Президент талабини бажармаётган Умрзоқов ва аҳолини қийнаётган “UzAuto Motors” ёлғонлари

17.10.2022 09:52

Rost24.uz Президент талабларини бажармаётган раҳбар ва вазирликларни сўроққа тутишда давом этади.

«Одамлар норозилигини билиб туриб, билмасликка олиш бу — хиёнат бўлади. Автомобилларга маълум миқдорда тўлов қилиб, 3-4 ойлаб кутилмоқда. 2022 йил 1 майга қадар автомобиль навбатларини узил кесил тўлиқ бартараф қилиш шарт».

Шавкат Мирзиёев.
14.02.2022 й.

"UzAuto motors" Президент талабини нега бажармаяпти?

Президент “UzAuto Motors” компанияси раҳбари Шавкат Умрзоқовдан 2022 йил май ойигача автомобиль сотиб олишдаги навбатларга барҳам бериш талабини қўйган эди.

Шавкат Умрзоқов нега Президентга ёлғон ваъда берган?

Жорий йил бошида Президент Uzavtoдан аҳоли рози эмаслигини ва компания май ойигача одамларни рози қилиш, автомобиль сотиб олишдаги навбатни тугатиш кераклигини таъкидлаган эди.

Орадан 6 ойдан кўп вақт ўтди. Сиз Ўзбекистондаги йирик автомобиль жамловчи завод хизматидан розимисиз? Бугун “UzAuto Motors” машиналарини харид қилиш учун 50 фоиз тўловни қилсангиз 2023 йилнинг декабрь ойида автомобилингизни салондан олиб кетасиз. 1 йил аввал тўлов қилиб, кутиш бундай хизматдан рози бўлиш мумкинми? Ер юзининг яна қайси ҳудудида шундай хизмат бор. Тўғри, премиум класс автомобилларидан бўлган Бугатти, Масератти каби уловларнинг айрим турларини ҳам аввалдан буюртма бериб узоқ кутиш мумкин.  Ўзбекистон автосаноати ҳам ана шундай юқори даражадаги хизмат турлариданми?

Rost24.uz мухбири Президент талаби бажарилган ёки бажарилмаганини текшириш учун Тошкентдаги йирик автосалонларга мурожаат қилиб вазиятни ўрганди. Ҳозирда автосалонларда айрим бозори чаққон "Седан" туридаги автомобилларига 50 фоиз тўлов қилсангиз, 2023 йил декабрь ойидагина машинани салондан олиб кета олишингиз мумкин. Мухбиримиз деярли барча салонлардан ана шундай жавобни олди. Демак, февралдаги Президент талаби ҳамон амалга ошмаган.

Хўш, нима учун? Биз айни савол билан «Ўзавтосаноат» маъмуриятига мурожаат қилдик.

Аввалига матбуот котиби раҳбари лавозими тайинланмагани сабаб маъмурият бизга жавоб беролмаслигини билдирди. Бизнинг қистовимиздан сўнг, саволимизга жавоб сифатида ахборот хизмати “UzАuto motors” Президент топшириғини бажариб, 2022 йилнинг ярим йиллигида 160 000 дона автомобиль ишлаб чиқаргани ва рекорд ўрнатгани ҳақидаги хабарни юборди. Афсуски, «фалон завод, фалонта маҳсулот ишлаб чиқарди», деган хабар билан аҳолини қанча алдамайлик реал вазиятга кўра навбатлар, узоқ кутишларга барҳам берилмаган. Бу борада ҳеч қандай жавоб йўқ.

Давлат раҳбари завод директори Шавкат Умрзоқовга навбатларга барҳам беришни топширган эди. Топшириқ бажарилмаган, завод директори рекорд ўрнатгани ҳақидаги хабарлар билан Президентни алдамоқда, аҳолини эса қийнамоқда. Ўша йиғилишдаги Президент айтган халқни рози қилиш талаби қачон бажарилади. Биз бу савол билан Монополияга қарши кураш қўмитасига ҳам юзландик.

Монополияга қарши кураш қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги қуйидагича жавоб қилди. “UzAuto Motors” АЖ томонидан айрим турдаги автомобилларни 2023 йил декабрь ойида етказиб бериш муддати билан тузилган шартномалар юзасидан олиб борилган ўрганишларда ушбу ҳолат “UzAuto Motors” АЖнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб белгиланаётганлиги қайд этилди.

Яъни қўмита ва унинг ҳузуридаги агентликка кўра, компания имкониятидан келиб чиққан ҳолда автомобилларни етказиб бериш учун маълум узоқ муддатга шартнома қилмоқда. Истеъмолчи ва завод ўртасида қайд қилинган шартномадаги ана шу узоқ муддат бузилсагина, агентлик истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилади, холос. Қўмитанинг жавобига эътибор беринг, «ўрганишларда ушбу ҳолат “UZAUTO MOTORS” АЖнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб белгиланаётгани аниқланди», деб ёзади қўмита.

Демак, завод имкони борича ҳаракат қиладида, деб Монополияга қарши кураш қўмитаси монополь заводни ҳимоя қилаяптими? Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчиларни ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги бу жавоб билан истеъмолчини ҳимоя қилаяптими ёки заводними? “Uzauto motors” раҳбари Умрзоқов февраль ойида Автосаноатга бағишланган йиғилишда иштирок этган ва Президент топшириғини бажаришга сўз берган.

Аммо, Президент талаби ҳамон бажарилган эмас.

