Қоғозда бор, амалда йўқ: Миллионлаб дарахтларни экилди, деб ҳисоботлар киритилган

24.10.2022 15:06

Сенат йилига 200 миллион дарахт экилиши назарда тутилган лойиҳа доирасида масъуллар 6 миллиондан ортиқ экилмаган кўчатни экилган, деб кўрсатишганини маълум қилди. Бу сафар ҳам айбдорлар шунчаки, «дакки» эшитадими? Ёки жазолар  кучайтирилиши кун тартибига қўйиладими?

Йилига 200 миллион туп дарахт. Тасаввур қилаяпсизми? Агар улар тўғри экилса ва парвариш қилинса Ўзбекистон яп-яшил ҳудудга айланиши керак. Лекин, йиллар давомида экилган ва кейин қуриб кетган, ёки умуман экилмай фақат қоғоздаги ҳисоботларда қолиб кетган лойиҳалар қаторига яна бир лойиҳа ҳам кирадиган кўринади. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳақида 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кўриб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур лойиҳа доирасида, йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган эди. Бунда Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятида — 16 млн тупдан, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғонада — 15 млн тупдан, Қорақалпоғистон, Навоий, Сирдарё, Хоразмда — 14 млн тупдан кўчат экилиши керак эди.

Ўша йиғилишда президент ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этиш бўйича топшириқ бергани хабар қилинганди.

Демак, бу лойиҳа ортида ҳам миллиардлаб пуллар бор.

Сенатнинг навбатдаги йиғилиши ҳақидаги хабарда бу лойиҳа доирасида аслида экилмаган 6,2 млн дона дарахт кўчатлари ҳисоботларга «экилди» деб қўшиб ёзилгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, «Яшил макон» доирасида жорий йил баҳорида дарахт кўчатларини экиш ишларида бир қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Жумладан, дарахт экиш ишларини тизимли ташкил этмасдан, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган. Ҳақиқатда экилмаган 6,2 миллион дона кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган, 3,4 миллион дона кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган. Шунингдек, 2,4 миллион дона кўчат сувсизлик ва етарли парвариш бўлмаганлиги сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган. Ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг дона кўчат яроқсиз ерларга экилган.

Бу шунчаки «камчилик» эмас, жиноят!

Сенат хабари чиққандан сўнг, жамоатчилик ҳам эътирозлар билдира бошлади. Жумладан, платформа.уз каналида шундай фикрлар билдирилган:

«Шу «миллий сафарбарлик» кайфиятидаги ишларнинг замони ўтганми, дейманда. Мана, масалан, шу кўчат экиш ҳафталиги, ойлиги деганга ўхшаш лалми ташаббусларимизнинг. Унинг лалмилиги шундаки, уям худди қоғозларда экилган кўчатлардек унмас.

Ундан кўра, бу ишларни бирор масъул идора (масалан ободонлаштириш бошқармаси)га юклаб, ҳисобни улардан сўраган яхши эмасми? Энди қаранг, Сенат ҳисоботида 6,2 млн. дона кўчат фақат ҳужжатларда «экилгани» қайд этилган. Демак бунга пул чиқим қилинган. Ва шунча млн. дона кўчатнинг баҳоси бозор нархида ҳисобланганда қанча бўлади? Бунга ким ҳисоб беради?

Ахир бу айтилаётганидек, шунчаки «камчилик» эмас, жиноятку! Бюджетнинг, халқнинг пулини совураётганлар кимлар? Буларга, албатта, жавоб топиш керак бўлади. Энди савол туғилади, сенаторларимиз масалани бизга фақат таҳлил қилиб, «камчилик»ларни кўрсатиб бераётирми ёки прокуратурага мазкур масалада сўров ҳам киритганми? Шу ҳақида хабар беришмабди».

Ҳали бу Сенат томонидан маълум қилинган маълумотлар, холос. Ҳақиқий манзара бундан ҳам оғирроқ бўлиши мумкин. Бир йилда 200 миллион дарахтни экилганига ва у кўкариб чиққанига ишониш қийин.  

Нисбатан назорат кучлироқ бўлган пойтахтга экилган дарахтларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 30-40 фоиздан ҳам пасайиб кетгани, экилган 75 минг дарахтдан 52 мингдан ортиғи қуриб қолгани ҳақида мисоллар бор

Зеро, йиллар мобайнида нафақат пойтахтда, бутун республикада минглаб, миллионлаб кўчат экилгани ҳақида баландпарвоз хабарлар эшитамиз. Амалдорлар енг шимариб, дарахт экиб, суратларга тушишади, бу кўчатларнинг кейинги тақдири эса мавҳумлигича қолади. 

Ҳокимликларнинг кўкаламзорлаштириш важидан ажратаётган миллиардларини эса аоҳида мақолада кўриб чиқамиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
28.10.2022 02:16
Бу макола хам куп мухокамага сабаб булса учириб ташланглар. РОСТЧИЛАР.
28.10.2022 02:14
6 200 000×10 000=62 000 000 000 ёмон сумма эмас, бу сумма каерга кетди, буни ким сурайди.
25.10.2022 19:07
Жуда хам долзарб мавзудаги мақола! Мен Тошкентда кўп қаватли домда яшайман, бахорда домнинг ховлисига махалла раиси ва хокимият казо-казолари келиб дуч келган жойларга кўчат экиб кетишди. Кўпроқ кўчат билан селфи қилиб расмга тушишиди! Мана хозир куз келди, экилган кўчатларнинг фақат 30% қоди, қолган 70% қуриб қолди! Давлатнинг жуда катта маблағи исроф бўлди! Давлат амалдорлари фақат кўзбўямачилик билан шуғулланишга ўрганиб қолган, чиройли хисобот беришса бўлди! Асосий мақсад мансабда кўпроқ ўтириб бойлик орттириш, халқнинг муаммоларни хал қилиш бу иккинчи даражали масала!