Янги қоидага кўра, сиз автобусга олд эшикдан чиқишингиз, салонга ўтишдан олдин ҳайдовчининг ёнига ўрнатилган махсус қурилма орқали йўл ҳаққи учун тўловни амалга оширишингиз, шундан сўнггина, салонга киришингиз мумкин. Автобусдан тушишда эса орқа эшиклардан фойдаланишингиз сўралади.
Rost24.uz бу борада аҳоли фикри билан қизиқди ва сўровнома ўтказди.
Жавоблар билан танишинг:
— Тўғри, хорижий давлатларда шу амалиёт бор, лекин бизда бўлиши учун шароит бўлиши керак. Баъзи йўналишлардаги автобусларнинг ҳажми жуда кичкина. Кўриб турибсиз, тирбанд. Айниқса эрталаб, 19-115 сонли автобуслар умуман тирбанд бўлади. Яъни олдидан чиқиб, орқадан тушишнинг имкони бўлмайди. Бунинг учун автобуслар сонини кўпайтириб, кейин шу амалиётни жорий қилиш керак;
— ўз вақтида автобуслар юрса, бунақанги одам кўп бўлмайди. Одамлар 20 дақиқалаб кутади;
— олдин орқа эшиклардан чиқиларди, йўл ҳаққини тўлаб олд эшикдан тушиларди. Энди тескари, ўзи ҳамма нарса тескари бўляпти;
— ҳамма нарса юқоридан бошланадида, яна пастдаги одамарга бу босим ўтказиш деб ўйлайман. Ҳали бунга аҳоли ҳам, тизим ҳам тайёр эмас, - дейишмоқда йўловчилар.
Автобус ҳайдовчилари ҳам айрим муаммоларни санаб ўтишди:
- автобусдан тушишда бемалол, иккита эшик очилади. Лекин, эрталаб тирбандлик пайтларида битталаб одам йўл ҳаққини тўлагунча, кўпчилик навбатда туриб қолади.
— Ундай бўлса, кассада улгуриб бўлмай қолади. Одамлар кутиб қолади. Ҳаммаси электрон бўлса, теккизиб-теккизиб ўтиб кетаверарди. Ҳаммага осон бўлади. Лекин нақд пул масаласи бироз қийинроқ...
Батафсил видеода кўринг:
Маълумот учун: 2021 йил 1 август ҳолатига «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тасарруфида жами 1179 та шаҳар йўловчи автобуси мавжуд. 2014 йилда бу рақамлар 1500 та эди.
Пойтахт аҳолиси сони мунтазам ошиб бориши, жамоат транспорти салмоғи эса бунга мутаносиб тарзда ошмаганини кўриш мумкин. Ҳозирда Тошкент шаҳрида жамоат транспортида кунлик ўртача 940-950 минг йўловчи ташилмоқда.
Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясига кўра "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик жамияти корхоналари ҳаракат таркибини 2022-2025 йилларда 1 063 та, шу жумладан, 673 та электр қувватида ишлайдиган автобусларни харид қилиш йўли билан янгилаш дастури амалга оширилади.