Коррупция — давлат бюджетини ўмариш йилдан йилга Ўзбекистонда ортиб бормоқда
Бегзод Мусаев, Агриппина Шин, Бахтиёр Саидов, Абдуқодир Тошқулов раҳбарлик қилаётган вазирликлар давлатга 1 трлн. 282 млрд. сўм моддий зарар етказган.
Бу 2020 йилга нисбатан 3 баравар кўп. Коррупциялашган ҳудудлар бўйича Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Тўра Боболов ҳокимлигидаги вилоят ва шаҳар етакчилик қилмоқда.
Бу ҳақида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги ялпи мажлис олдидан бўлиб ўтган мажлисида таъкидланди. Ҳозирча бу ахборотни инкор қилиб биронта ташкилот чиққан эмас.
Сенат хабарига кўра, аксарият коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда банк тизими ташкилотларига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилган.