолатлардан бехабар бўлганми?

Андижон вилояти ҳокими Шухрат Абдураҳмонов 2011 йилдан – 2013 йилгача Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2013 йилдан ҳозирга қадар - Андижон вилоятига раҳбарлик қилади. Ҳудуддаги бир қанча ташкилотлар вакиллари коррупцияда айбланмоқда, миллиардлар давлатга зиён келтирилган. Давлатга етказилган зиённи ярми ҳам қайтарилгани йўқ. Уларни қоплаш фақат бир неча йиллик қамоқ жазолари билан  чекланмоқда. Бу талон-тарожликлар юз берганда амалдаги вилоят ҳокими нима билан шуғулланган? Унинг бу ишлардан бехабар бўлганига ишонгинг келади, албатта.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.12.2022 02:28
Ўзи шунақа бўлади- холвани хоким, калтакни етим ейди
27.12.2022 21:35
Xalq pulini joyiga qaytarsin