Янги Туркманистон: Ажабтовур тақиқлар, катта ташқи қарз ва ворис президент

19.05.2022 14:37

Март ойида Туркманистонда бўлиб ўтган президентлик сайлови якунларига кўра, мамлакатнинг амалдаги раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов 72,9 фоиз овоз билан президентликка сайланган эди.

Туркманистонда, конституцияга кўра президент мамлакатда тўлиқ ҳокимиятга эга, унинг ваколати муддати чекланмаган. Мустақил Туркманистон тарихида икки президент бўлган: Бердимуҳамедов ва Сапармурод Ниёзов.

Расман президентликдан кетган бўлсада, Гурбангули Бердимуҳаммедов Халқ маслаҳати яъни мамлакат юқори палатасига раис сифатида фаолиятинни олиб бормоқда. Бир қатор катта тадбирлар ва учрашувларда катта Бердимуҳамедов иштирок этган. 

Антиқа қилиқлари билан тилга тушган давлат раҳбари: «Арқадағ» ёки «Туркменатор»?

Мамлакатни 15 йил бошқарган президент Бердимуҳамедов катта сиёсат сари йўлини тиш докторлигидан бошлаган.

Бердимуҳамедов ўзининг ғалати ва кулгили қилиқлари билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига қаратиб келган.

Туркманистоннинг собиқ президенти ит ва отлари, Рембога ўхшаш ҳарбий кўринишида ўқ узиши, DJлик қилиши, спорт машиналарида пойга ўйнаб, қирувчи самолётларда кино қаҳрамонлари сингари осмонга кўтарилиши ортидан ҳам туркман матбуотида тез-тез кўзга ташланиб турган.

Бердимуҳамедов шеърлар ёзади, отлар ҳақида реп айтган, шунингдек чой, доривор гиёҳлар ҳамда бошқа нарсаларга бағишлаб китоблар ёзган.

Туркманистон унинг бошқаруви даврида ҳам дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири сифатида қолди, хорижда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилувчи давлатлардан бири сифатида кўрилишига қарамасдан туркман расмийлари буни кескин рад этиб келишади.

          Ажабтовур тақиқлар

Яқин ўтган йиллар давомида бутун дунёни эгаллаган коронавирус пандемияси ҳам Туркманистонда расман тан олинмаган эди. Четда инсон ҳуқуқларига беписандликда ва иқтисодни рисоладагидек бошқара олмасликда танқид қилинувчи Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда «бирор бир коронавирус ҳолати қайд этилмагани»ни доимий таъкидлаб келган.Туркманистоннинг давлат назоратидаги оммавий ахборот воситаларида «коронавирус» сўзини қўллаш тақиқланган, ҳатто бу сўз тиббий ахборот брошюраларидан ҳам олиб ташланган эди. Гигиеник юз ниқобини тақиб юрган одам, ҳатто вирус ҳақида суҳбатлашаётган одам ҳибс қилиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан.

Шунингдек, Туркманистонда аёллар машина ҳайдаши, уларни олд ўриндиққа ўтиришига оид тақиқларга ҳаракатлар бўлаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган. Қолаверса, бу мамлакатда аёлларнинг тор кийим кийиши, киприк ёки тирноқ ўстириши, пластик операциялар қилдириши тақиқлангани ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказида бўлиб турибди.

Умуман олганда Туркманистон ҳар доим ғалати ва баъзан ақл бовар қилмас хабарлар туфайли дунё эътиборига тушиб турувчи дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири сифатида кўрилади, давлат матбуотни тўла назорат қилади, хориждаги ахборот сайтлари блокка тиқилган.

«Бўйнингни узаман!»

Собиқ давлат раҳбари ижтимоий тармоқларда «Туркменатор» лақаби билан тез-тез тилга олинади.

41 ёшли кичик Бердимуҳамедов ҳам отаси каби спорт, автомобиллар ва тулпорларга қизиқади, давлат нашрлари ота ва ўғил биргаликда сайрларга чиққани, спорт мусобақалари ва автораллида қатнашгани акс этган лавҳаларни намойиш этиб туради.
 

Маълумоти бўйича технолог-муҳандис бўлган Сердар Бердимуҳамедов ҳукумат тепасига келгунига қадар Туркманистон парламенти депутати, Москвадаги Туркманистон элчиси маслаҳатчиси ва Женевада Туркманистоннинг БМТдаги доимий вакили лавозимларида ишлаган, ТИВда фаолият кўрсатган, саноат вазирлигига раҳбарлик қилган ва Ахал области губернатори бўлган.

Ахалда у билан ишлаган собиқ ходимларнинг сўзларига кўра, меҳнат фаолиятида кичик Бердимуҳамедовнинг севимли ибораси «Бўйнингни узаман!» бўлган.

Ишда ходимларга ўз хоналарини заруратсиз тарк этиш тақиқланган, хонадан чиққанда мутлақо шовқин қилмаслик талаб қилинган.

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон фанлар академиясида номзодлик диссертациясини ёқлаган, техника фанлари доктори даражасини олган, у «Туркманистонда хизмат кўрсатган мураббий» фахрий унвонига эга.

Жорий йил 12 мартда Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташаббуси билан бўлиб ўтган сайловларда янги сайланган президентнинг ҳукумат раҳбари сифатида илк бажарган иши – Вазирлар Маҳкамасини тўлиқ таркибдаги истеъфога чиқариш бўлди.

Мамлакатда иқтисодий вазият ўзгармоқдами?

Янги президент сайланганига жуда оз муддат бўлди, бу даврдан бирор бир йирик сиёсий ўзгаришлар кутиш имконсиз.

Аммо туркман ОАВлари чоп қилган 2021 йил маълумотларига кўра, давлат иқтисодиётининг қатор асосий соҳалари кредит юкламаси билан оғирлашган, чет эл қарзлари ошиб бормоқда.

Экспертлар айни дамда қарз юкламаси мамлакат иқтисодиётидаги вазиятни издан чиқарувчи жиддий омил деб қарашмоқда.

Маълум бўлишича, ҳозир мамлакатда ижтимоий иқтисодий вазият мураккаб. Мавжуд барча ресурслар қарзни тўлашга, жумладан, газ соҳаси ва инфратузилмаларни модернизация қилишга кетмоқда. Бундай шароитда жамиятдаги ижтимоий кескинликни пасайтириш жуда қийин. 

Шунингдек, йил бошида Қозоғистонда кузатилган вазият ҳам мазкур қарорга сабаб бўлганлиги энг катта сабаблардан бири сифатида кўрилган.

Айни вақтда Туркманистонда аҳоли учун истеъмол маҳсулотлари, жумладан, нон, ун, ёғ ва бошқа маҳсулотлар етишмаслиги, улар учун охири кўринмайдиган навбатлар кузатилаётгани айтилади. 

Газ манбалари бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи давлат нега бундай оғир иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолди?

Экспертларга кўра, авторитар бошқарувда жамият маҳрум қилиш ва куч ишлатиш орқали ушлаб турилади, Туркманистондаги авторитаризм эса дунёдаги энг малакасиз, примитив ва тажрибасиз бўлган авторитар режимлардан бири ҳисобланади, Туркманистон иқтисодиётидаги бу пастлаш сабаби бошқарув модели малакасизлиги ва коррупция ниҳоятда кучлилигидир. Аммо ҳукумат расмийлари, Туркманистон матбуоти ва мамлакат ичидаги фуқаролар буни рад этиб келишади.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар