«Германия режаси» амалга ошганида, Ўзбекистон бир аср олдинда бўларди»

18.05.2022 23:59

Бундан бир аср аввал Туркистонни қолоқликдан қутқариб, одамларни саводли қилишга бел боғлаган жадидчилик ҳаракати намояндалари ёшларни Европага ўқишга юбориб мамлакатни тараққиётга бошлайдиган кадрлар етиштиришни мақсад қилади.

Шу мақсадда 1922 йилда Туркистондан илк талабалар гуруҳи Германияга ўқишга юборилади. Катта орзулар билан бошланган лойиҳа афсуски, ҳибслар, сургун, ўлим ҳукми билан якун топади. 

Уларнинг аянчли тақдири ҳақида 18 май - Халқаро музейлар куни муносабати билан «Қатағон қурбонлари хотираси»музейида ташкил этилган «Улар Германияда ўқиган эдилар» номли фото-кўргазманинг очилиш маросимида сўз борди.

Музей директори Бахтиёр Хасановнинг қайд этишича,  талабаларнинг Германияга юборилиши, таълим олишида ўша вақтдаги нисбатан бадавлат бўлган ўзбек зиёлилари, хусусан Файзулла Хўжаевнинг алоҳида ўрни бор.

 - «Ўша даврда ёшларимиз ичидан ўқийман, деганини саралаб олиб, илм-фан ривожланган Европа мамлакатларига: Германия, қардош халқлардан Туркия, Озарбайжон (Баку) каби давлатларда ўқитиш учун ўзлари ҳаракатларини бошлаганлар. Маблағ тақчиллик пайтларида катта роль ўйнаган инсонлардан бири, Бухородаги энг кўзга кўринган бойнинг ўғли бўлган Файзулла Хўжаевнинг роли ниҳоятда катта бўлган.

Бизда Германия ва «Баку»да ёшлармиз учун ётоқхона сотиб олгани ҳақида маълумотлар бор», — дея тарифлайди у.

«Қатағон қурбонлари хотираси» музейи катта илмий ходими Баҳром Ирзаевнинг аниқлик киритишича, талабаларни Германияга ўқишга юбориш 1922 йилнинг сентябрь ойидан декабрь ойигача давом этади. 

«Кейин ҳам, яна талабаларни юборишга ҳаракатлар бўлди, бироқ амалга ошмайди, яъни бир мартагина юборилади. 1924 йилга келиб эса уларни она Ватанга қайтариш чоралари кўрила бошлади. Чунки, СССР Файзулла Хўжаев ёки Акмал Икромовлар кутган кадрларга эга бўлишини истамади. Шунинг учун 1924 йилнинг охиридан стипендиялар тўхтатилиб, уларга босимлар ўтказилиб, айримларини калтаклаб ўлдириш, таҳқирлаш ва ичларидан жосус танлаб олиб, ички ахборотдан хабардор бўлишга ҳаракат қилинади», — дейди у.

Шунингдек, Баҳром Ирзаев талабаларнинг орасида иккинчи синф ўқувчиси ҳам бўлганини айтди:

«Талабаларнинг аксарият қисми жуда ёш бўлган. Уларнинг ичида тўққиз ёшли, яъни иккинчи синф бола ёки 13-14 ёш болалар ҳам бўлган. Улар ҳали ўзини англаган болалар эмасди… Яна аксар қисмининг ота-онаси «қизил»лар томонидан отиб ташланган болалар… Файзулло Хўжаев уларнинг жонини сақлаб қолиш учун бир қисмини Туркияга ўтказиш кераклигини айтади. Улар ёш бўлишига қарамай, қисқа даврда Германиянинг ўзида олим даражасига кўтарилган. Докторлик диссертацияларини ёқлаган. Ишлар тайёр бўлганидан кейин, бир қисми алданиб (совет давлати ўлдирмаса керак, менинг гуноҳим йўқ, деган фикрда) қайтиб келади. Бир қисми, аниқроқ айтганда ўн уч нафари эса воқеалардан махсус хатлар орқали хабар топиб Туркияга ўтиб кетади. Фикримча, бугунги Туркиянинг тараққиётида уларнинг салмоқли ҳиссалари бор», дейди Ирзаев.

