Давлат бошқарувини ўзгартириш, президентга импичмент, бош вазирга ишончсизлик вотуми — Конституцияга таклифлар

19.06.2022 08:22

Давлат бошқарувини ўзгартириш, президентга импичмент ҳамда бош вазирга ишончсизлик вотумини эълон қилиш тартибини жорий этиш, бодикамераси йўқ ички ишлар ходимининг мақомини оддий фуқарога тенглаштириш, ўзбек тилини билишни мажбурий қилиш — Конституция бўйича айрим таклифлар «Газета.uz» материалида.


Ўзбекистон учун 2022 йилнинг энг муҳим ва муҳокамалар марказида бўлаётган мавзуси бу — Бош қонунни ислоҳ қилишдир. Бунинг учун тузилган Конституциявий комиссия томонидан фуқаролар таклиф ва ўз мулоҳазаларини юбориши қулай бўлиши учун турли платформалар яратилди. Шулардан бири meningkonstitutsiyam.uz веб-саҳифаси ҳисобланади.

Бугунга қадар комиссияга келиб тушаётган таклифларнинг умумий сони 36 мингдан ошиб кетди, сайтда ҳар соатда таклифлар сони ўзгариб турибди. Фуқаролар билдираётган таклифлар орасида нафақат Конституцияга тааллуқлиларини, балки умумий қонунчилик нормаларига киритиш зарур бўлган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳам кўриш мумкин. «Газета.uz» аҳоли томонидан юборилаётган қизиқ, муҳим ва ўзига хос таклифларни бир материалга жамлади.

Бу гал тўпланган таклифларга қараб аҳолининг асосий қатлами мамлакатнинг сиёсий ҳаётига ҳам алоқадор бўлишга қизиқаётганини кўриш мумкин. Мисол учун Умиджон Ҳакимов исмли фойдаланувчи давлат бошқарувини республикадан Конституциявий монархияга ўзгартиришни таклиф қилган. Унинг бунга асоси эса қуйидаги суратда:

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходими Саидахмад Ишанходжаев эса бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми институтини жорий этиш, мазкур ҳуқуқни эса парламентга топширишни таклиф қилмоқда. У бунга Германия ва Грузия қонунчилигини асос қилиб кўрсатган.

Конституциянинг 20-боб, 98-моддасига киритиладиган ўзгартиришларга кўра, вотум Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.


Сайт фойдаланувчиларидан бири Лазизбек Кимсанов Бош қонунга президентга нисбатан импичмент қўллаш тартибини ҳам киритишни таклиф қилган. Унинг сўзларига кўра, президент халқ манфаатига зиён келтирувчи қарорлар қабул қилса, парламентга унга импичмент эълон қилиш ҳуқуқи берилиши керак.

Саидахмад Ишанходжаев яна бир қизиқ таклифни илгари сурган. Унинг фикрича, пенсия, нафақа ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларининг миқдорини ҳар 6 ойда аҳоли ўртасида истеъмол саватчаси юзасидан ўтказиладиган ижтимоий сўровнома асосида белгилаш зарур.

У бунга президентнинг «одамлар эртага эмас, бугун бахтли яшашни истайдилар» деган сўзлари ва Халқаро Меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган 18 та конвенциясини асос қилиб келтирган.

Ражапбай Дурдибаев эса юқоридаги икки таклиф бўйича функцияларни ўзига жамлаган Конституциявий Федерал бюро ташкил қилиш ғоясини илгари сурди.

Унинг фикрича, бюро парламент ва Конституциявий судга бўйсунади, қонунчиликдаги янги тартиб-тамойиллар, ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини назорат қилади. Бундан ташқари, бюро президент, бош вазир, Олий суд раиси ва бошқа олий мартабали лавозим эгаларига «импичмент» (айблаш, танбеҳ ва судга бериш) ваколатига эга бўлади.

Таклифлар орасида Бош қонунга ички ишлар органлари ходимларига бодикамерасиз фаолият юритишни тақиқлашга оид норма киритиш ғояси ҳам илгари сурилмоқда.

Фойдаланувчи Оғабек Юсуповнинг фикрича, ички ишлар ходими фуқаро билан муаомала қилганида бодикамераси ишлаб туриши шарт. Агар ИИБ ходимининг бодикамераси ишламаётган бўлса, ходимнинг ҳар қандай талаби ноқонуний деб топилиши ва бу ҳолатда ходимнинг куч ишлатиши жиноят деб ҳисобланиши зарур.

Таклифнинг эътиборли жиҳати, бодикамераси йўқ ходимнинг мақомини оддий фуқарога тенглаштириш керак. Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро ходим билан бўлган суҳбати видеосини олиш имконияга эгалиги, видео ёзувларнинг ҳар қандай ҳолатда ўчирилиши жиноят жавобгарликка тортишга сабаб бўлишини ҳам киритиш лозимлиги қўшимча қилинган.

Шоназар Сафаев эса ўзбек тилининг обрўсини ошириш мақсадида Конституциянинг 4-моддасига қўшимча тарзида ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўзбек тилини билишга мажбур" деган нормани киритишни таклиф қилмоқда.

