Ёхуд тобора абгор бўлиб бораётган тизимни янада йўқликка маҳкум қилиш учун раҳбар қўйилди…(ми?)
Ўзбекистон ҳукуматида баъзи мутасаддиларининг курсилари алмашади-ю, бироқ улар эгаллаган лавозимда, соҳада янгилик ва ўзгаришлар рўй бермайди. Кадрлар масаласидаги бу ҳолатларни кўравериб кўникиб ҳам кетганмиз.
Хўш раҳбар қўйилди. Нима сабабдан? Қайси каромати учун? Қандай ишларни бажаргани учун шу жойга муносиб кўрилди? Оддий ва ҳақли саволларга жавоб беришни, энг аввало, ҳукуматдаги масъуллар ўйлаши керак ва бу юзасидан жамоатчиликка ҳисоб беришлари зарур.
Баъзида, мавжудлигини сездирмай, жим ўтирган раҳбарлар асосан юқори курсиларида ўралашиб юраверади. Айрим, раҳбарлик жойларига ана шундай мажлисларда кўриниб, блокнот қоралаб ўтирувчи галстук тақиб, костюм шим кийган ташқи кўриниши амал эгасини эслатувчи кишилар мос бўлади. Номини айтишда одамни тили қоқиладиган амаллар аслида ана шундай одамлар учун махсус очиб бериладигандек. Аммо, давлат тилини ривожлантириш департаментига ана шундай жим ўтирадиган раҳбарлар мос эдими?
Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудирлигига давлат тили равнақи учун жон куйдирадиган шу вақтгача тил масаласига бефарқ бўлмаган филолог топилмаган кўринади. Топилса-да, фидойиларда «танишлар» топилмаган бўлса керак.
Ярим йилдан буён бўш турган лавозим Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти мудирлигига Собир Шукуров номзоди тасдиқланди.
Собир Шукуров шу вақтгача Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Хўш, миллий агентлигимиз шу даврда ривожланиб кетдими? Шукуров агентликда нима ўзгариш қила олди? Афсуски, ҳеч бир ўзгариш унинг номи билан боғлиқ эмас. Ажабланарлиси, шунча йил ишлаган Собир Шукуровнинг шу вақтгача агентлик сайтидан чоп этилган бирорта мақоласини ҳам топа олмадик.
С.Шукуров агентликка ўринбосар лавозимига ўтишидан аввал, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида турли раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилган.
У узоқ йиллар (2011-2017) давомида ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаментининг бош мутахассиси сифатида ишлаган. Юқорида номи келтирилган ташкилот 5 йил авваллари асосан расмий цензура билан шуғуллангани айтилади. 2017 йилдан сўнг Комил Алламжоновнинг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини ислоҳ қилиши ортидан Шукуров бу маъмуриятни тарк этади.
2017 – 2019 йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ахborot-таhlil multimedia markazi» давлат муассасаси директори лавозимида ишлаган Собир Шукуровнинг мазкур икки йил ичида қандай амалий иш билан банд бўлганини аниқлаш мураккабдек. Сабаби, ахборот таҳлил мультимедиа маркази бирон бир таҳлилий ўрганишларни оммага тақдим этмаган.
2019 йилдан яқин кунларга қадар Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосарлигида фаолият юритган Собир Шукуров на ўзи раҳбарлик қилган сайтда ва на ижтимоий тармоқларда тил ва бошқа сиёсий масала юзасидан бир марта ҳам фикр, муносабат билдирган эмас.
Кўпинча, Шукуров раҳбарлик қилган ташкилот бор ёки йўқлиги сезилмай қолади. Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳам айнан шундай ташкилотлар сирасига қўшилишидан хавотирдамиз. Яқинда daryo.uz нашрининг Шукуровга юборган сўрови ҳам жавобсиз қолибди.
Rost24.uz сайти янги раҳбарнинг режалари билан танишиш мақсадида департаментга бир неча кун давомида боғланишга уринди, аммо натижа бўлмади. Бу ташкилот ҳам йўқликка маҳкум бўлмаган, деган умиддамиз.
P/S: Бу мақолани буюртма, ғаразлик, раҳбарларни кўролмаслик ва яна ўзингиз билган нималардир деб ўйлашингиз мумкин. Шундай деб ҳам ўйлайсиз. Лекин шу Давлат тилини ривожи учун нимадир қила олинг. Журналистларни уялтиринг.
Rost24.uz департамент фаолиятини кузатиб боради.