Бугун 30 йиллиги нишонланаётган мадҳиямиз Совет Ўзбекистони мадҳиясига ўхшашлигини биласизми?
Бугун Ўзбекистон мадҳияси қабул қилинганига 30 йил тўлди. Лекин, мусиқаси Совет Ўзбекистони мадҳиясиникини шундай такрорлайдиган, сўзлари ҳам ўша мадҳияга ҳамоҳанг бу куй ҳақиқатданам истиқлол қўшиғи бўла олганми? У мустақиллик руҳини берадими ёки «буюк оғамиз»ни эслатиб турадими?
Rost24.uz сайти аввал ҳам бу баҳсталаб мавзуни ўртага ташлаган эди. Лекин, ҳеч қандай расмий муносабат билдирилгани йўқ. Шу сабаб бугун сана баҳонасида яна шу саволни ўртага ташлашга қарор қилдик.
Бизнингча, Мустақил Ўзбекистон Республикаси мадҳиясининг ССР Ўзбекистони мадҳияси мусиқалари билан айнан ўхшашлиги сабабли янгиланиши зарур.
«Ассалом, рус халқи, буюк оғамиз, Барҳаёт доҳиймиз Ленин, жонажон, жонажон!» Ҳар тонгда мана шу мадҳия янграмай қўйганига 30 йилдан ошди. Ўзбекистонда 1956 йилдан то 1991 йилгача радио ва ТВ орқали янграган мана шу қўшиқ садоси остида тонг отган. Ўша вақтлар совет Ўзбекистони мадҳиясини эшитмаслик учун жонини беришга тайёр бўлган одамлар ҳам топилганлигига ишонамиз. Бу оддий мадҳия эмас, қуллик қўшиғи эди. Истиқлол ғояси билан ўсган бугунги авлод Туроб Тўла ва Темур Фаттоҳ қаламига мансуб мадҳиянинг «Раҳнамо Лениндан халқлар миннатдор!», «Серқуёш ўлкада кўрмасдик зиё, Дарёлар бўйида эдик сувга зор, сувга зор» сатрларини ўқиса асаблари таранглашади, кўз олди қоронғилашади. Аслида совет Ўзбекистони мадҳияси 1947 йилда қабул қилинган. Аммо, 1956 йилда Иосиф Сталиннинг ўлимидан сўнг унинг номи мадҳия матнидан олиб ташлаб, «тузатилади». Мана Ўзбекистон мустақил бўлганига 31 йил ҳам тўлди, Мустақил давлатимизда эса ҳамон совет даври мадҳияси билан жуда ўхшаш бўлган мадҳия янграб келмоқда. Мадҳия конституцияда белгилаб берилган Мустақил Ўзбекистоннинг рамзий белгиларидан бири. Аммо, уни тарихдаги қуллик мусиқасига ўта ўхшашлигини инкор этиб бўлмайди, афсуски. Шундай экан, балки совет Ўзбекистони мадҳиясидан буткул бошқа миллий, озодлик, ҳурлик оҳанглари уфурган мусиқа танлаш вақти келгандир?
Дунё миқёсидаги спорт, санъат, илм-фан, умуман барча соҳалардаги мусобақаларда давлатимиз иштирок этаркан, хусусан, ғолибликни қўлга киритаркан, албатта мадҳия мусиқаси янграйди, сўзлари эмас. Миллий мадҳиямиз эса айнан 75 йиллик қуллик қўшиғининг ўзгинаси.
Абулла Ориповнинг қаламига мансуб янги мустақил Ўзбекистон мадҳиясидаги айрим сатрлар ва жумлалар ҳам аввалги сатрларга ҳамоҳангдек. «Серқуёш ўлка», «Сенга ёр иқбол», «Тупроғинг хазина, бахтинг бор жаҳон» каби жумлаларга ўхшаш сўзларни мустақил давлатимиз мадҳиясида ҳам учратиш мумкин. Мутал Бурҳонов муаллифлигидаги мусиқаларнинг ўхшашлигига эса ортиқча тариф беришнинг ҳожати йўқ.
