Rost24.uz ахборот таҳлилий сайтида давлат ташкилотида ишламайдиган аёлларнинг ижтимоий ҳимояси борасида бир нечта мақола ва репортажлар эълон қилинган.
Хусусан, Олий Мажлис Сенаторларидан хусусий секторда фаолият юритувчи аёлларга ҳам давлат томонидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўлаб бериш амалиёти жорий қилинишини сўраб мурожаат қилган. Жумладан, 29.12.2021 куни эълон қилинган "Сенатор Гадоев Ўзбекистон аёлларини гадога айлантирмоқчими?" мақоласида Ўзбекистон ҳукумати бюджет ташкилотларида ишламайдиган аёллар учун ҳам ижтимоий ҳимоя "декрет" пулини тўлаб бериш амалиётини қачон йўлга қўяди, саволи ўртага ташланган эди.
Ўшанда саволга жавобан Олий Мажлис Сенатори Эркин Гадоев хусусий тадбиркорлик объектида ишлайдиган аёллардан бюджет пулини қизғониб бу амалиёт жорий этилмаслигини билдирганди. Бироқ, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Сенат томонидан бюджет ташкилотида ишламайдиган аёлларга "декрет" пули тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 26 июль куни аҳоли турмушини яхшилаш ва тадбиркорлар фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар муҳокамаси юзасидан йиғилишда эса худди шу масала кўтарилиб, эндиликда, яъни 1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган аёлларга ҳам давлат бюджетидан 2 миллион сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб бериш тўғрисида қарор қабул қилингани айтилди.