Ўша бизга қайтиб келганларнинг ҳаммаси 1937 йилда қамоққа олинади ва отиб ташланади. Илмий доираларга маълум ягона қабр умрини асосан таҳқирлар, қамоқ ва сургунларда ўтказган Марям Султонмуродовага тегишлидир.

Жадидларнинг бу режаси амалга ошганда, туркистонлик ёшлар Ватанга қайтиб ўз илмларини жорий этганларида, қатағонда минглаб ёшлар қатлиом қилинмай, қамалмай юрт ривожига ҳисса қўшганларида Ўзбекистон қандай бўларди?

Тарихчи Анвар Назировнинг фикрича, жараёнлар бутунлай бошқача бўларди. 

«Менинг фикримча, жадидлар бўлганида, хусусан Германияга талабаларни юбориш лойиҳаси амалга ошганида, Ўзбекистон анча олдин мустақил бўларди. Яъни 1991 йилдамас, ундан ҳам олдинроқ. Бу борада кўпгина тарихчилар, шу фикрга келяпти, мен ҳам шу фикрдаман. Масалан, Саттор Жаббор Германияда ўқиган инсон, буюк кимёгар. Унинг барча шогирдлари совет даврида фанлар академияси аъзолари, олимлар бўлишган. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин»,- дейди олим.
Миллатимиз фидойилари сабаб кўп меросимиз асралиб қолди, жиддий ислоҳотлар қилинди. Анвар Назировнинг  маълум қилишича, 1919 йили ўзбек тили йўқ бўлиб кетиш хавфи жуда катта эди. Ўшанда Фитрат ва Файзулло Хўжаев бошчилигида «Чиғатой гурунги» пайдо бўлиб, ўзбек тили сақланиб қолди.

- Ўша режа амалга ошганида Ўзбекистон бир аср ютарди. Туркия сингари ривожланган давлат бўларди. Чегараси бошқача бўларди, денгизга чиқиш йўллари бўларди»,— дея сўзини якунлайди Анвар Назиров.

Маълумот учун: Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистонда 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача ўн минг етти юз киши қамоққа олинган. Булардан уч минг олти юз ўн уч киши қатл этилди, етти минг саксон етти киши саккиз-ўн йил муддатга қамоққа ташланди. Ўша йиллари аҳолининг барча қатламлари қатағон гирдобига тушган. Қатағон, аввало, зиёлилар, дин хизматчиларига қарши қаратилган эди.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
22.05.2022 19:19
A'lo fikr. Ularni taqirlaganlar kimlar? Sizlar shunday qilgansizlar, deb ayta olamizmi? Qachon qarasa ularning tilida burro- burro gapirib, o'zimizning ona tilimiz oyoq Ostin bo'layapti.
22.05.2022 02:51
Биз айбдор топишга бахона кидиришга урганиб колган халк
21.05.2022 00:00
Yashang Meniyam shu savol qiziqtiradi
20.05.2022 23:59
yashang/ o`rinli savol
20.05.2022 16:51
Хурматли тахлилчилар (Анвар Назиров ва бошқалар) Ўзбекитсон 1991 йилдан бери хозирги вақтгача мустақил мамлакат хисобланади, табиий бойликларимиз ўз ихтиёримизда, халқимиз жуда хам мехнаткаш, жуда кўп хамюртларимиз чет элларда ўқиб келган лекин нима учун бугунги кунга келиб Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш бўйича дунё мамлакатлари орасида 140-150 -ўринларда ва дунёга мардикор етиштириб берувчи мамлакат хисобланади? Шуни тахлил қилиб берсангиз фойдалироқ бўларди!