Бухородаги фестивалга хорижликлар 22 кг кумуш ва 10 кг олтин маҳсулотлари олиб келишди

22.05.2022 14:59

25 майга қадар Бухоро шаҳрида биринчи марта Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилмоқда.
 

Унинг ғолибларига 3-5 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Фестивалда иштирок этиш учун хорижий мамлакатлар заргарлари томонидан 22 килограмм кумуш, 10 килограмм олтин буюм маҳсулотлари олиб келинган.

Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Бухоро шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари, айниқса, зардўзлик ва заргарлик юксак даражада тараққий этган.
 

«Устоз-шогирд» анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда.

Бугунги кунда ҳам Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ипак гиламчилик, кулолчилик, кандакорлик, зардўзлик, заргарлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

Жорий йилда эса Жаҳон ҳунармандчилик Кенгаши томонидан айнан Бухоро шаҳрига Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилгани эътиборга моликдир.

Тадбирда кимлар иштирок этмоқда?

Фестивалда Республикамизнинг барча ҳудудларидан 288 нафар ҳунарманд, шулардан 110 нафар заргар, 37 нафар зардўз, 44 нафар каштадўз, 97 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётганлар иштирок этмоқда.

58 та давлатдан 221 нафар хорижлик меҳмон таклиф этилган.

Халқаро фестиваль доирасида гала концерт, миллий либослар кўргазмали чиқишлари, театрлаштирилган томошалар, аския ва қизиқчилар, фольклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурлари намойиш этилади. Арк қўрғони атрофида маҳаллий ва хорижий зардўзлар, заргарлар, ҳунармандлар қўл ишларини намойиш қилиш учун махсус кўргазма павильони ташкил этилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар