Давлат тили тўғрисидаги қонун топилдими? Президент она тилини ривожлантириш кераклигини айтмоқда

20.12.2022 18:26

Собир Шукуров бошчилигидаги тилни ривожлантиришга масъул Департамент эса ҳамон уйқуда

Масъуллар ҳатто жорий йил ҳисобидан бирор марта ҳам жамоатчилик ва журналистлар олдида ҳисобот берган эмас.

Президент мурожаатномасида она тилига урғу берди, аммо сенаторлар “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қаерга йўқолгани ҳақида маълумот бергани йўқ. Бу бўйича rost24.uz'нинг алоҳида сенаторларга қилган мурожаатлари доим очиқ қолган.

Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаментига янги раис тайинлангандан буён амалга ошираётган ишлари ҳақида ҳам очиқ баёнот берган эмас.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугунги (2022 йил 20 декабрь санасидаги) Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида она тилини билишга барчани мажбур қилиш кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган тилимизга эътибор кучайтирилиши кераклигини айтиб ўтган. "Она тилини билишни мажбур қилиш керак. Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишни мажбур қилиш керак», деган Президент.

Президент нутқидаги ана шу иқтибос ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва ижобий қаршиланди. Бироқ, айни дамда давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳудди “Давлат тили тўғрисида”ги қонун каби ғойиб бўлган кўринади. Собир Шукуров бошчилигидаги Департамент бу йил ҳисобидан бирон марта ҳам жамоатчилик ва журналистлар олдида ҳисобот бермаган.

Ушбу департамент Вазирлар Маҳкамасининг шўъбаси ҳисобланади. Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг ахборот бўлими ҳам департамент фаолиятига оид очиқ ва аниқ маълумотлар бермаган. Rost24.uz мухбири ҳукумат идорасидан ҳам департамент амалга ошираётган ишлар ҳақида бирон маълумот ололган эмас.

"Давлат тили тўғрисида"ги Қонун кечиктирилаётгани бўйича ҳам департамент сайтида муносабат кўринмайди.

Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам давлат тили мавқеи борасида қатор муаммолар мавжудлигини ҳамда Давлат тили масаласини миллий ғоя даражасига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эди. 

Президент ўшанда ўз нутқида “Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур», деган эди.

Бироқ, бугун миллий ғоя даражасига кўтарилиш керак бўлган давлат тили масаласига департамент қандай ёндошмоқда?

Эслатма, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти Президентнинг 2019 йил 21 октябрдаги фармонига асосан ташкил этилганди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 майдаги [270-сон] қарори билан Шукуров Собир Сайфиевич Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудири лавозимига тайинланган.

Департаментнинг асосий вазифалари давлат тилини ривожлантириш, ундаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, ўзбек тилининг ёзма нутқ нормалари ва қоидаларини ривожлантиришни жадаллаштириш, шунингдек, лотин графикаси бўйича ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш, давлат тилидан фойдаланишдаги муаммоларни аниқлаш ва бошқалардан иборат.

Сайтимизда бундан олдин, "Собир Шукуров давлат тилини ривожлантира оладими?

Ёхуд тобора абгор бўлиб бораётган тизимни янада йўқликка маҳкум қилиш учун раҳбар қўйилди…(ми?)" мақоласи эълон қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
21.12.2022 01:11
Shu Departament tuzilgandayoq manda shubha paydo bo'lgan edi, chunki tarkib tilimiz uchun jon kuydirib kelayotgan mutaxassislardan emas, balki kamida 3- 4 lavozimda ishlab kelayotgan rahbarlardan iborat edi. U rahbarlarning o'z vlavozim vazifalaridan ortib, tilimiz haqida qaygurishlariga vaqtlari ham , xohishlari ham bo'lmasligi kunday ravshan edi. Mana, 2 yildan ortiq vaqt o'tdi. Departamentning har bir a'zosi jamoatchilik oldida hisobot bersin. Ko'raylik, kim qanday ishlayotganini...