Ҳокимлар ҳар бир янгилик, ислоҳот, ҳатто инқирозлардан ҳам унумли фойдаланиб қолишмоқдами?
Икки йил олдин республикамизнинг жанубий чекка ҳудудида иш бошлаган «Surxon Cotton Textile» хорижий корхонаси МЧЖ атрофида гап-сўзлар кўпая бошлаган эди. Шу боис унинг атрофида бўлаётган воқеаларни биз ҳам ўрганиб кўрамиз.
Мазкур кластер Қизириқ туманида 765 та оилавий пудрат билан шартнома тузиб, 4700 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаган, хориждан юзлаб замонавий техникалар олиб келган.
Демак 4700 нафар одам хориждан эмас ўзининг маҳалласидан иш топган. Аммо янги ташкил бўлган бу тузилмалар олдида ҳам муаммолар пайдо бўлмоқда экан.
«Surxon Cotton Textile» хорижий корхонаси ҳуқуқшуносининг келтирган важлари бўйича юқори ташкилотлар томонидан берилган ҳужжатларга назар соламиз.
Президентимиз ташаббуси билан иш бошлаган Кластерлар самара бера бошлагач, Сурхондарё вилояти ва Қизириқ тумани ҳокими рентабеллиги паст бўлган Қизириқ туманида ҳам инвесторларни жалб қилган ҳолда кластер ташкил этишни таклиф этишади.
Шу таклиф асосида 2020 йил декабрь ойида Сурхондарё вилояти халқ депутатларининг Қизириқ туман Кенгаши тумандаги фермер хўжаликлари ер майдонларини туман ҳокими ихтиёрига қайтариш ва янги ташкил этилган кластерга ажратиш учун қарор қабул қилади.
Шу қарор асосида Қизириқ туманидаги жами 25 313 гектар ер хатланиб, туман ҳокими захирасига олинган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 августдаги қарори билан «Surxon Cotton Textile» МЧЖ йўналишига тўғри келадиган 24 300 гектар ер майдони ушбу кластерга 25 йил муддатга ижарага берилади.
Қарор чиққан муддатдан бошлаб барча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, контур чизмалари белгилаб берилган. Кластер ҳам ўз ўрнида шу кундан бошлаб 24 300 гектар ерга солиқ тўлашни бошлайди.
Аммо бошқа бир тарафдан муаммо бошланган экан.
«Surxon Cotton Textile» МЧЖ раҳбарияти арз қилишича, ҳужжатларда 24 300 гектар ер кўрсатилган. Аммо уларга салкам 22 минг гектар ер ажратилиб берилган. Контурда кўрсатилган 2 400 гектар энг унумдор ерлар эса кластерга берилмаётган экан. Ваҳоланки, ҳужжат асосида 24 300 гектарга солиқ тўланмоқда.
«Surxon Cotton Textile» МЧЖ ҳужжатда бору аммо амалда эгалик қила олмаётган 2 400 гектар ерга икки йил ичида 743 миллион сўм ер солиғи, 931 миллион сўм сув солиғи тўлаган.
Солиқ тўловлари бўйича яна бир мисол, кластер келгач, узоқ йиллар фойда кўрмаган, зарар билан келган туман бюджетига биринчи йилнинг ўзида 27 миллиард сўм солиқ тушумлари қилинди. Бу рақам иккинчи йилнинг биринчи ярмида эса қарийб 19 миллиард сўмни ташкил этди.
Юзлаб гектар ерларни ҳеч қандай ҳужжатсиз эгаллаб олган аҳоли далалар бошига ҳатто уй-жой қилиб яшаб келмоқда.
Айни шу масалада Қизириқ туман ҳокимиятидаги масъуллар фикрини ҳам сўрадик. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Отабек Поёновнинг айтишича, кластер туман учун анча аҳамиятли бўлган, 4 мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган. Кластерга бўшатиб берилмаётган 2 400 гектар ер масаласида эса бу туман ҳокимлигининг ерларни захирага олишдаги хатоси эканлигини билдирди.
Воқеалар ривожини қисқача талқин қиладиган бўлсак, рентабеллиги энг паст бўлган туманни оёққа турғизиш учун ҳукумат томонидан шу туманга кластер жалб қилинди, қарорлар чиқарилди, шу қарор асосида тумандаги барча фермер хўжалик ерлари туман ҳокими захирасига олинди, 10 фоиз энг унумдор ерлар эса бўшатиб берилмаяпти. Ерга солиқ тўловлари ҳужжат асосида кластер ҳисобидан кетмоқда.
Турли судларда 4 маротаба кўрилиб, судлар ер кластерга тегишли эканлиги ҳақида ҳал қилув қарорлар чиқарилди. Шунга қарамасдан Қизириқ тумани мутасаддилари ерларни қонуний эгасига қайтаришни пайсалга солиб келмоқда. 2 400 гектар ердан ҳеч қандай тўловларсиз ноқонуний фойдаланиб келаётган собиқ фермерлар эса вақтни имкон қадар йилларга чўзиш учун қайта-қайта судга бериш билан шуғулланмоқда.
Собиқ фермерларнинг қайта-қайта судга беришининг яна бир мантиқсиз томони шундаки, улар қарор чиқарган Вазирлар Маҳкамасини судга берган.
Аслида қонунан олиб қараганда, ерлар Сурхондарё вилояти халқ депутатларининг Қизириқ туман Кенгаши қарори билан захирага олинган.
Шу ерда ҳокимлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун янгилик бўлган тузилма – кластерларни ҳам халққа ёмонотлиқ қилиб кўрсатаётгандек, назаримизда.