Қирғизистон ва Ўзбекистон пенсия стажини ўзаро тан оладиган бўлди

18.08.2025 10:21

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси раҳбарияти ва Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси вакиллари ўртасида давлат ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти тўғрисидаги битим лойиҳаси юзасидан музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар бермоқда.

Қирғизистон томонининг ёзишича, битим қуйидагиларни назарда тутади:

пенсияларни тайинлаш учун суғурта стажини жамлаш;
пенсияларни етказиб бериш харажатларини ушлаб қолмасдан, яшаш мамлакатидан қатъи назар, фуқароларга тўғридан-тўғри тўлаш;
икки томонлама ажратмалардан қочиш мақсадида хизмат сафарига юбориш ва муддатларни узайтириш бўйича меъёрлар.

Пенсия стажини ўзаро тан олиш пенсионерлар ушбу мамлакатларнинг қай бирида яшагани ва ишлаганидан қатъи назар, тўловларни ҳисоблашда стаж ҳисобга олинишини англатади.

Битимларнинг асосий мақсади Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг суғурта ва давлат пенсияларини олишда тенг ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, суғурта бадалларини икки марта тўлашни истисно қилишдан иборат, дейди Қирғизистон Ижтимоий жамғармаси.

Келишувларнинг амалга оширилиши икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий ҳамкорлик, жумладан, йирик инфратузилма лойиҳалари («Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон») доирасида қўшимча имкониятлар яратади, дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар