Давлат мулозими — ИИВ масъул ходими Шоҳрух Ғиёсовнинг навбатдаги ёлғон баёноти

02.12.2022 19:05

ИИВ матбуот котиби баёнотлари яна ёлғон бўлиб чиқмоқда. 

«Участковой»нинг ўлимига оид янги тафсилотлар:

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни соат 00.50 ларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО Фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими профилактика инспектори, катта лейтенант Н.Б. туманнинг «Ғалаба» маҳалласига тезкор чақирув бўйича етиб бориб, хизмат вазифасини бажараётган вақтида фуқаро Б. З. томонидан пичоқланиши оқибатида вафот этгани хабари берилганди.

Ушбу қотиллик  бўйича шов-шувлар ҳали совиб улгурмай, жиноятга оид бошқа тафсилотлар пайдо бўлди.

Энг ёмони, янги тафсилотлар профилактика инспектори «тезкор чақирув бўйича етиб бориб, хизмат бурчини ўтаётганида» қотиллик қурбони бўлганига оид хабарларни инкор этади. Яъни, «участковой» қоқ ярим тунда бир аёл билан ўзининг шахсий машинасида гаплашиб ўтирганида Б.З. (аёлнинг шаръий турмуш ўртоғи) келиб қолади. Чамаси, эркак аёлни кузатиб келган  ва «участковой» билан «ушлаб» олади ҳамда рашк сабаб ёнидаги хўжалик пичоғи билан катта лейтенантнинг кўкрагига бир маротаба уриб, воқеа жойидан яширинган. Олган жароҳати натижасида профилактика инспектори вафот этган.

Воқелик айни шундай кечганини Xabar.uz'нинг пойтахт ИИБ ва прокуратура органларидаги манбалари тасдиқлаган.

Демак, марҳум Тошкент шаҳар ИИББ  қайд этганидек «тезкор чақирув бўйича маҳаллага чиққани» ҳам, ИИВ матбуот котиби Ш. Ғиёсов айтганидек «профилактика инспектори аввал оёғидан пичоқ еб, чалғигани, бундан фойдаланган гумондор унинг кўксига пичоқ ургани»га оид баёнотлари ёлғон бўлиб чиқмоқда, деб таъкидламоқда xabar.uz.

Эслатиб ўтамиз, аввал ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг журналистларга қарата «ИИБ ходимлари томонидан ўлдирилган фуқаролар тайини йўқ, «ғирт худо урган» одамлар эди», деган аудиоси ҳам эълон қилинган эди. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
37
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар