Президент Админстрацияси раҳбари ўринбосари даражасига кўтарилган Комил Алламжонов масъулиятли вазифага тайинланганини эълон қилганига ҳали бир ой ҳам бўлмасидан манфаатлар тўқнашувини юзага келтирди.
Алламжонов лавозимга тайинлагач, дастлабки чиқишида келажакда масъулиятли вазифасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслигини ва бошқаларга ҳам шуни маслаҳат беришини таъкидлаган эди. Маслаҳат бериш осон, аммо амал қилиш бошқа экан…
Давлат мулозими эгаллаб турган лавозими юзасидан Президент билан Саудия Арабистонига сафар қилди. Сафарни ёритиш масалаларига у бевосита таъсир қилиш ваколатига эга шахс ҳисобланади. У бундан фойдаланган ҳолда Президентнинг Умра зиёратига бағишланган махсус ҳужжатли фильмни ўзига тегишли бўлган (ҳозирда бошқаруви бошқаларга топширилган) «Миллий» телеканалда намойиш этишга имкон яратиб берди.
Манфаатлар тўқнашуви қачонки сен эгаллаб турган лавозимдан фойдаланиб оммавий манфаатни эмас, фақат ўз шахсий манфаатингни ўйлаб қарор чиқарганингда содир бўлади. Бизнинг 20 август куни қилган суриштирувимизга кўра, бошқа хусусий телеканалларга Президент Умра зиёратини тўлиқ суратга олиш имкони берилмаган ва тайёр тўлиқ лавҳа ҳам уларга тақдим этилмаган.
“Миллий” телеканалда 20 август куни соат 19:30 узатилиши керак бўлган ҳужжатли фильм Алламжоновнинг яқин ҳамкасби Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг расмий телеграм тармоғида ҳам реклама қилинди.
Биз шу вақтгача Асадовнинг расмий каналида бошқа хусусий телеканаллар кўрсатуви реклама қилингани ҳақида хабар топа олмадик. Асадов илк бор ўзига яқин ҳамкасби Алламжонов таъсис этган канал кўрсатувини реклама қилаётганида касбий этикани бузганини сездимикан? Асадов ўз расмий каналида “Миллий” телеканалдаги кўрсатув эълонини реклама ҳуқуқи остида тақдим этмаган бўлса-да, реклама тўғрисидаги қонунчиликка кўра логотип ва кўрсатув вақти, жойини эълон қилиш реклама ҳисобланади. Ҳудди шу тарзда эндиликда расмий давлат амалдори бўлган Комил Алламжонов ҳам ўзининг расмий мақомдаги сайтида ўзи таъсис этган (ҳозирда бошқаруви топширилган) телеканалини реклама қилди. Бу хусусий оммавий ахборот воситаларининг ўзаро соғлом рақобатига жиддий таъсир қилмайдими?
Бу воқеалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик (аксарият журналистлар) Алламжонов яна ўзининг шахсий бизнеси тарғиботи варивожи учун давлат берган ваколатлардан фойдаланаётганини таъкидлади. Шундан сўнг яна бир хусусий каналлардан бирида Президентнинг Саудия Арабистонига қилган ташрифи бўйича алоҳида кўрсатув ташкил қилинди. Аммо, ўз ҳамкасби таъсис этган телеканални реклама қилган Шерзод Асадов бошқа хусусий каналдаги Президентга тегишли кўрсатувни эълон қилмади. Нега?
Биз, давлат амалдоридан Президент ишонч ва фармон билан тайинлаган маъсулиятли вазифасини бажаришда шахсий манфаатларини аралаштирмаслигини сўраган бўлар эдик. Зеро, Алламжонов ўзи манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслигини таъкидлаган ва бошқаларга ҳам шуни маслаҳат берган эди.
Тушунамиз маслаҳат бериш осон, аммо уни бажаришинг қийин бўлади, айниқса, шахсий манфаат турганида…