Бу савол ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан қўйилмоқда.
Ёнғин Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Илҳом» театри биносида 12 декабрь куни содир бўлди. Ҳодиса тунги соат 03:34 да юз берган.
Ёнғин оқибатида театр биносининг 1-қават холлининг 80 квадрат метр майдонида ички қисми ва жиҳозлари ёниб зарарланган.
Нега бу ёнғин тасодифми йўқми деган савол ўртага ташланяпти?
Гап шундаки, аввалроқ, яъни 2020 йилда Тошкентдаги «Шодлик» меҳмонхонаси ертўласида томоша қўйиб келган «Илҳом» театри меҳмонхонанинг янги эгаси "OFELOS PLAZA" МЖЧдан бинони бўшатиб қўйиш ҳақида расмий мактуб олгани катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
1976 йилдан буён мазкур бино ертўласида ижод қилиб келаётган театр аҳли бу кўчишга қатъий эътироз билдириб, ижтимоий тармоқларда мурожаатлар билан чиқишгач, расмийлар, хусусан С. Мирзиёева ва маданият вазири О. Назарбековлар театр ўз жойида қолишини, бундан буён вазирлик ҳимоясида бўлишини айтиб, муносабат билдиришган эди.
Аҳамиятлиси, ушбу бинода жойлашган «Шодлик» меҳмонхонаси билан театрнинг ижара шартномаси муддати 2023 йилгача бўлган. Расмийлар томонидан берилган ваъдалар асосида шартнома муддатини номаълум муддатгача узайтирган «Илҳом»нинг 2023 йил келишига саноқли кунлар қолганда ёниб кетиши чиндан тасодифмикан, деган саволни айни шу масала сабабли юзага келган. Лекин, театр ижодкорларининг бу каби саволларга берган жавобларида ёнғин қисқа туташув, электр симларининг эскилиги билан боғлиқ бўлиши мумкин деган изоҳни кўриш мумкин. Шунингдек, ижодкорлар бу атайин уюштирилмаганига ишонишлари ва якуний хулосани ҳозирда олиб борилаётган суриштирув якунига кўра билиш мумкинлигини қайд этишган.
Маълумот учун, 46 йил аввал бу ертўлада ресторан учун картошка сақланган, яъни картошка омбори бўлган. Бир қанча актёрлар у ерни тозалаб, театрга айлантирган. «Илҳом» театри жойлашган бино 1976 йилда унинг асосчиси Марк Вайлга берилган. 1994 йилда бўлиб ўтган хусусийлаштиришдан сўнг театр ушбу бинодан беғараз асосда фойдаланиб келган.
Маълумотларга қараганда 1998 йилда декабрда ҳам бинода ёнғин содир бўлган.