Совға учун 1,5 миллион: Бизда ҳадя, дунёда порами?

09.11.2022 11:47

Амалдорларнинг турли баҳоналар билан катта катта совғаларни олиши ҳеч кимга сир эмас. «Хамир учидан патир» қабилидаги бундай совғаларни бериш, энг кичик даражадаги хизматчилардан тортиб катта ишларни ҳал қиладиганларигача бориб етиши ҳақида мисоллар кўп. 

Айниқса хизмат сафарларига борганда ноз неъматга тўла дастурхонлар ёзилиб меҳмон қилиниши, бундай меҳмондорчиликлар эса «арзимас»деб аталадиган совғалар билан якунланиши одатга айланиб улгурган. Турли байрамлару туғилган кунлар, тўйларда эса, ҳудудлардан совғалар карвонлари йўлга чиқади. Масалан, янги йилда Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззахдан тандир гўштлар жўнатилса, Водий, Самарқанд томонлардан сархил узум, анор, хандон писта, алоҳида тайёрлаш усулида қуритилган мевалар каби ноз неъматлар етиб келади. Буларни кўпчилик пора ўрнида эмас, шунчаки илтифот, ёки ҳурмат юзасидан ҳадя сифатида қабул қилишади. Жўнатмаларни қанчалик қийматга эгалигини унинг ичига конверт солганлару ўрамни очиб олганлар билади. «Гап совғадамас, эътиборда», деб қабул қилувчи давлат хизматчиси эса, кейинроқ иш тушганда бу «оқибатли» танишини унутмаслиги аниқ.

7 ноябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жамоатчилик учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига биноан барча давлат хизматчилари базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) бараваридан (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) кўп бўлмаган миқдорда совға олишига рухсат этилади. Ҳозирда бу 1,5 млн сўм дегани. Агар совға қиймати бу миқдордан ошса, ортиқча қисмини бюджетга тўлаш орқали совғани тасарруф этиш мумкин. Унинг миқдори даромади бизникидан анча юқори бўлган давлатларникидан ҳам кўпроқ. Албатта, бу норма бўлиши яхши, лекин, у ҳозирги ҳужжатда унчалик қатъий белгиланмаган.

Ҳужжат номига эътибор қаратсак, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг буйруғига илова сифатида берилган «Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги» Низом. Бу низом сиз билан биз ўйлаган, ўз бўйсунувидаги ходимдан, ёки ишни ҳал қилиш учун олинадиган совғаларни назарда тутмаяпти. Бу нормалар аввалги ҳужжатларда акс этган. Уларда амалдорларнинг совға олишига йўл қўйилмайди. дейилган. Лекин, амалдорлар ҳам уларга совғалару, тўёналар берувчилар ҳам кўпинча уларга амал қилишмайди. Шу вақтгача, чиққан, қонун, Бош вазир қарорига риоя этмаган амалдорнинг бу буйруққа бўйсунишига ишониш қийин.

Чет элда амалдорларга нима бериш мумкин?

АҚШда федерал амалдорлар ва президентга чет элликлар совғаларининг қиймати 305 доллардан ошса, уларни декларация қилиб, давлат архивига топширишлари шарт. Тўғри, давлат хизматчиси ўзи ёқтирган нарсани сотиб олиш имкониятига эга. АҚШ Давлат департаменти ҳар йили Федерал реестрда (Federal Register) совғалар рўйхатини эълон қилади. Ҳар қандай даражадаги мансабдор шахсга ўз мамлакати фуқаросидан олинган 50 доллардан ортиқ бўлган совға пора ҳисобланади. Сенаторларга совғалар нархи йилига 300 доллардан ошмаслиги керак, умумий қиймати 75 доллардан ортиқ бўлган совғалар декларация қилинади. Конгрессменлар учун бу рақамлар мос равишда 250 ва 100 долларни ташкил қилади.

Сингапурда вазирлар ва уларнинг оила аъзолари, агар улар олувчини қизиқтириш мақсадида берилган бўлса, вазирнинг ахлоқ кодексига кўра, совғаларни қабул қилишлари тақиқланади. Қиймати 50 Сингапур долларидан (32 доллар) кам бўлган совғаларни сақлашга рухсат берилади, каттароқ суммадагисини эса вазирлар ўз ҳисобларидан давлатдан сотиб олишлари мумкин. Бошқа мансабдор шахслар барча совғалар ҳақида махсус комиссияга ҳисобот беришади. Агар у совғани қиммат деб ҳисобласа, у ким ошди савдосида сотилади, пул бюджетга тушади.

Францияда амалдорга совғанинг максимал қиймати 35 еврони ташкил қилади. Қимматроқ совғалар донорга қайтарилиши керак. Шундай қилиб, Франциянинг собиқ президенти Франсуа Миттеран совғага олган отини эгаларига, Франциянинг яна бир собиқ раҳбари Жак Ширак эса АҚШнинг собиқ президенти Билль Клинтонга Ролекс соатини қайтаришга мажбур бўлган.

Канада ҳукумати ходимларига қиймати пул билан ифодаланиши мумкин бўлган ҳар қандай совғаларни қабул қилишга рухсат берилмайди. Ушбу қоидани бузиш жиноий жавобгарликка тортилади.

Латвия Бош вазири ўз совғаларини фақат лавозимидан кетганидан кейин ва фақат тўлов шарти билан олиши мумкин. Тақдимотлар нархи Давлат департаменти ва Маданият вазирлиги ходимларидан иборат махсус комиссия томонидан белгиланади.

Хитойда мансабдор шахсларга ҳадя қилиш тақиқланган нарсалар рўйхати қонуний равишда ўрнатилди. Унга киритилган нарсаларни қабул қилиш пора деб ҳисобланади ва ўлим билан жазоланади. Рўйхатга китоблар киритилмаган, шунинг учун ОАВ хабарларига кўра, пора кўпинча қимматбаҳо қоғозлар ишлатилган китоблар кўринишида берилади.

Грузия қонунчилигига кўра, давлат амалдорига қиймати 150 лари (80 доллар) дан ошмайдиган совға тақдим этилиши мумкин. Амалдор яқин қариндошларидан қимматроқ совға олиши мумкин. Бироқ, агар совғанинг нархи яшаш учун зарур бўлган йиллик минимум харажатлардан ўн баравар ошса, давлат хизматчиси уни даромадлар тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатиши шарт.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
09.11.2022 19:12
Анорахон кизим бу конун б н амалдорлар узларига йул топишюди