ТАНИШТИРУВ: Бош вазир ва 7 ўринбосар - Ҳукуматни кимлар бошқаряпти?

02.12.2022 08:39

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи ҳисобланади.
2019 йилда Самарқанддаги йиғилиш вақтида президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси таркибида қисқартиришлар бўлиши, департаментлар бутунлай тугатилиши ҳақида гапирган.

«Вазирлар Маҳкамасини 50 фоизга қисқартирамиз. Бош вазир ўринбосарларининг ярми, департамент бошлиқларининг ҳаммаси кетади. Бюрократия ишлашга тўсиқ бўляпти. Ким нима билан бандлигини биламан. Вазир халққа ҳисобот берадиган қиламиз. Сессияларда ҳоким бошлиқ бўлмайди, ҳоким депутат ҳам бўлмайди. Бу нотўғри сиёсат», деган ўшанда давлатимиз раҳбари.

Ўша вақтда ҳам Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповнинг 7 нафар ўринбосари бор эди, ҳозир ҳам шунча ўринбосарлар фаолият олиб боради. Ҳозирда Бош вазир ўринбосарларининг фақат икки нафари (Раматов, Ғаниев) Вазирлар Маҳкамасини ўзида фаолият олиб боради, вазир ё қўмита раиси сифатида эмас.

Бош вазир ва унинг 7 нафар ўринбосари
 

 

Abdulla Aripov O'zbekistonning YEOIIga a'zo bo'lishi ehtimoli yuzasidan  fikr bildirdi 13-02-2022, 14:40 - Zamin.uz

Ўзбекистон Бош вазири Арипов Абдулла Ниғматович

Абдулла Арипов 2016 йилда парламент вакилларининг тўлиқ овози билан Ўзбекистон Бош вазири бўлган. У оддий муҳандисликдан ҳукумат тепасигача кўтарилган алоқачи муҳандисдир. Арипов 1992 йилда алоқа вазирлигида Бош мутахассисликдан 10 йил ичида Бош вазир ўринбосари лавозимигача кўтарилган. Аммо, 2012 йилдаги Гулнора Каримова билан боғлиқ муаммолар уни ҳукуматдан узоқлаштирган. Ш.Мирзиёевнинг ҳукумат тепасига келиши билан у яна амалдорликка қайтди. 

***

                                

 Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Раматов Очилбой Жуманиёзович

Баъзи тор доираларда уни «темир одам» дейишади. Бу унинг темирйўлдаги фаолияти билан боғлиқми ёки муаммоларни четлаб ўтиш иродасигами бизга қоронғу. Вазирлар маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти,Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими ва Экологик назорат бўлими бевосита Раматов назоратида фаолият олиб боради. 

Очилбой Раматов 1962 йил Хоразм вилоятида таваллуд топган. 2016 йилда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

2002 йилдан буён ҳукуматда юқори лавозимларида ишлаб келади. У 17 йил давомида «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бошқарув раиси, кейин транспорт вазири бўлди. Бу лавозимлари билан бир вақтда Ўзбекистон футбол федерацияси президенти, қолаверса, сенатор сифатида ҳам ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон бокс федерацияси президенти сифатида ҳам фаолият юритади.

Шу йил 60 ёшга тўлиши муносабати билан ўзининг бешинчи давлат мукофотини - «Меҳнат шуҳрати» орденини қўлга киритди. 

***

 

https://upload.wikimedia.org/wikipedia/commons/thumb/4/42/Jamshid_Kuchkarov.jpg/415px-Jamshid_Kuchkarov.jpg

Бош вазир ўринбосари Қўчқоров Жамшид Анварович

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири

Вазирлар маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти бевосита унга бўйсунади.

Жамшид Қўчқоров 1962 йили Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Тошкент иқтисодиёт университети ва АҚШнинг Колорадо университети битирувчиси. Меҳнат фаолиятини 1985 йилда бошлаган. Раҳбарлик лавозимларига 1996 йилдан бошлаб тайинланган. Шундан буён Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари, Молия вазирининг ўринбосари, Молия вазирининг биринчи ўринбосари вазифаларини бажариб келган.

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари, молия вазири бўлди.

2020 йилда иқтисодиёт ва саноат вазири этиб тайинланди, шу йилни ўзида бу вазирлик Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазирлигига айлантирилган эди.

***

               

ҒАНИЕВ Шухрат Мадаминович

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари. 

Унга Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибияти бўйсунади.

Ғаниев 1968 йил Марғилонда туғилган. Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини 1992 йилда битирган бўлсада, кейинроқ қайта олий маълумот олиш учун таҳсил олган ва 2005 йилда Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган.

Иш фаолиятни 1986 йилда Фарғона вилояти истеъмолчилар бирлашмаси Марғилон базасининг етакчи мутахассиси вазифасидан бошлаган. Вилоят бўлимларида раҳбарликдан тортиб „Агрокимётаъминот» акциядорлик бирлашмаси бошқаруви раиси лавозимларигача кўтарилган, 2001—2002 йиллар „Қишлоқхўжаликкимё» акциядорлик бирлашмаси бошқаруви раиси, 2002 – 2004 йиллар “Ўзқишлоқхўжаликкимё” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимларида фаолият олиб борган. Айни шу йиллар унинг Кимё технологиялари университетидаги талабалик йилларида тўғри келади. 2004—2007 йиллар „Ўзкимёсаноат» давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари сифатида ишлаб яна Фарғонага қайтади. 2008 йилдан Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, 2012—2020 йилларда эса Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси сифатида фаолият олиб борди. Айни ҳокимлик вақтида журналистлар томонидан энг кўп танқид қилинадиган вилоят раҳбарларидан бири эди. 2020 йилдан яъни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, аграр ва озиқ-овқат масалалари бўйича комплекс раҳбари вазифасида ишлаб келаётгандан буён у ҳақида ОАВ да деярли хабарлар берилаётгани йўқ.

