Сардоба фожиаси айбдорлари орасида «Темирйўл»нинг икки компанияси бор. Раматов ҳам жавоб берадими? 

18.09.2022 17:05

Жавобгарликка тортилганлар орасида «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж», «Кўприк қурилиш бутлаш», «Сардоба тумани йўллардан фойдаланиш» унитар корхоналари, «UzGip» МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлими, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг Гидротехник иншоотларни қуриш дирекцияси ходимлари бор.  

Kun.uz Сардоба тошқини сабаблари бўйича олиб борилган яна бир суд иши якунига оид маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, жами 29 нафар шахс Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209- (мансаб сохтакорлиги), 243- (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айбли деб топилган.
Судланувчиларнинг 3 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланган. Жумладан, «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси бош директори ўринбосари – Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган М.Х. 10 йилу 3 ойга, Гидротехник иншоотлар қуриш дирекциясида ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Ф.Д. 122 млн 650 минг сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга, «UzGip» МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлими бошлиғи С.Р. эса 133,8 млн сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Айбланувчилар орасида «UzGip» МЧЖ Истиқболли лойиҳаларни режалаштириш бўлимининг 86 ёшли ходими ҳам бор. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари – 68 млн сўм жарима қўлланган.

Қолган судланувчиларга озодликни чеклаш, маълум муддат мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда жарима билан боғлиқ жазолар қўлланган. Жарима жазоларининг энг кўпи базавий ҳисоблаш миқдорининг 600 баравари – 133 млн 800 минг сўм.

Шунингдек, суд ҳукмида судланувчилардан солидар тартибда давлат даромади ҳисобига жами 115 млрд 811 млн сўм ундириш белгиланган.

«Сардоба иши» бўйича 2021 йилнинг 10 май куни ҳам Ўзбекистон Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида ёпиқ суд мажлиси ўтказилган ва бир гуруҳ судланувчиларга жазо тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилояти ҳудудидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиб, сув тошқини юзага келганди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етган. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлган. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.

Маълумот учун: «Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонаси Сардоба сув омбори қурилишида бош пудратчи бўлган. 10 дан ортиқ компания эса — субпудратчи. Гидроиншоот қиймати 1,3 трлн сўмни (404 млн доллар) ташкил этган. Иншоат қурилиши вақтида, яъни 2019 йилгача “Ўзбекистон темир йўллари”ни Очилбой Раматов бошқарган. 

2017 йил май ойида президентга тақдимот маросимида «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг собиқ раиси Ачилбай Раматов (ҳозирги бош вазирнинг биринчи ўринбосари), ўша вақтдаги қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Шавкат Ҳамроев ва «Ўзсувэнерго» раиси Абдуғани Сангинов (ҳозирда «Ўзбекгидроенерго» раиси) иштирок этган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
24.09.2022 10:27
Singlim Raxmat Sizga juda ajojib tug’ri makola yozibsiz ……… bular kamalmiydi chunki Xurmatli bularni xurmat kiladi ……. Sizga raxmat sog buling
20.09.2022 16:08
Асосий айбдорлар колиб кетаётганлиги, жазо пастдагиларга кулланилаётгани хаммага маълум, лекин хеч ким уларга хеч нарса дея олмайди. Сабаби улар хали хамон юкори амалларда утиришибди.
20.09.2022 11:45
Har doim shunday bo‘lgan, amaldor qolib ketaveradi, kaltak kambag‘alni boshida oshaveradi.
19.09.2022 20:24
U javob bera olmaydi, chunki o`tgan darsda qatnashmagan edi
19.09.2022 19:48
Сардоба сув омбори қурилишида темирйўлчиларнинг иштирок этиши кулгили холат, бундай маъсулиятли объектларни фақат махсус қурувчилар қуриши лозим эди, лекин бу ерда бошқа гаплар борки уни хеч ким билолмайди. Сардоба сув омбори кўпроқ пул ювиш объекти эканлигини тушиниш мумкин. Бу объект қурилишида бош бўлганлар сувдан қуруқ чиқиб давлат мукофотлари билан тақдирланиб юришибди.