«Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Тоҳиржон Турдиевдан кутилмаган ва ажабланарли иқтибослар:
— Ҳамма жойда кўмир ва газ етарли. Аммо тушунтириш ишлари олиб борилмагани сабабли аёллар таппи қилишда давом этмоқда
— Таппидан чиқиш учун жойларда тушунтириш ишлари маҳаллабай тизимида олиб борилмоқда.
— Тушунтириш ишлари олиб борилган жойларда таппидан фойдаланиш камайиб бормоқда. Яқин кунларда бу нарсадан халос бўламиз.
***
«Кўмир ва газ етарли бўлишига қарамасдан ўзбек аёллари таппи қилишдан воз кечаётгани йўқ. Ўзбекистон қишлоқларида иситиш учун кўмир, ошхона учун суюлтирилган газ етарли даражада, аммо тушунтириш ишлари олиб борилмагани сабабли аёллар таппи қилишда давом этмоқда», дейди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Тоҳиржон Турдиев.
Айни дамда, Ўзбекистон қишлоқларида таппи тайёрлаш мавсуми бошланиб кетган. Чекка қишлоқ аҳолиси қиш мавсумини асосан таппи ёқиш билан ўтказади. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ҳамон табиий газ етишмаслиги сабабли аҳолининг таппи тайёрлаб келиши кескин танқидларга сабаб бўлади.
Rost24.uz сайти мухбири «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Тоҳиржон Турдиевни мазкур масала юзасидан саволга тутди.
Амалдор мутасаддининг жавобига кўра, Ўзбекистон аҳолиси ошхонада фойдаланиш учун суюлтирилган газ ва иситиш тизими учун кўмир маҳсулоти билан етарли даражада таъминланган. Аммо, шунга қарамасдан аҳоли орасида жуда кам миқдорда таппидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилиб туради. Тоҳир Турдиевнинг айтишича, айрим одамларга таппидан фойдаланишдан воз кечишлари учун тушунтириш ишлари олиб бориш лозим. «Ҳудудгазтаъминот» ҳар бир хонадонни суюлтирган газ ва иситиш учун кўмир билан таъминлаб келмоқда. «Таппидан чиқиш учун жойларда тушунтириш ишлари маҳаллабай тизимида олиб борилмоқда. Мана жойларда ҳоким ёрдамчилари ҳам ишлашмоқда, матбуот ҳам бу нарсаларни ёритмоқда. Тушунтириш ишлари олиб борилган жойларда таппидан фойдаланиш камайиб бормоқда. Яқин кунларда бу нарсадан халос бўламиз», дейди Тоҳир Турдиев.
Шунингдек, мутасаддининг айтишича, айрим қишлоқ жойларида молларнинг ахлатидан қутулиш учун ҳам ундан ёқилғи сифатида фойдаланиб келинади. Аслида, «Ҳудудгазтаъминот»нинг омборлари кўмир маҳсулоти билан тўла.