Ўзбекистон бўйлаб юзлаб янги қурилган мактаб, поликлиника ва боғчалар жиҳозланмагани сабабли қаровсиз қолмоқда

30.11.2022 18:46

«Республика бўйлаб мактаб, поликлиника ва мактабгача таълим муассасаларини қурилиши учун маблағ бор аммо, жиҳозлаш учун пул йўқ. Ижтимоий объектлар қуриб битказилгач, жиҳозланмаганлиги ва вақтида бунинг учун маблағ ажратилмагани учун йиллаб бўм-бўш фаолиятсиз қолиб кетмоқда», дейди Халқ депутатлари Сурхондарё кенгаши котибияти мудири Сайдулла Абдураимов.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг 29 ноябрда ўтган навбатдаги йиғилишида депутат Сайдулла Абдураимов аҳоли учун зарур, аммо жиҳозланмагани учун бўш қолаётган мактаб ва поликлиникалар муаммосини кўтарди. Депутатнинг сўзларига кўра, ижтимоий объектларнинг қурилиши учун маблағ ажратиладию, бироқ уни ичини жиҳозлаш учун вақтида пул берилмагани сабаб бинолар анча вақтгача қаровсиз ва бўш қолиб кетади. Ҳозирда, Республика бўйлаб деярли барча вилоятларда ана шундай бўш ва янги ижтимоий объектлар бор. Сайдулла Абдураимов бу Юксалиш умуммиллий ҳаракати таркибидаги мустақил мониторинг гуруҳининг хулосалари эканлигини айтмоқда.

«3 миллиард сўмга бино қурилади. Шу маблағнинг 10 фоизини ташкил этувчи жиҳозлар учун 300 миллион сўм ажратилмагани сабаб, 3 млрд.сўмлик бино узоқ вақт давомида бекор ётади. Ўз ўрнида сарфланган 3 млрд. маблағ ҳам «айланмай» қолиб кетади. Бу каби мисоллар эса вилоятларда кўплаб топилади», дейди депутат.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил бошида қабул қилинган «2022−2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [98-сон] Президент қарорида бу йилнинг ўзида ижтимоий соҳаларга 5,9 трлн сўм ажратилиши белгиланган эди. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар