Тошбўрон остида қолаётган ўзбек тили: Собир Шукуровнинг ишлаш вақти ҳали келмадими?

17.08.2022 16:59

Ўзбек тили учун фидойилар жон куйдирмоқда, асл вазифаси Давлат тилини ҳимоя қилиш бўлган ҳукуматнинг департаменти эса ором олмоқда  

Айни кунларда «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг давлат тилига талаб белгиланган моддаси “тошбўрон” қилинмоқда. Департамент мудири Собир Шукуров эса пистирмада жон сақлаётгандек, жим...

“Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг давлат тили талаби тўғрисидаги банди бир неча кунлардан буён қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Аниқроғи рекламаларда давлат тили устунлигига урғу бериш тўғрисидаги банд танқидлар остида қолди. Бу бандни қўллаб-қувватлаган адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатовага нисбатан ҳам кескин танқидлар ёғилган. Айни мана шу баҳслар фонида эса асосий вазифаси давлат тили устида ишлаш бўлган Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Собир Шукуров негадир ҳеч қандай муносабат билдирмаяпти.

“Реклама тўғрисида”ги янги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади. Таржималар давлат тилида берилган ҳарфлар ҳажмидан кичик бўлиши талаби қўйилган ва у реклама тахтасини 40 фоиздан кўпроғини эгаллаши мумкин эмас. Янги қонун жорий йилнинг 9 сентябрь санасидан кучга киради, аммо кўча кўйдаги реклама пештахталарида ҳозирча ўзгариш сезилаётгани йўқ.

Бу ҳақида хавотир билан ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдирган Шаҳноза Соатова ҳозирча ҳужумлар остида қолмоқда.

Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти интернет сайтида мазкур муҳокамалар юзасидан биронта чиқишлар йўқ. Ташкилот раҳбари Собир Шукуровнинг департамент мудири сифатидаги махсус телеграм каналини ҳам топа олмадик. Шукуровнинг фейсбукдаги саҳифасида ҳам биронта давлат тили мавзусига оид чиқишлар учрамайди.

Департамент сайтида 8 август санасида Бухоро вилояти, Вобкент туманида «Реклама тўғрисида»ги Қонун бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати материали, Қашқадарёда айни масала юзасидан олиб борилган ишлар ҳақидаги хабарни ҳисобга олмасак янги қонун устидаги муҳокамалар бўйича чиқишлар қилинмаган.

Собир Шукуров Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбарлигига тайинланганда rost24.uz сайтида тобора абгор бўлиб бораётган тизимни янада йўқликка маҳкум қилиш учун шундай раҳбар қўйилганига хавотир билдирилган эди.

Шу вақтгача тил ҳақида куюниб бирон сатр ёзмаган, ярим оғиз гап айтмаган Собир Шукуров мана департаментга раҳбар этиб тайинланганига 3 ой бўлган бўлсада, ҳамон жим.

Бугун, ижтимоий тармоқларда давлат тили масаласига бефарқ қолишнинг ўзи жиноятдек қаралмоқда. Тил борасидаги баҳслар, ахборий урушлар доим авжида. Ўзбекистон давлат тилини ҳимоя қилганларнинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолмоқда, аммо департамент ва Собир Шукуров гўёки ойда яшаётгандек бу баҳс ва мунозаралардан бехабар кўринади.

Rost24.uz сайти 3 ой аввал кўтарган саволларини яна такрорлайди:

Хўш раҳбар қўйилди. Нима сабабдан? Қайси каромати учун? Қандай ишларни бажаргани учун шу жойга муносиб кўрилди?

Оддий ва ҳақли саволларга жавоб беришни, энг аввало, ҳукуматдаги масъуллар ўйлаши керак ва бу юзасидан жамоатчиликка ҳисоб беришлари зарур. 

Биз эса ишлаш ўринига ором олаётган, ҳордиқ чиқараётган амалпарастларни кузатишда давом этамиз. Қачонлардир уйқудан турар, нима дедингиз?..  

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
18.08.2022 00:16
Uning oʻzi oʻzbek tilini bilmasa kerak