Унинг таклифи остида бошқа фуқаро бунга эътироз билдирган ва бошқа йўллар билан ҳам ўзбек тилининг обрўсини кўтариш мумкинлигини таъкидлашган.

Санжар Абдувахидов номи остидаги фойдаланувчи эса 63-моддага Никоҳ йигит ва қизларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади деб ўзгартириш киритиш таклифини берган. Амалда эса Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши келтирилган.

Алим Отегенов эса 75-моддага «Ўзбекистон Қорақалпоғистоннинг ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий, маданий, ижтимоий ривожланиши учун барча зарур молиявий, моддий ташкилий, техник ва бошқада шароитлар яратади. Қорақалпоғистон олий давлат қонунчилик ижро ва суд органларида ўзининг вакилларига эга бўлади» қабилида ўзгартириш киритиш тарафдори эканлигини маълум қилди.

Аноним фойдаланувчилардан бири барча таълим муассасаларида 5 кунлик иш ҳафтасига ўтишни белгилаш тарафдори эканлигини билдирди. Унинг фикрича, ҳафтасига 40 соатдан ортиқ ишлашга мажбур қилган раҳбарларни жазолаш керак.

Гўзал Қодирова эса ҳокимларнинг бир вақтда ҳам ижро, ҳам вакиллик органи раҳбари бўлишини бекор қилишни таклиф этмоқда. У Халқ депутатлари маҳаллаий Кенгашлари раисини — депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайлаш тизимини йўлга қўйиш керак, деган фикрда.

Яна бир аноним фойдалувчи Конституцияга ўзгартириш киритишни референдум ўтказиш орқали фақат халқ томонидан тасдиқланиши борасида нормани қабул қилишни таклиф қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, депутатлар ва сенаторлардан Конституцияни ўзгартириш бўйича хуқуқларини олиб қўйиш лозим.

Зумрат Бозорбоева эса вазирликлар ва агентликлар сонини қисқартириш ҳамда оптималлаштиришни таклиф этмоқда. Бунда у давлатнинг барча функцияларини тўғридан-тўғри бажариши лозимлигини таъкидламоқда.

Искандар Хидировнинг фикрича эса субсидия ва имтиёзлар фақат қонун доирасида жорий қилиниши лозим.

Бошқа бир фойдаланувчи Мавлонбек Жуманиязов эса журналистларга 100 фоиз дахлсизлик кафолатини бериш кераклигини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, журналистга ҳеч ким қаршилик қилиши, журналист жавобгарликка тортилишга дахлсиз бўлиши керак.

Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича таклифларни meningkonstitutsiyam.uz веб-саҳифаси, 1341 call-маркази, почта (Конституциявий комиссияга хат юбориш бепул бўлади)
@meningkonstitutsiyam_bot Telegram-боти орқали юбориш мумкин.

Эслатма: Юқоридаги таклифлар Акмал Саидов бошчилигидаги Конституциявий комиссия йиғилишида муҳокама қилинмаган, у Бош қонун лойиҳасида ўз аксини топиш ёки топмаслиги ҳозирча номаълум.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.06.2022 15:38
А.Шодмонов даврида шикоятларимиз сузсиз урганиларди, муносабат билдириларди. Хозир шу натижа йук. Хеч кандай муносабат йук. Кани давлатни конунига буйсунищ?
19.06.2022 15:08
Куриб чикилиши шарт'тугри таклиф
19.06.2022 14:44
Узбекистон Республикаси Конунчилик палатаси Согликни саклаш Вазирлиги 100%болалар ва катталар поликлиникаси ташкил килиб УАШ тизимини мутлоко бекор килиши керак. Кандай килиб ????Бирдона Врач хам терапивт хам гениколог хам хирург булиши мумкин. Болалар поликлиникаси тулик мутахассислар билан. Катталар алохида булиши керак. Агар кайсидир илмли одам эътибор бераётган булса. Врачлар укимай илм олмай хамма ишни киламан деб 100%саводсиз булиб бормокда. Врач худди халкнинг энагасига айланди. Хусусий касалхоналарни хатто бозоркумлар,фермерлар куриб бошкариб Врачларни ишлатиб халкни кийнатиб пулини шилиб олиб даволамаяпти. Оч колдираяпти оиласини. Согликни Саклаш тизимидаги Кари Аёлни олиб ташлашсин.Эскича гоялар эскича фикрлар факат гаплар . Малака ошириш институтида 70ешда ошган укитувчилар ишлайди. СССРтизими дарслари амалиети янгилик йук. Мен модда асосида езмадим. Лекин СОГЛИКНИ САКЛАШ муаммоларга кумилиб кетган . Факат ёлгонлар Твда айланади.Уятку бу бизга. Утган сафар таълим хакида ёзган эдим. Вазирлик Парламент эмас оддий халк билади муаммони. Шахарнинг уртасида кондецонернинг тагида утирган депутат Бошлик иссик курмаса кийналмагану нимани билади??????. Илтимос. Анорахон шу масалаларни чукуррок урганинглар . Факат хакикатни сизда кураяпмиз.