***

                                      

 Ходжаев Жамшид Абдуҳакимович

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири

Унинг чекига Инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари ҳамда Маҳаллий саноатни ривожлантириш ва кооперация алоқалари масалалари котибиятлари тушган.

Бу лавозимда унга қадар президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланган Сардор Умурзаков фаолият олиб борган.

Жамшид Ходжаев 1979 йилда Фарғонада туғилган. Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети (2000) ва собиқ «Умид» жамғармаси гранти асосида Буюк Британиянинг Бирмингем университетини тамомлаган. Банк тизимида 2000 йилдан буён ишлаган, хусусан, Ўзбекистон Марказий банки тузилмасидаги 14 йиллик меҳнат фаолиятининг 8 йили давомида раҳбарлик лавозимида ишлаган.

2017 йилнинг ўзида уч маротаба лавозими ўзгарган. Йил бошида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб, шу йил августида Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари, ноябрдан эса ташқи савдо вазири бўлди. 2019 йил январь ойидан қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланган ва 2022 йилгача ушбу лавозимда фаолият олиб борди.

***

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳам мавжуд. Лекин ҳозирда бу лавозим вакант. Унга Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибияти, Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти ва Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти бўйсунади.

***

 

Бош вазир ўринбосари Абдуҳакимов Азиз Абдуқахоривич

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазири
 

Туризм, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси унга бўйсунади. Абдуҳакимов 2022 йилдан буён ушбу лавозимни эгаллаб келади.

У 1974 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича битирган. Магистратурани эса Япониянинг Хитотсубаси университетида тамомлаган. Азиз Абдуҳакимов меҳнат фаолиятини 1993 йилда Ипак йўли банкида турли лавозимларда бошлаган. Кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бош мутахассиси, Берлинер Банк АГ Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари, Ўзсаноатқурилишбанк бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритган. 2004 йиллардан буён ҳукуматда - Вазирлар Маҳкамаси департаментида бўлим мудири, Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси, Монополияга қарши кураш давлат қўмитаси раиси,  Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Бош вазирининг ўринбосари — таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа масалалари мажмуаси раҳбари, Туризм ва спорт вазири каби лавозимларни эгаллаб келган. Бир вақтнинг ўзида бир нечта лавозимларда ишлагани сабабми уни ижтимоий тармоқларда «Супермен» ҳам дейишади.

***

                 

https://www.gazeta.uz/media/img/2020/03/CMhsw115833290865332_b.jpg

МАХКАМОВА Зулайхо Бахриддиновна

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари -  Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси

Оила ва хотин-қизлар масалалари котибияти унга бевосита бўйсунади.

1968 йил Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган. Наманган Давлат Педагогика Институтини, Президент ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1989 йилда мактаб ўқитувчиси сифатида бошлаган ва халқ таълими соҳасида турли лавозимларда меҳнат қилган. Давлат бошқарувидаги фаолияти 1998 йилда бошланган, шу йили у Янгиқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланади ва кейинчалик хотин-қизлар қўмитаси раиси, Янгиқўрғон тумани фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш маркази директори каби лавозимларида фаолият кўрсатган. Турли йилларда Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган. 2018 йилда эса Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлди ва 2020 йилдан Тўрақўрғон тумани ҳокими вазифасига ўтган. У Ўзбекистондаги бешинчи аёл ҳоким саналади.

2022 йил 1 мартдан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келмоқда. Бу қўмита фаолияти ижтимоий тармоқлар фаоллари томонидан танқид қилиб келинмоқда ва сўнгги маротаба бу ташкилотнинг журналистларга очиқ эмаслиги муҳокамаларга сабаб бўлди.

***

МИРЗАМАХМУДОВ Журабек Турсунпулатович

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири

Ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятини у мувофиқлаштиради.

Жўрабек Мирзамаҳмудов 1979 йилда Наманган вилоятида туғилган. 2001 йил АҚШдаги Алабама университетини, 2005 йил Тошкент кимё-технологиялар институтини тамомлаган. Эътиборли жиҳати яна бир ўринбосар Шухрат Ғаниев ҳам айни шу йилда шу университетни битирган.

2006-2012 йилларда «Ўзбекнефтгаз»да турли лавозимларда ишлаган, кейин иқтисодиёт вазири ўринбосари, «Ўзкимёсаноат» раиси ўринбосари, Вазирлар маҳкамасида департамент мудири лавозимларида ишлаган. Сўнгра Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги бош директори, 2019 йилдан «Ўзатом» агентлиги бош директори бўлган. Шу йили энергетика вазири ўринбосари, 2020 йил январида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси лавозимига тайинланган ва бош вазир ўринбосари, энергетика вазири бўлгунга қадар шу ерда фаолият олиб борган.

Вазирлар Маҳкамасининг таркиби, ваколати ва вазифалари Президент Администрацияси фаолиятидан қанчалик фарқ қилади? Администрация «кенгай»гани сари унинг вазифаси вазирлар маҳкамаси фаолиятини такрорлаб қолмаяптими? Навбатдаги мақоламиз шу ҳақида бўлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
21
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар