Бир вақтлар дарахтзор-у дам олиш масканларига бой бўлган пойтахт бугун деярли савдо дўконига айланиб қолди.
Тошкент шаҳар ҳокими дарахтзор бўлган кўплаб ҳудудларни нима учун доим тадбиркорларга бериб юборган? Ҳар сафар Ортиқхўжаевга ошкора равишда дарахтларга зиён етказилмаслиги ҳақида ваъда берадиган тадбиркорлар нима учун бемалол, ҳеч бир хавотирсиз ваъдаларини бузадилар? Нима учун дарахтларни асраш борасидаги қарор ва ҳужжатларини ҳеч бир тегишли масъул бажармаяпти, умуман аҳамиятга ҳам олмаяпти? Бу ишларнинг ортида қайси мансабдорлар турибди?
Сўнгги вақтларда дарахтларни кесиш, табиатга зарар етказиш ҳолатлари шу даражада кўп юз бердики, гўё бу одатий ҳолдек бўлиб қолди.
Статистикага қараганда, 2022 йилнинг ўтган 6 ойида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2300 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган (14 июль ҳолатига кўра). Ҳуқуқбузарларга нисбатан 3,4 миллиард сўм маъмурий жарима ва 4,3 миллиард сўм зарар суммалари белгиланган. 6 ойда жами 882 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган.
Кейинги уч ой давомида ҳам кўплаб дарахтзорлар йўқ қилинди. Хусусан, сўнгги кунларда юз берган Чилонзор ва Учтепа туманларидаги иккита дарахтзордаги жами 100 туп дарахтнинг йўқ қилинишини кўпчилик фаоллар аввалдан билиб, бу ҳақда кўп марта огоҳлантириб келган эди. Аммо бу воқеа барибир содир бўлди, қонунларга тупурган масъуллар эса доимгидек арзимаган жарима тўлаб қутулиб кетишларини билишади албатта.
2019 йилда дарахт кесишга мораторий кучга кирди. Тошкент шаҳар ҳокими эса Чилонзор ва Учтепадаги мазкур ер майдонларини тадбиркорларга 2020 йилда бериб юборган.
Прокуратура кимдан қўрқади?
"Dream house stroy" МЧЖ 58 туп дарахтни тахминан икки кун давомида, туман прокуратурасининг кўз ўнгида бемалол кесиб ташлаган. Чунки дарахтзор Чилонзор туман прокуратурасининг қаршисида жойлашган. Савол туғилади, прокуратура ходимлари мазкур ҳолатни кўрмаганми? Жараённи эртароқ тўхтатиш, бир қанча дарахтларни сақлаб қолиш имконига эга эмасмиди? Ёки уларга кўзларини юмиб туришга буйруқ берилганми? Қолаверса, тадбиркор бу ерни 2020 йил 3 сентябрь санасида олган ва 2 йилгача ҳудудда қурилиш қилинмаса, автоматик равишда бу ер давлат захирасига ўтиши белгиланган. Тадбиркор эса, 7 сентябрь куни, белгиланган муддат аллақачон ўтиб кетганидан сўнг дарахтларни кесиб ташлаяпти. Ер эса ҳозирча давлат заҳирасига қайтарилгани йўқ.
Ҳаммаси жуда ҳайратланарли, жавоби берилмайдиган саволлар кўп.
Ўтган бир йил давомидаги дарахтлар кесилиши билан боғлиқ табиатга етказилган зарарлар миқдори эса ақлни шоширади.
Биргина Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курорт зонасида 700 туп дарахтлар кесилиши ортидан 1,9 млрд сўм зарар ҳисобланган. Бу сумма Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғи ҳудудидаги ҳолатда 288 млн.сўм, Қаршида университет ҳудудида 285 млн. сўм, Андижон вилояти перинатал марказидаги ҳолатда 115,5 млн. сўм, Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 348,9 млн. сўм, юқорида айтиб ўтилган 7 сентябрдаги Чилонзордаги ҳолатда 797 млн 700 минг сўм, Учтепада эса 425 млн 100 минг сўмга баҳоланган. Бу фақатгина жамоатчиликка маълум бўлган, дарахтларни ёппасига кўп миқдорда кесиш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар.
Ҳужжатларга кўра, асосий фаолият йўналиши “Тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати учун техникалар улгуржи савдоси” бўлган "Dream house stroy" бирортаям дарахтга зарар етказмаслик ҳақидаги ваъдаларига, экология бошқармасининг огоҳлантириш ва хатловга олишига, ўзларининг кафолат хати беришларига қарамасдан, ҳудудни баланд тўсиқлар билан ўраб олишган ва дарахтлар кесилган. Бундан ташқари, экологлар баланд тўсиқларни олиб ташлаш ҳақида ҳам бир неча марта мурожаат қилган, тадбиркор эса тўсиқнинг олиб ташланган баъзи жойларини ҳам қайтадан мустаҳкам қилиб тиклаб қўйган.
Учтепадаги вазият эса бундан ҳам ажойиб, қурувчи корхонада ҳатто эгалик ҳуқуқи ҳам йўқ. Шунга қарамай, ҳудуд ноқонуний равишда ўраб олинган. Бунга нисбатан эса ҳеч ким чора кўрмаган.
Эсингизда бўлса, Қарши шаҳрида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатда ҳам айнан шундай вазият юз берганди. Қарши давлат университети дарахтларни кесиш учун уч маротаба мурожаат қилган, ўз навбатида Экология бошқармаси ҳар сафар рад жавобини берган. Университет маъмурияти эса, нимаям қила олардинг дегандек, барибир дарахтларни кесиб ташлаган. Экология фақат жарима қўллаш билан шуғулланадими? Экоқўмита мансабдорлар орасида манфаатдорлар борлиги ҳақида фикр билдирган.
Қўмитага кўра, ҳозирда Тошкент шаҳри бўйича ўртача 5 мингдан ортиқ дарахтлар йўқ қилиниш хавфи остида турибди. Дарахтлар жойлашган ҳудудлар ўраб олинган. Экология қўмитаси буни била туриб, огоҳлантириш ва жаримадан бошқа ҳеч қандай чора кўролмайдими? Дарахтлар кесилишини кутишдан бошқа чораси йўқми? Наҳотки ҳеч бўлмаганда мазкур ҳудудлар тўғридан тўғри видеокузатув остига олиниши мумкин эмас?
Кетма-кет юз бераётган бундай ҳолатлардан кейин, балки Экоқўм ҳам жарималар ундирилишидан манфаатдормикин деган гумонлар туғилиши табиий ҳол.
Қўмита ёки ўз вазифасини мукаммал бажариб, масъулларга буйруқларини бажартириши, ёки фақат ҳужжатларини қонунан жойига қўйиб, амалда ҳеч нарса бажара олмаётганлигини тан олган ҳолда, ваколатини бошқа ташкилотга (масалан, прокуратура, ҳокимиятлар) ўтказиши керак.
Охирги маълумотларга кўра, бугун Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов ҳибсга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берган.
Бўлим бошлиғи 9 сентябрь куни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбланиб (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат ёки жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказиш), ҳибсга олинган.
«Фарҳод Деҳқонов асосий вазифаси экология ва атрофни муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш керак бўлган ҳолда, ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, гўёки дарахтларни кўчиришга рухсат берганлиги важи билан уларнинг нобуд қилинишига шароит яратиб берган», — дейилади хабарда.