2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияларини ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробарига оширилиши белгиланган.
Пенсия тайинлашда ҳисобга олинган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 240 000 сўмдан юқори бўлган пенсионерларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқилади.
Мисол учун:
30 йил иш стаж ва 3 900 000 сўм ўртача ойлик иш ҳақи олган эркак кишига 2022 йилда 1 944 000 сўм ёшга доир пенсия тайинланган.
Пенсия ҳисоби: ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 10 баравари (3 240 000 сўм)дан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 240 000 сўм инобатга олинган;
Пенсиянинг таянч миқдори – 1 782 000 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи - 3 240 000 сўмнинг 55 фоизи);
Ортиқча иш стажи учун устама – 162 000 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида - 3 240 000 сўм * 5 %).
Жами пенсия миқдори 1 782 000 + 162 000 = 1 944 000 сўм
Ушбу фуқаронинг пенсияси 2023 йил 1 январдан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 2 332 800 сўмни ташкил этади.
Пенсия ҳисоби: ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 12 баравари (3 888 000 сўм)дан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 888 000 сўм инобатга олинади;
Пенсиянинг таянч миқдори – 2 138 400 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи - 3 888 000 сўмнинг 55 фоизи);
Ортиқча иш стажи учун устама – 194 400 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида - 3 888 000 сўм * 5 %).
Жами пенсия миқдори 2 138 400 + 194 400 = 2 332 800 сўм.
Яъни, фуқаронинг 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсия миқдори амалдагига нисбатан 388 800 сўмга ошади.
Ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 млн. 240 минг сўмдан юқори бўлган барча пенсионерларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, пенсияси ошадиган фуқароларга жорий йилнинг декабрь ойида СМС хабар юборилди.
Эслатиб ўтамиз, пенсияларнинг миқдори автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоб қилиниб, бунда пенсионерларни Пенсия жамғармасига мурожаат этиш зарурияти йўқ.