Ўзбекистон жамиятида катта ва муҳим амалдорлардан бири бўлиб танилган Ботир Парпиев 1946 йил 23 декабрда Андижон шаҳрида туғилган.
“76 ёшини иш столида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг маслаҳатчиси вазифасида нишонлади”, деб ёзмоқда Республика "Нуроний" жамғармаси Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев.
Фахрий журналистнинг ёзишича, "...туғилган кунида ҳаммадан ва ҳар қачонгидан вақтлироқ ишга келган Ботир Раҳматович Парпиев ҳамкасбларининг қизғин табригини иш хонасида ҳар қандай дабдабалардан холи равишда қабул қилди".
Собиқ Иттифоқ даврининг сўнги йилларида Парпиев илк катта лавозимга ўтади — 1989 йилда Асака тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланади. 1992 йилда эса вилоят ички ишлар бошқармасига раҳбар бўлиб тайинланади.
Генерал-лейтенант Ботир Парпиев 2004 йил 17 февралдан 2018 йилнинг май ойига қадар Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бўлиб ишлаган. 2002-2004 йилларда Давлат солиқ қўмитаси, 2002 йил июндан декабрга қадар Фавқулодда вазиятлар вазири, 1998-2002 йилларда ички ишлар вазирининг ўринбосари, 1989-1998 йилларда ички ишлар вазирлигида турли раҳбар лавозимларида хизмат қилган.
2020 йилдан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари, шунингдек, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари (вазирлик қайта ташкил этилгунга қадар) лавозимларида ишлаган.
2022 йил июн ойидан ҳукумат қарори билан Ботир Парпиев Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келмоқда. Унинг лавозими мақом бўйича вазир ўринбосари даражасига тенглаштирилган.