ШҲТ меҳмонлари учун 580 млн. $ долларга қурилган "Боқий шаҳар"дан репортаж

20.09.2022 12:03

ШҲТ саммити бошланишидан аввал Самарқандда туризм учун қурилган “Боқий шаҳар”да пандемия давридан бери бир-бири билан юз кўриша олмаган президентлар учрашишди. 

Саммит арафасида қуриб битказилган “Боқий шаҳар” мажмуаси 7 гектар майдонда барпо этилган. Халқаро туризм маркази ва Боқий шаҳар учун 580 млн. доллар сарфланган. Марказда 1 та галерея ва қадимий шарқона бозор, 36 та растадан иборат. 14 та ҳунармандчилик устахоналари, 2 та миллий таомлар ресторани қурилган. Президент Халқаро туризм марказининг очилиш маросимида “Боқий шаҳар” келгусида Самарқанднинг ташриф қоғозига айланишини айтган эди.

Бундан ташқари, Халқаро туризм марказида 8 та меҳмонхона қуриб битказилган бўлиб, уларнинг иккитаси 5 юлдузли ҳамда марказдаги меҳмонхоналарда 16 та президент номери ҳам бор. Расмийларнинг айтишича, кейинчалик ҳам бу марказ халқаро спорт олимпиадаларини ўтказиш ва сайёҳлар учун қулай манзил бўлиб қолади.

ШҲТ саммити баҳонасида Самарқандда янги бинолар билан бирга дарахт ва кўчатлар ҳам кўпайган. Туризм марказининг учдан икки қисмини боғ ҳудуди эгаллаган бўлиб, у ерда Германия, Бельгия, Италия ва Голландиядан 50 мингдан ортиқ атиргул, 30 минг туп дарахт ва юз минглаб буталар экилган. Шунингдек, саммит баҳона Самарқанд тозароқ ва кўкаламроқ бўлганини эътироф этиш мумкин.

ШҲТ саммитидан Самарқандга Халқаро туризм маркази ва “Боқий шаҳар” эсдалик бўлиб қолди. Саммитга ташриф буюрган давлат лидерлари Ғарбга қарата айтмоқчи бўлган фикрларини ҳам гапириб ўтди. Улардан бутун дунё нашрлари иқтибос келтирди. Россия президенти Украина Президенти Зеленский билан мулоқот қилмоқчи бўлаётгани-ю, аммо нариги тараф истамаётганини айтди.

Эрон президенти эса АҚШни “хулиган”ликда айблади. Пандемия даврида чегара муаммосига дуч келган Хитой билан Ҳиндистон ўзаро гаплашиб олди. Покистон Афғонистоннинг музлатилган маблағларини қайтаришни сўради. 

Саммит вақтида қуролли тўқнашув вазиятида бўлган Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари ҳам ўзаро суҳбат қурди. Туркия президенти эса Эрон, Россия, Ҳиндистон раҳбарлари билан ёпиқ мулоқотлар ўтказди.   
 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
20.09.2022 20:07
Ammo Internet dahshat ekan, haligacha