Президентга мақтаб кўрсатилган 7 миллион долларлик завод икки йил ўтмай ёпилди

25.07.2022 18:53

Ёки бу ҳам сирли харидорга сотилди… (ми?)

 

Қизиқ-а, миллиард-миллиард сўмга катта бир завод ишга туширилади-ю, нимадир сабаблар кўрсатилиб, кўп ўтмай кимларнингдир қўлига ўтиб кетаверса. 

Завод келажаги ҳақида катта-катта ваъдалар бериб Президентга кўрсатилса-ю, халқнинг корига яраб, давлатга миллионлаб даромад келтиришни энди бошлаганида халқдан олиб қўйилса. Сирли равишда тўхтатилса… Шубҳаланмайсизми? Халқнинг пулига ачинмайсизми? 

***

Наманганнинг Поп туманидаги 7 миллион долларлик Кўмир брикети ишлаб чиқарувчи завод махфий равишда тўхтаб қолди. Айримлар бунинг сабаби дея — заводни юқоридаги амалдорнинг яқини сотиб олгани айтмоқда. Шубҳага ўрин қолдирмаслик учун rost24.uz суриштирув ўтказди. Натижа эса...

Президент қайси вилоятга ташриф буюрмасин, мулозимлар уни доим янги ишга тушган объектлар билан таништиради. Биз биламизки, кўпинча, Давлат раҳбари ташрифига янги дарахтлар экилади, кўчалар тозалаб ёритилади. Баъзида ана шу ташриф учун ёритилган лампочкалардан тортиб, экилган дарахтларгача ҳаммаси вақтинчалик бўлиб чиқади.

Rost24.uz нинг текширувларига кўра, Президент ташрифига ҳозирланган нафақат дарахт ва тоза кўчалар, балки йирик-йирик заводлар ҳам сохта ёки вақтинчалик бўлиб чиқмоқда. Айрим заводлар сотуви тақдири эса ёпиқ эшиклар ортида ҳал бўлмоқда.

Завод нега фаолиятини тўхтатди?

2017 йилнинг ёз ойида Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига қилган ташрифида Поп туманида янги очилган брикет заводи билан танишади. Йилига 500 минг тонна кўмир брикети ишлаб чиқариш қувватига эга завод 160 кишини иш билан таъминлаб келаётган эди. Ушбу завод “Ўзбекистон темир йўллари”  акционерлик жамиятига тегишли бўлган “Поп логистика маркази” унитар корхонасига қарашли бўлган. Мазкур заводда Ангрен кўмир конидан келтирилган хомашё асосида тайёрланаётган 3, 5, 10, 20 ва 30 килограмм оғирликда қадоқланган кўмир брикетлари ёнувчанлиги юқорилиги, кул ҳосил бўлиш даражаси ниҳоятда пастлиги билан харидоргир бўлган. Афсуски, мана салкам икки йилдирки, 7 миллион АҚШ доллари эвазига очилган завод ўз фаолиятини тўхтатди. Аҳолининг эса кўмир брикетларига талаби юқорилигича қолмоқда.

Президентга мақталган завод ҳозирда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган кўмир брикетларини ишлаб чиқараётгани йўқ. Заводнинг ёпилиши сабабини суриштириб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга мурожаат қилдик. Акционерлик жамияти матбуот котибининг маълум қилишича, айни дамда завод сотувга қўйилган. Сотувга чиқарилишинг эса ўзига яраша сабаблари бор экан. Яъни, “Ўзбеккўмир” акционерлик жамияти “Ўзбекистон темир йўллари” АЖдан ажралиб чиққач, кўмир етказиб бериш “Поп логистика маркази” учун қимматлик қилади. Оқибатда кўмир нархлари заводга тўғри келмагани учун брикет ишлаб чиқарувчи завод касодга учрайди. Оқибатда заводни сотишдан ўзга чора қолмаган.

Тушунишимизча, фаолияти Ангрен кўмир кони билан боғлиқ бўлган Попдаги брикет ишлаб чиқарилувчи завод икки йилгина ишлади, холос. Брикет ишлаб чиқаришни кўзлаган 7 миллион долларлик лойиҳа узоқ вақтга мўлжалланмагани ачинарли ва шубҳали ҳолат эмасми?

“Ўзбеккўмир” ва “Ўзбекистон темир йўллари”нинг ажралиши

“Ўзбеккўмир”нинг “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамиятидан ажралиб чиқиши билан завод тўхтаб қолган. Лекин, нима учун 2017 йилда темир йўл таркибига киритилган “Ўзбеккўмир” яна 2 йил ўтиб унинг таркибидан чиқарилади. Шунингдек, "Ўзбеккўмир"нинг ажралиб чиқиши ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори очиқ эълон қилинмаган. 

