Иноятовгача ва ундан кейин. ДХХ бугун байрам қилмоқда

26.09.2022 18:19

Бугун — 26 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари ўз касб байрамларини нишонлашмоқда. Кун бўйи сана муносабати билан ижтимоий тармоқларда табрик ва тизимни ислоҳ қилишга оид таклифлар акс этган материаллар бериб борилмоқда.

Нега айнан 26 сентябрь?

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 14 сентябрь куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонунга кўра, 26 сентябрь – Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни, этиб белгиланган. Бу сана бежиз танлангани йўқ.

КГБдан ДХХгача

1991 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фармонига биноан ЎзССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) — Миллий хавфсизлик хизматига айлантирилган. 2018 йил 14 мартда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев МХХ органларини ислоҳ қилиш ҳақида фармон чиқарган. Унга кўра, 2018 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарори билан ташкилот номи Давлат хавфсизлик хизмати, деб ўзгартирилди.

Айтиш керакки, КГБ вақтида асосан хизматни бошқа миллат вакиллари бошқарган. 1954 йилдан 1991 йилгача хавфсизлик қўмитасини бошқарган раҳбарлар орасида биронта маҳаллий аҳоли исми шарифини учратмайсиз:

Бизов Алексей Петрович (20 апрель 1954 — 11 февраль 1960);
Наймушин Георгий Федорович (26 февраль 1960 — 14 декабрь 1963);
Киселев Сергей Иванович (14 декабрь 1963 — 25 октабр 1969);
Бесчастнов Алексей Дмитриевич (25 октабр 1969 — 25 октабр 1974);
Нордман Эдуард Болеславович (25 октабр 1974 — 2 март 1978);
Мелкумов Левон Николаевич (2 март 1978 — 24 август 1983);
Головин Владимир Александрович (24 август 1983 — 27 январь 1989);
Моргасов Анатолий Сергеевич (23 февраль 1989 — 12 июнь 1991);

Маҳаллий аҳолидан бўлган илк раҳбар қўмита МХХга айлангандан кейин тайинланди. Алиев Гулам Алиевич 1991 йил 12 июндан 1995 йил 27 июнгача тизимни бошқарган.

Алиевдан кейин тайинланган Иноятов Рустам Расулевич 1995 йилдан салкам 23 йил давомида, яъни 2018 йил 31 январга қадар МХХни раиси эди. 2018 йилда истеъфога чиқарилган Рустам Иноятов раҳбарлик қилган даврда Миллий Хавфсизлик Хизмати мамлакатнинг энг қудратли ва қўрқинчли идорасига айланганди.

2016 йилда ҳокимиятга келганидан буён Президент Мирзиёев МХХ — ДХХнинг қудратини сезиларли даражада чеклади ва унинг кўпгина собиқ генералларининг айблари очилиб қолди ва қамоққа олинди. 

Иноятовдан кейин тайинланган Ихтиёр Абдуллаев ўзбек махсус хизматлари тарихига энг қисқа вақт бошқарган раҳбар сифатида киради - у лавозимда бор-йўғи бир йил ўтирди, холос (2018 январь-2019 февраль).

2019 йил февраль ойида собиқ Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Абдусалом Азизов ДХХ раиси лавозимини эгаллади. Шундан буён у Ўзбекистоннинг асосий хавфсизлик тузилмасини бошқариб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Собиқ МХХ биноси сотилган бўлиб, бу бино маданий мерос сифатида рўйхатга олингани ва унинг сотилиши қонунга хилофлиги ҳақида материал сайтимизда эълон қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
27.09.2022 12:31
Ута савиясиз, фикрлар таркок ва маъносиз макола тайёрланипти...