Ўша вақтда депутатлар сафида бўлган Ойгул Маматованинг далолат қилишича Абдулла Орипов шеъри ва Мутал Бурҳонов мусиқаси билан биргаликда Мирпўлат Мирзо шеъри ва Рустам Абдуллаев мусиқаси сўнгги эшитувгача етиб келган. Мирпўлат Мирзо ва Рустам Абдуллаевлар муаллифлигидаги мадҳияда Амир Темур ғалаба марши, миллийлик руҳи бор эди. Аммо, ўшанда залда ўтирганларнинг кўпчилиги бу мусиқанинг тарихий аҳамиятини тушунишмаган. Абдулла Орипов ва Мутал Бурҳоновнинг нуфузи ҳам улар яратган мадҳия танланишига таъсир қилган, дейди Ойгул Маматова. Ойгул Маматованинг айтишича, аввалдан Мутал Бурҳонов ва Абдулла Орипов муаллифлигидаги мадҳия версияси ютиб чиқишига ишонч бўлган, гўёки тепадан буйруқ бўлгандек (Аудиоинтервюни мақола сўнгида тинглашингиз мумкин).
Абдулла Ориповни яқиндан таниган кишиларнинг маълум қилишича, у гоҳида мадҳия ҳақида гап кетса, «Э у менинг шеърим эмас, Мутал аканики, у ерда менинг шеъримдан ҳеч нарса қолмаган», деб ҳазил қилиб қўяркан.
Сессияда яна миллий чолғу асбоблари билан куйланган мусиқага эътирозлар ҳам бўлган. Масалан, ўша сессияда қатнашган ёзувчи Пиримқул Қодиров шундай деган эди:«Давлат мадҳияси қўшиқ каби фақат миллий чолғу асбобларидагина ижро этилса, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида, масалан, Европа ёки Осиё мамлакатларида уни ижро этадиган чолғу асбоблари топилмай қолиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, давлат мадҳиялари барча мамлакатларда бор бўлган симфоник ва духовой оркестрларда хор иштирокида ижро этилади. Мусиқа шу талабларга мослаб ёзилади…. «Чўли Ироқ»ни, «Муножот»ни мадҳия қилсак деган таклиф тушди. Лекин бу яхши кўрган, гўзал куйларимизни бошқа мамлакатларда ижро этиб бўлмаслигини ўзларингиз тасаввур эта оласизлар. Албатта, Ўзбекистон Давлат мадҳиясида миллий руҳ, миллий жаранг бўлиши керак. Давлат мадҳияси бизнинг халқимизга хос жозибали, миллий оҳангларни бошқа давлат халқларига ҳам етказиб берадиган умуминсоний савияда ёзилиши зарур». Мадҳия танлаш жараёнидаги вазиятни бугун тирик гувоҳлари турлича талқин қилади. Бироқ, шуниси бизга аниқки совет мадҳияси ва мустақил давлатимиз мадҳиялари жуда ўхшаш.
Совет Ўзбекистони герби ва Мустақил Ўзбекистон Республикаси герби ўртасида ҳам ўхшашликлар талайгина. Яъни, герб ўртасидаги ўроқ ва болта ўрнини Ҳумо қуши эгаллаган. Советлар даврида катта пахта даласига айлантирилган Ўзбекистонга қўйилган "тамға" - «пахта» белгиси ҳам шундайлигича сақлаб қолинган.
Мустақил Ўзбекистоннинг муқаддас белгилари тубдан янгиланмагандек. Гербимизда аччиқ тарих рамзлари, мадҳияда 70 йиллик мустабид тузум тонгининг шабадалари эсиб тургандек. Нима учун мустақил Ўзбекистон Республикасининг мадҳияси ва герби эски андозага қараб бичилган?
Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб «Ватаним» қўшиғини Севара Назархон куйлаганда, беихтиёр кўзингиздан ёш думалайди. Ундаги сатрлар юрагингиз туб-тубидаги ватанга бўлган меҳрни уйғотгандек бўлади. Балки, бизга тамомила янги мустақиллик мадҳияси керакдир?
Rost24.uz сайти кузатувчиларидан Мустақил Ўзбекистон мадҳияси ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини кутиб қолади.