— Қудратилла Рафиқов бошчилигидаги ташкилотга бунча имтиёзлар ва маблағлар нега берилмоқда?
— Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси аъзоларнинг ҳуқуқлари ҳимояси учун ҳеч қайғурганми?
— Биламизки, федерация раҳбарининг ўринбосарлари охирги йилларда шиддат билан кўпайиб борди. Хўш, улар нималар билан банд?
— Болалар оромгоҳлари ҳақидаги Президент қарорига асосан яна миллиардлаб маблағлар ажратилмоқда, умуман болалар оромгоҳлари битта қўлда бирлаштирилишидан қандай маъно бор?
— 5 миллиондан ортиқ аъзоси уюшма учун ўз маошининг 1 фоизини тўлайди. Хўш, бу маблағлар қаерга ишлатилмоқда? Нега маълумотлар очиқланмайди?
— Шу вақтгача нега Ўзбекистон касаба уюшмалари пахта теришга мажбурланган болалар ёки шифокор, ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилганини эшитмаганмиз. Буни қандай изоҳлайсиз?
— Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги санаторийларда ҳали ҳамон иттифоқ давридан қолган жиҳозлар ишлатилаётгани ростми?
— 65 та болалар оромгоҳи федерацияга “оғирлик” қилмайдими?
Rost24.uz нашри шу каби саволлар билан чиққан эди. Бугун уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Анваржон Абдумухторов билан жавоб берди.
Анваржон Абдумухторовнинг фикрича, 1998 йилда Ўзбекистонда 429 та сационар болалар оромгоҳлари бўлган. Айни дамда улар сони 204 та қолган. Вазирлик ва турли қўмиталар ўз балансида бўлган болалар оромгоҳларини сотиб юборган. Оромгоҳларни сотиб олган аксарият тадбиркорлар уларнинг хизмат кўрсатиш шаклини ўзгартирган. Яъни болалар оромгоҳи тадбиркорлар учун даромадли тармоқ бўлмагани сабабли, сўлим оромгоҳлар ўрнини турли тадбиркорлик объектлари – коттежлар, чойхона ва бошқа объектлар эгаллаган. Касаба уюшмалари бугун ана шу сақланиб қолган 65 та болалар оромгоҳини қайта жонлантирмоқчи. Бунинг учун уюшма таркибида махсус жамғарма очилиб унга бюджетдан миллиардлар йўналтирилиши кўзланмоқда.
Уюшма фаолияти нафақат оромгоҳ ва санаториялар билан боғлиқ. Балки, касаба уюшмалари яна қатор масалаларга масъул ҳисобланади. Бундан ташқари касаба уюшмасининг янги ташкил этилган Академияси ва унга йўналтирилган маблағлар ҳақида нималарни биламиз? Қуйидаги суҳбатда бу ҳақида тўлиқ танишиш мумкин.