Мактабгача таълим вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирликларига қўшимча 2 трлн сўмдан ортиқ ажратиш сўралмоқда. Биргина Утилизация йиғими харажатларига давлат бюджетидан 224,5 млрд сўм ажратиш сўралган.
Йил охирига келиб 2022 йил давлат бюджетига ўзгартириш тўғрисида масала кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақида Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди.
«Энг қизиғи утилизация йиғими кимларга ва қандай мақсадларда ишлатилаётгани, монополист ”UzavtoMotors" утилизация йиғимини тўлаяптими йўқми, бу яширилаётган бир вақтда давлат бюджетидан утилизация йиғими харажатларига 224,5 млрд сўм ажратиш сўралиши мантиқсизлик. Катта эҳтимол билан халқнинг ғазнасидаги бу пуллар монополист компаниянинг ҳисобига ўтказилади.
Албатта кўплаб саволларга жавоблар махфий қолаётган бир вақтда бу лойиҳанинг қабул қилинишига тўлиқ қаршиман», дейди депутат.
Депутатлар қўлига шошилинч берилган Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган қонун лойиҳаси кўра, 2022 йил бюджетидан:
- давлат-хусусий шерикчилиги асосида асосида фаолият кўрсатаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сонининг ортиб бораётгани ҳисобига ушбу йўналишга қўшимча субсидиялар ажратиш учун Мактабгача таълим вазирлиги 407,1 млрд сўмга (Бу йил Мактабгача таълим вазирлигига давлат бюджетидан 6,49 трлн сўм. Шундан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасаларига субсидиялар – 1,5 трлн сўм ажратилган);
- Иссиқлик таъминоти бўйича аҳолига паст даражали тарифлар қўлланиши натижасида юзага келган зарарларни қоплаш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 404,7 млрд сўмга (Бу йил Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига 1,324 трлн сўм ажратилган. Шундан сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига трансфертлар – 981,3 млрд сўмни ташкил этади);
- экспорт қилинадиган мамлакатларда маҳаллий автомобиль саноати корхоналари томонидан тўланадиган утилизация йиғими харажатларига давлат бюджетидан маблағ ажратиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 224,5 млрд сўмга (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги шу йил 761,1 млрд сўм олган. Шундан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига трансфертлар – 500 млрд сўмни ташкил этади);
- Ҳудудларда зудлик билан ечилиши лозим бўлган қўшимча тадбирларни молиялаштириш мақсадида кейинчалик маҳаллий бюджетларга қайта тақсимлаш (ўтказиб бериш) мақсадида Молия вазирлигига 1 000,0 млрд сўмга ошириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги 2022 йил бюджетидан 73,27 трлн сўм олган. Шундан аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштириш учун харажатлар – 1,76 трлн сўм, давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловлари учун харажатлар – 4,04 трлн сўм, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўйича ижтимоий харажатлар – 4,35 трлн сўм , иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорларини ва айрим хизматлар турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатлар – 11,35 трлн сўм, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун харажатлар – 1,7 трлн сўмни ташкил этади).