Амалдорга айланган машҳурлар: Озодбек Назарбековдан Хушнудбек Худойбердиевгача

13.01.2021 07:45

Ўз соҳасида салмоқли меҳнат қилиб, инсонлар кўнглидан жой олган машҳур юртдошларимизнинг айримлари бугун давлат аҳамиятига молик лавозимларда фаолият юритиб келмоқда. Rost24 мухбири амалдорга айланган машҳурлар ҳақида ҳикоя қилади.

Озодбек Назарбеков

Машҳурликдан давлат амалига минган мансабдорлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбековни келтирмай ўтиш нотўғри бўларди.

2017 йилнинг августидан бошлаб Маданият вазирлигида фаолият юритиб келаётган Назарбеков ўз сиёсий карьерасини дастлаб «Ёшлар» телерадиоканали директори лавозимида бошлади. Кейинроқ маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Президент фармони билан 2020 йилнинг 24 январь куни Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Республикаси маданият вазири этиб тайинланди. Июнь ойига келиб Назарбеков номзоди Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори лавозимига ҳам маъқулланди.

Равшан Эрматов

Футбол бўйича Жаҳони чемпионати учрашувларида энг кўп (11) ўйинга ҳакамлик қилиб, рекорд ўрнатган Эрматов 2019 йилнинг июнь ойида ўтказилган Ўзбекистон футбол ассоциациясида ижроқўм аъзолари йиғилишида ЎФА биринчи вице-президентлигига сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан 2020 йилнинг февралидан бошлаб Равшан Эрматовга жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозими ҳам юклатилди.

Сирожиддин Саййид

2018 йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг навбатдан ташқари йиғилишида Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида ишлаб келган Муҳаммад Али вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнида раис ўринбосари сифатида фаолият юритиб келган Сирожиддин Саййид иш бошлади.

Шерзод Қудратхўжа

Ҳукумат раҳбарининг 2018 йил 28 майдаги қарори билан Халқаро пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжа Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ректор этиб тайинланди.

Шундай қилиб, янги ташкил этилган олийгоҳнинг биринчи ректори Шерзод Қудратхўжа бўлди.

Ирода Тўлаганова

2019 йил 8 февралда Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Овоз берувчилар томонидан теннисчилик фаолияти давомида жаҳон рейтингида 16-ўрингача кўтарилган Ирода Тўлаганова номзоди Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби лавозимига лойиқ кўрилди. Роппа-роса бир йилдан сўнг эса Тўлаганова Осиё теннис федерациясининг (ОТФ) вице-президенти этиб сайланди.

Камолиддин Ўринбоев

Опера симфоник оркестри дирижёри, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев 2020 йил 16 июндан бошлаб Ўзбекистон Давлат консерваторияси ректори лавозимига тайинланди.

Унга қадар Ёшлар симфоник оркестри дирижёри лавозимида ишлаган Ўринбоев, ўз навбатида, Италия, Франция, ва Россия каби давлатларда ўз соҳасида тажриба орттирган.

Диёр Имомхўжаев

2020 йил 26 майдан бошлаб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти А.Азизовнинг тақдимига биноан Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитаси томонидан бош директор вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Имомхўжаев журналистик фаолият билан бирга Futbol TV ҳамда Uzreport TV телеканалларида футбол шарҳловчиси бўлиб ишлаган.

Хушнудбек Худойбердиев

Ҳукуматнинг 2020 йил 1 июлдаги қарорига асосан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори, блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари этиб тайинланди.

Ёдгор Саъдиев

2020 йил 29 октярбь куни Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Ўзбек миллий академик драма театри директори этиб тайинланди.

Ш.НЎЪМОНОВ

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.07.2021 20:38
Ҳаммаларининг омадларини берсин! Ўзларига ва оила аъзоларига мустаҳкам соғлик, ишларига омад тилаймиз!
20.07.2021 17:43
Faqat Yodgor Sadiev! Boshqalari hali ancha tajriba ortirish kerak. Tajriba bo'lmasa ming ilmli bo'lmasin hech narsaga erisholmaydi.
20.07.2021 17:24
Равшан Эрматов,Диёр Имомхужаев бирор ишни койиллатганини хали курмадик.ЖЧ буйича антирекордни айтмасак. Сирожиддин Саййид катта янгиликка кул урганидан хабаримиз бор,битта укиган шеъри учун хеч ким танимайдиган ёш йигитчани шахсан бориб Ёзувчилар Уюшмасига аъзо килиб келди.Авваллари билишимизча 3-4 та яхши асар ёзиб,укувчилар,устоз адиблар эътирофи билан кабул килинган янги аъзолар...