Модомики, аҳолига навбатсиз автомобиль етказиб беришга заводнинг имконияти етмас экан, нега Умрзоқов Президентга ёлғон ваъда берди? Нега йиғилишда Президент талабини бажара олмаслигини тан олмади? Давлат раҳбари талаб қилган халқни рози қилиш талаби устунми ёки «кресло» муҳимми?

Rost24 сайти Президент томонидан берилган топшириқларни бажара олмаётган раҳбар ва вазирликлар ҳақида ёзишда давом этади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
33
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.10.2022 13:37
"АВТОМОТОРС"нинг оркаси зур шунинг учун хеч ким тегина олмайди. Шу сабабли кунглига келган ишни килиб юрибди. Узи хон куланкаси майдон.
24.10.2022 10:50
Хамма жой қоғзбозлик расм бўлиб кеттди.
24.10.2022 10:49
Хамма жой қоғзбозлик расм бўлиб кеттди.
24.10.2022 03:51
Мани мошинам хам 8 ойдан бери келмади. Жентра
24.10.2022 00:24
Noxaqlik navbat uzoq mashinalar sifatsiz chiqayapti dardimizdi kimga aytamiz
23.10.2022 22:26
Фойдаси йўқ бу мақолаларни вақт кетказиб ёзишдан, GM Ўзбекистон билганини қилади барибир! Машиналарни одамлар олдин 1 йил кутишар эди, эндичи 2 йил, салонга хозир ёзилинг 35000 тадан кўп одам кутишяпти!
22.10.2022 02:02
Bularning orqasida kimdir bo‘lmaganda, allaqachon zavod yopilib ketgan bo‘lar edi. Rastamojka ham 0%ga tushib ketgan bo‘lar edi. Bu vaziyat qachon amalga oshadi, bunisi yolg‘iz xudoga ayon.
19.10.2022 13:25
Сунъий навбат ташкил этиб машина нархларини оширишга харакат киляпди булар
19.10.2022 05:14
Хаммаси эртак! Шу заводни курилмагани яхши эди. Уятсиз Пасткаш Харомхурлар! Киёматда хали жавоб берасизлар, ана ушанда халк сизлардан учини олади!
18.10.2022 21:24
Истеъмолчи хуқуқини қандай қилиб ҳимоя қилади, жавоби оддий: растаможкани енгиллатсин. Тамом вассалом. Завод эса ўз имконияти бўйича ишлайверсин. Нима муаммолигини Бош вазэр Ариповга йўллаш керак.
18.10.2022 16:41
Эй Инсонлар! дунёда нима булаётганидан хабарингиз бор. Россия Украина уруш, Хитой Тайвань уртасидаги келишмовчиликлар булаётганидан телевизорда айтмаса хам ижтимоий тармокларда укиб куриб турибсизлар. Оддий Тайвань дунё буйича микрочип ишлаб чикаришда 60% ни шу мамлакат таъминлайди.Менимча дунёдаги жиддий вазиятлар президентимиз талабини бажариш учун анча кийинчиликлар билан эришилади.
18.10.2022 05:29
Yuragizgayam, qalamizgayam quvvat bersin! Rahmat.
18.10.2022 03:30
Агар Президентимизнинг талабини хам писанд қилмаётган бўлса АВТОМОТОРС рахбариятининг орқасида химоячи сифатида ё Байден ё Си турибти зканда. Бу биринчи. Иккинчидан эса, УзАвто Моторс тақдим қилган шартномага кўра олдиндан тўланган пуллар "Асакабанк"да очилган алохида депозит счётига тушади ва бу пуллар банкда қанча узоқ сақланса Автопром депозит фоизлари (тахм.йиллик 20 - 22 %) хисобига шунча кўп қўшимча фойда кўради. Бу олинадиган фойдани Республика миқёсида хисблаб кўринг ўхў қанча милиард бўлиши мумкин! Шунинг учун Автокорхона омборларида машиналар тўлиб-тошиб ётса хам истемолчига машинани тез етказиб беришдан манфаатдор эмас! Аслида бу олдиндан тўланган пуллар то машина эгасига топширилгунга қадар пул тўлаган шахсники хисобланиши ва ундан олинадиган депозит фойизлари пулни эгаси хисобига ўтказилиши керак! Шу мавзуни ўрганиб мулохаза қилиб ёритинглар.
18.10.2022 03:01
Агар Президентимизнинг талабини хам писанд қилмаётган бўлса АВТОМОТОРС рахбариятининг орқасида химоячи сифатида ё Байден ё Си турибти зканда. Бу биринчи. Иккинчидан эса, УзАвто Моторс тақдим қилган шартномага кўра олдиндан тўланган пуллар "Асакабанк"нинг алохида депозит счётига тушади ва бу пуллар банкда қанча узоқ сақланса Автопром депозит фоизлари (тахм.йиллик 20 - 22 %) хисобига шунча кўп қўшимча фойда кўради. Шунинг учун Автокорхона истемолчига машинани тез етказиб беришдан манфаатдор эмас!
17.10.2022 21:33
Жуда хам тўғри мақолалар ёзаяпсизлар! Барча ваъдавоз, ёлғончи давлат амалдорларининг очиқ матбуотда шармандасини чиқариш бу катта савоб иш! Сизлардан илтимос яна битта ёлғончи, ваъдавоз агентлик бор! Бу коррупцияга қарши курашиш агентлиги! Мана 3 йилдан бери агентлик рахбарининг давлат амалдорларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш йўлга қўйилади деб катта минбарлардан айтилган гаплари хозирча қип-қизил ёлғон бўлиб чиқяпти! Гапининг устидан чиқмаган амалдор виждони бўлса ишдан кетиши керак!