Сенатор Гадоев хусусий тадбиркорлик объектида ишлайдиган аёллардан бюджет пулини қизғонмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати бюджет ташкилотларида ишламайдиган аёллар учун ҳам ижтимоий ҳимоя "декрет" пулини тўлаб бериш амалиётини қачон йўлга қўяди?
Ҳукумат мажлисларида хотин-қизлар ҳуқуқи ва гендер тенглиги ҳақида гапирилса-да аёллар ижтимоий ҳимоясига жиддий эътибор қаратилмаётгандек.
Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якуни бўйича бўлиб ўтган матбуот анжуманида rost24.uz мухбири хусусий тадбиркорлик субъектида ишловчи аёлларнинг "декрет" пули масаласи қачон Олий Мажлиси Сенати томонидан кўриб чиқилиши бўйича саволни ўртага ташлаган эди. Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмита раиси Эркин Гадоев rost24.uz кўтарган мазкур масалага узил-кесил қуйидагича жавоб қилди.
Эркин Гадоев Меҳнат кодексида хусусий субъектлар ҳам кодексда назарда тутилган моддага кўра, ўзлари "декрет" пулини ишчиларига тўлаб беришга мажбур эканлигини эслатди. Акс ҳолда фуқаролар иш жойини судга бериш ҳуқуқлари бор, деди Эркин Гадоев. Журналистнинг бюджет томонидан аёл фуқаролар ижтимоий ҳимояга олиниши, уларга бюджет томонидан "декрет" пули тўлаб берилиши масаласи эслатилганда у “хусусий субъектларнинг ўзи ишчиларини декрет пулини тўласин”, дея қатъий жавоб қилди.
Бироқ биз биламизки, амалда аксарият иш берувчилар ходимлар, аёллар, оналар олдидаги "декрет" пулини тўлаш мажбуриятни бажармаяпти. Бу эса нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса, ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда. Шу билан биргаликда, иш билан банд бўлмаган аёлларга ушбу нафақалар тўланмайди. Мазкур ҳолатлар кенг жамоатчиликнинг савол ва мулоҳазаларига сабаб бўлмоқда. Сенатор Гадоев эса бу масалага қайғурмайдиган кўринади.
Халқ хизматида, халқ дарди билан ўтирган сенаторнинг аёл фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси юзасидан билдирган ушбу кескин фикри аҳолини хавотирга солмайдими? Олий Мажлис Сенаторларининг фуқароларни бу тарзда ажратиши қанчалик тўғри?
Бир вақтнинг ўзида мажлисда қатнашган Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Сенат томонидан бюджет ташкилотида ишламайдиган аёлларга "декрет" пули тўлаб бериш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Малика Қодирхонованинг айтишича, ҳозирда хорижий давлатлар амалиёти ўрганилмоқда.
“Хусусий тадбиркорлик субъектида ишлайдиган аёллар ижтимоий ҳимояси ҳам давлат қарамоғида бўлиши лозим, улар ҳам Ўзбекистон фуқаролари, ахир”, дейди Малика Қодирхонова.