“Ўзбеккўмир” акционерлик жамиятининг матбуот котиби Неъмат Душаевнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори ёпиқ маълумот ҳисобланади ҳамда ана шу ёпиқ маълумотга кўра, “Ўзбеккўмир” “Central asia energy” маъсулияти чекланган жамиятга ишончли бошқарувга берилган. “Central asia energy” МЧЖ таъсисчиси эса "GORNIE RABOTI" TOO ҳисобланади. "GORNIE RABOTI" TOO Қозоғистонда очилган компания ҳисобланади.

Кўмир брикети ишлаб чиқарувчи завод сотувга қўйилди, аммо...

“Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамияти матбуот хизматии ходимининг хабар беришича, Поп туманидаги Кўмир брикети ишлаб чиқарувчи завод сотувга қўйилган ва ҳужжатлар Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этилган. Матбуот хизмати ходими бизга сотув лот рақами ва бошқа маълумотларни ҳозирча тақдим этмади ва тафсилотларни Давлат активларини бошқариш агентлигидан олишимизни сўради.

Давлат активларини бошқариш агентлигидаги матбуот хизмати ходими маълумотига кўра, ташкилотда Поп туманидаги Кўмир брикети ишлаб чиқарувчи завод ҳақида биронта маълумот мавжуд эмас. У яна маълумотларни аниқлаштириш учун “Ўзбекистон темир йўллари”дан қандайдир ҳужжат берилишини сўради. 

Биз икки ташкилот ўртасида Поп туманидаги Кўмир брикети ишлаб чиқарувчи завод сотувга чиқарилганини тасдиқловчи, уни бошланғич нархи бўйича ҳужжатларни излаб сарсон қолдик. Айни дамда, rost24.uz сайти “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамиятига расмий хат юборган ва жавоб кутмоқда.

Завод ҳақиқатан сотувга чиқарилган бўлса, нима учун Давлат активларини бошқариш агентлиги бу ҳақида маълумот топиб бера олмади? Бутун бошли заводнинг сотувига оид маълумотлар нега кенг оммага очиқланмади? Ижтимоий тармоқларда ва Наманган аҳолиси орасида ушбу заводни ҳукуматнинг юқори қатламидаги амалдор яқини “ўзиники” қилиб олгани ҳақида гап сўзлар ўринлими? Нега тегишли ташкилотлар ҳужжат тақдим этишда сансоларликка йўл қўйишмоқда?

Rost24.uz сайти одамлар оғзидаги гапларга ҳужжат бўлмагунча ишонмайди, аммо ҳужжат топилмаса шубҳага ўрин бор. Шундай эмасми?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
36
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
01.08.2022 20:51
Бу ниҳоятда ачинарли. Айрим мансабдорлар томонидан амалга оширилиб давлат мулки талон-тарож қилинади.
30.07.2022 18:19
Уззгаз4 млрд Йул 3 млрд Темирйкл Яна шунча Узбекистан сизларнинг онангиздан колмаган Ер юткурлар
27.07.2022 09:39
Гулла яшна хур Ўзбекистон. Бизда маддохлик порахўрлик тугамас экан юксалиш бўлмайди. Ўлим жазосини жорий қилиш керак. Порахўрлик авж олган юртда яшаяпмиз. Қонунлар қоғозда қолиб кетади. Балиқ бошидан сасийган.
27.07.2022 00:40
Угрилар! Халк мулкини угирловчилар! Тугри айтилган "Каждый воруют то, что охраняет "
26.07.2022 20:44
Ажаб ! Ажаб ! Бизнинг замон ажаб-ажаб ! Олий мақсад сари олға !
26.07.2022 19:55
зўр мақола
26.07.2022 19:14
Zominliklar olgan bulsa kerak buni ham
26.07.2022 15:44
Аллох бор ундайларни хисоб китобини килсин один.
26.07.2022 13:39
Коррупцияга карши тузилган агентлик кайерга караябди? Уларнинг озгина биров нонни чайнаб бериши шартми?
26.07.2022 12:45
Жуда ýринли суриштирув бýлибди. Охиригача курашиб, заводни талон-тарож ķилаётганлар жавобгарликка тортилиши керак.
26.07.2022 03:11
Molodets rost24
26.07.2022 02:50
ВМни 02. 07. 2015 й. 177 сонли қарорига асосан Кўмир брикет ишлаб чиқариш бўйича давлат дастури қабул қилинган. Шунга ишониб тадбиркорлар хам милярд - милярд пул сарфлаб заводлар қурди. Лекин 2018 йилдан бошлаб Ўзбеккўмир қозоғистонлик " инвестор" ларга совға қилинди. Натижада барча тадбиркорлар касодга учраган. Попдаги давлат пулига қурилган брикет заводдан ташқари хар - бир вилоятда камида бештадан брикет цехлар милярдлао эвазига қурилиб, хозир металлом бўлиб ётибди. Агар яхшилаб суриштирув олиб борилса жуда катта махмнациялар очилади. Мен хам тадбиркор сифатида милярд сарфлаб ( Давлатга ишониб) касод бўлганларданман. Мени ФБ сахифамда сизларга керакли маълумотлар бор. Хамкорлик қилишим мумкин. Тел: 94 101 63 75