Тошкент шаҳрида тиббиёт ходимларига нисбатан яна бир зўравонлик рўй берди. Яккасарой тумани Тез тиббий ёрдам шифокори М.Б ва ёрдамчиси - фелшер аёл И.Ж аёвсиз калтакланди.
Кеча тунги соат 22:00 лар атрофида Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 87 уй, 19 хонадондан кекса кишининг тоби қочгани маълум қилинган чақирув тушади. Чақирув жойига етиб борган “тез ёрдам” шифокорлари ўз вазифасини бажариб турган вақтида мазкур хонадон фарзанди томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратлар ёғилади. Ҳақоратлар давомли бўлиб, зўровонлик йўлига ўтади ва шифокорни аёвсиз калтаклайди. Ҳатто шифокор ёнидаги фелшер аёлни ҳам қаттиқ зарб билан уриб кетади.
Ана шундай ҳолатда ҳам чақирув манзилидаги беморнинг аҳволини билган шифокорлар уни Республика тез ёрдам шошилинч марказига етказиб олиб келишади.
“Тез ёрдам” шифокорларининг ўзи ҳам оғир тан жароҳати билан айни дамда шифохонада ётибди.
Афсуски, жамиятимизда шифокорларни калтаклаш тобора одат тусига кириб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали шифокорлар калтакланиши ҳақидаги хабарлар тез-тез кўзга ташланмоқда. Аммо қачондир бунга ечим топиладими?..
Президентимиз 2020-йилги мурожаатномасида бундай вазиятларга “Жамиятимизда шифокорларга нисбатан хунук ҳолатлар юз бермоқда. Бу жуда ёмон ҳолат. Шунинг учун шифокорларнинг шароитларини яхшилаш, уларнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, шифокорларга кўпроқ имкониятлар яратиб беришимиз керак", дея муносабат билдирган эди. Бироқ орадан икки йил ўтса ҳам ушбу соҳа вакиллари тўқмоқ остида қолиб келмоқда.
Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари бу ҳолатни ҳам холис ўрганиб, хулосани берадилар деган умиддамиз.