Суғур куни: Йиллар ўтаяпти, ваъдалар ўша-ўша ёхуд энергетиклардан навбатдаги чўпчаклар

17.11.2022 14:42

Совуқ кунлар тушгандан буён аҳоли яна газ, электр ўчирилиши муаммоси билан юзма-юз келди. Йиллар давомида кузатиладиган жараёнлар, суғур куни каби қайтарилади. Кунлар совийди, чироқ, газ ўчади, халқ норозилик билдириб ижтимоий тармоқларга дардини тўкади ва мутасаддилар катта-катта маблағлар ажратилаётгани, янги лойиҳалари ва яқин орада яхши бўлиши ҳақида ваъдаларга тўла ҳисоботлари билан бизни ишонтирмоқчи бўлишади. Шундай ваъдалар билан совуқ қишни амаллаб ўтказиб олинса у ёғи баҳор яна муаммо унутилади.

16 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида ҳам журналистларга анча осон мутасаддиларга эса бу саволларга жавоб бериш анча мушкул бўлди. Баъзи саволларни айланиб ўтилди, айримларига қийналиб бўлсада жавоб беришди. Журналистлар томонидан берилган аниқ саволлар, жумладан Ўзбекистон манфаатларига зид бўлган Лукойл билан шартнома, газ бўйича экспорт-импорт, ишончли бошқарувга топширилган корхоналарга оид яширин шартномалар, "Jizzax petroleum" масаласи, конлар текинга бериб юборилаётгани юзасидан аниқ жавоб олингани йўқ.  
Энергия тақчиллиги сабаблари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, мутасаддилар таъбирича, тақчиллик сабабларидан бири эҳтиёжнинг таклифга қараганда тезроқ ўсиб бораётгани ва аҳоли исрофгарчиликка йўл қўяётгани экан. 

Берилган рақамларга қараганда, Ўзбекистондаги электр энергияни кунлик эҳтиёжни қоплаш учун 230-232 млн кВт/соат электр энергияси ресурси мавжуд, аммо шу кеча-кундуздаги ҳақиқий эҳтиёж 245 млн кВт/соатни ташкил этмоқда.

Биз қачон ҳақиқатда ўчмайдиган энергетика тизимига эга бўламиз? Аниқ муддат борми?

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган «Истеъмолчиларни энергия билан тўлиқ таъминлаш, бу борадаги муаммолар, долзарб вазифалар» бўйича матбуот анжуманида Rost24.uz мухбири шу саволни ўртага ташлади.

Унга бироз ўйланишдан сўнг жавоб беришга жазм этган Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев аниқ вақтни айта олмади.

— Қачонки биз исроф қилишни тўхтатмас эканмиз, ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига тўлиқ эҳтиёжни қоплай олмаймиз, — деди у. — Биз иқтисод қилишни ўрганишимиз керак, бу ҳукумат ёки Энергетика вазирлиги даражасида эмас, умуммиллий ғояга айланиши керак.

Ходжаевнинг таъкидлашича, қанча таъминот оширилмасин, иқтисод қилишни ўрганмасак, барибир энергия етиб бормайди.

Нега бу борада аҳвол қўшниларда яхши-ю, бизда ачинарли...

Rost24.uz мухбири Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаевга «Вазирлик энергия билан халқ қандай таъминланганини, Ўзбекистонда аҳвол қандаю, бошқа давлатларда қандай. Ҳеч солиштириб кўрадими? Мисол учун ижтимоий тармоқлар орқали Қозоғистон Чимкентда ёки Туркманистон ёки Қирғизистоннинг Ўшидаги ҳолатлар биздан кўра батамом яхши эканини ёзишмоқда. Нега бу борада аҳвол уларда яхшию, бизда ачинарли...», дея савол берди.

Шерзод Ходжаев: «Қўшни мамлакатлардаги электр энергиясига бўлган талабнинг ўсиш суратлари бирорта мамлакатда Ўзбекистон билан қиёслайдиган даражада эмас, яъни охирги беш йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича йиллик ўсиш суратининг энг юқориси Ўзбекистонда. Бирорта қўшни давлатимизда йиллик 7-8 фоиз ўсиш сурати йўқ. Бу бир томондан яхши чунки иқтисодиётни ўсаётганидан далолат беради. Электр таъминотидаги бу муаммолар 12 ой сурункали учрайдиган муаммолар эмас. Бу мавсумий муаммо. Лекин мавсумий муаммолар бўлмаган ҳолатларда ҳам электр энергиясига талаб йилдан-йилга ортиб боряпти. Тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш ва аҳолини турмуш даражасини ортиши яна бир аҳамиятли жиҳати Ўзбекистонда ҳар бир хонадонга тўғри келадиган йиллик истеъмоли қўшни мамлакатларимиздан бир неча баробар юқорироқ. Йиллик тадбиркорлик субъектларини ортиб бориши барча қўшни мамлакатларимизга нисбатан йилига 70-75 минг янги истеъмол объектлари электр тармоқларимизга уланади», дея жавоб берди.

Ҳамма жойда талабга яраша таклиф берилади. Қўшни мамлакатларга нисбатан бизда эҳтиёж юқори экан, нега ушбу эҳтиёж қопланмаяпти.

Бундан ташқари баъзи ҳудудларда 8-12 соатгача чироқ ўчади. Электр энергиясини тежаш учун шундай узоқ вақт чироқ бўлмаслиги мумкинми деган саволга вазир ўринбосари «Аслида сабабсиз 1 соат ҳам чироқ ўчиши мумкинмас, аммо бугунги кунда бундай ҳолатлар мажбурликдан кўрилаётган чора» дея жавоб берди. Вазир сўзига қўшимча қилиб электр энергиясини тежаш учун энди пойтахт кўчаларидаги ҳамда реклама баннерларидаги чироқларни вақти-вақти билан ўчириб туришни айтди.

Матбуот анжуманида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев «Муборак газ конининг 40 йиллик, Шўртан газ конининг 70 % захирасини қазиб олиб бўлдик!», деб маълумот берди. Унинг қайд этишича, кейинги вақтларда йирик конлар топилаётгани йўқ.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев айни тадбирда «Тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади. Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди. Бугунги кундаги узилишлар 8-10 соатлаб токни ўчиришга сабаб бўлолмайди», деган иддаони қилди. Шунингдек, Электр таъминотидаги узилишлар бир соатдан ошган ҳудудларда масъулларга чора кўрилиши айтилди.

«Қайси ҳудудларда электр энергиясидаги узилишлар ярим ёки бир соатдан ошиб кетаётган бўлса, бунинг сабабларини ўрганамиз. Керак бўлса, камчиликларга йўл қўйган масъулларга чора кўрамиз», — дейди Энергетика вазирлиги масъули.  

Амалдорларнинг навбатдаги ваъдалари амалга ошадими, йўқми, буни яна вақт кўрсатади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
17
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар