Бугун, Самарқанд йирик сиёсий учрашув ва суҳбатларга мезбон бўлмоқда. Айни дамда Туркий давлатлар ташкилотининг сессиялари бошланиб улгурган. Унда Президент Шавкат Мирзиёев маъруза қилмоқда. Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотида иқтисодий масалаларнинг муҳимлигига урғу бермоқда.
Хусусан, Транскаспий халқаро коридори ҳақида у шундай деган.
«Биз Транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапиряпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак. Мисол учун: Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 фоиз ташқи савдо юкларини ташимоқда», деди Шавкат Мирзиёев.
Сиёсий таҳлилчилар ташкилот кўпроқ савдо бўйича ҳамкорликни кучайтиришини айтишмоқда.
Аммо, Мирзиёев Туркий давлат ташкилоти давлатлари билан ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдомизнинг атиги 4 фоизини ташкил қилишини ва бу қониқарли эмаслигини айтган.
Шунингдек, Президент ўз нутқида аъзо давлатлар лидерларига Самарқанд шаҳрини «Туркий цивилизация пойтахти» деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилигини билдирган.
Эслатма: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилаётган йиғилишда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, кузатувчи мамлакат Венгрия Бош вазири Виктор Орбан саммитнинг фахрий меҳмони - Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, ташкилот бош котиби Бағдод Амреев иштирок этмоқда.